Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:40

Қирғизистон Ўзбекистон билан чегараларини Божхона иттифоқига мослаштиришни бошлади


Қирғизистон 23 декабрда Божхона иттифоқига қўшилиш юзасидан шартномани имзолашни режалаштиргани сабабли Ўзбекистон, Тожикистон ва Хитой билан чегараларини янги талабларга мослаштира бошлади.

Россия ваъда қилган 250 миллион доллардан дарак йўқ

Расмий маълумотларга қараганда, Қирғизистоннинг 13 чегара – ўтказиш пункти 2015 йилнинг 1 январидан Евросиё иқтисодий иттифоқи деб атала бошланадиган айни пайтдаги Божхона иттифоқининг ташқи чегаралари сифатида белгиланди. Мазкур чегара пунктлари орасида Ўзбекистон билан чегарада жойлашган “Дўстлик”, Қизилқия”, “Қайрағоч” ва темир йўлўтказиш пунктлари ҳамбор.

Айни пайтда Қирғизистон мазкур чегаралар Божхона иттифоқи шартларига мослаштира бошланганини эълон қилди.

-Ҳозирги пайтда Евросиё иқтисодий иттифоқи комиссияси белгилаб берган шартлар асосида божхона-чегара пунктларини техник жиҳатдан тартибга келтириш ишлари бошланди. Ҳар бир божхона ва чегара пункти замонавий техник воситалар, яъни портал мониторлари, рентген-сканерлар билан таъминланади. Шунингдек, Божхона иттифоқининг ягона ахборот базасига қўшиламиз ҳамда бошқа давлатлардан ўтаётган товарлар оқимини назоратга оламиз, -деди Қирғизистон Божхона хизмати расмийси Акилбек Борубаев.

Хабарларда айтилишича, Россия Қирғизистоннинг Божхона иттифоқи ташқи чегаралари сифатида белгиланган божхона ва чегара ўтказиш пунктларини замонавийлаштириш учун 250 миллион доллар молиявий ёрдам беришни ваъда қилган. Бироқ шу кунгача мазкур маблағ берилган эмас.

Ўзбекистондан Қирғизистонга, Қирғизистондан Ўзбекистонга ўтаётган маҳсулотлар ҳам қимматлайди

Қирғизистоннинг Божхона иттифоқига қўшилиши ортидан мамлакатга Божхона иттифоқига аъзо бўлмаган давлатлар, жумладан, Ўзбекистон ва Хитойдан олиб келинаётган маҳсулотлар нархи қимматлаши кутилмоқда.

Қирғизистон Ўзбекистон учун Хитой маҳсулотлари олиб ўтиладиган транзит зона ҳисобланади. Шундан келиб чиқилса, Қирғизистондан Ўзбекистонга олиб ўтилаётган Хитой маҳсулотлари нархи ҳам қимматлайди.

Божхона расмийлари Ўзбекистондан ва Хитойдан Қирғизистонга олиб ўтилаётган маҳсулотлар учун бож тўловлари қанча миқдорда оширилиши борасида ҳозирча маълумотлар йўқ эканини айтмоқда.

“Қирғизистон Божхона иттифоқига қарши” жамоатчилик ҳаракати ҳамраиси, иқтисодчи Марат Мусуралиев эса бож тўловлари ва нарх-наво сезиларли тарзда ошиб кетишини башорат қилаётир.

-Божхона иттифоқининг биринчи талаби Хитойдан келаётган маҳсулотлар оқимини қаттиқ назоратга олиш бўлади. Бунгача Қирғизистонда божхона тўловлари либерал шаклда эди. Яъни товарларнинг кўп турларидан оғирлиги ёки ҳажмига қараб бож тўлови олинарди. Энди эса Божхона иттифоқи талабига риоя қилинган ҳолда, олиб ўтилаётган маҳсулотлар доналаб саналади ва ҳар бирига алоҳида, оширилган миқдорда бож тўлови белгиланади, -деди Марат Мусуралиев.

Россия етакчилигидаги Божхона иттифоқига Қозоғистон, Белорус ва Арманистон аъзо давлат ҳисобланади. 2015 йилнинг 1 январидан Божхона иттифоқи номи Евросиё иқтисодий иттифоқи деб ўзгартирилади.

XS
SM
MD
LG