Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:38

Қирғизистон Фонд биржаси валюта бозори учун Ўзбекистон тажрибасини таклиф қилмоқда


Рубл курсининг доллар ва еврога нисбатан тушиб кетиши Қирғизистон Фонд биржасини ташвишга солди.
Рубл курсининг доллар ва еврога нисбатан тушиб кетиши Қирғизистон Фонд биржасини ташвишга солди.

Россия рубли қадрининг доллар ва еврога нисбатан кескин тушиб кетиши ортидан Қирғизистон Фонд биржаси ҳукуматга валюта алмаштириш шаҳобчаларини ёпишни таклиф қилмоқда. Фонд биржаси Ўзбекистон тажрибаси асосида валюта айирбошлашни ҳукумат назоратига ўтказиш тарафдори.

Россия рубли қадрининг доллар ва еврога нисбатан кескин тушиб кетиши ортидан Қирғизистонда бир рубл 80 -90 тийинга тенглашиб қолди. Бунга қадар рублнинг қирғиз сўмига нисбатан қиймати 1.5 сўм атрофида эди. Қирғизистон Фонд биржаси бу жараёндан жиддий ташвиш билдирди.

Фонд биржаси президенти Назар Ниязовнинг айтишича, агар рубл билан боғлиқ вазият шу тарзда давом этадиган бўлса, у ҳолда қирғиз сўмининг доллар ва еврога нисбатан қадри ҳам кескин пастлаб кетиши, Қирғизистонда молиявий инқироз юзага келиши мумкин.

Шу муносабат билан Назар Ниязов Ўзбекистон ва Туркманистон тажрибасидан келиб чиқиб, қирғиз ҳукуматига валюта айирбошлаш шаҳобчаларини ёпишни ҳамда бу жараённи ҳукумат назоратига олинишини таклиф қилмоқда.

- Банклардаги баланс ва пул муносабатларини назорат қилиш осон. Валюта айирбошлаш шаҳобчаларини назорат қилиш эса жуда мураккаб иш. Айни пайтдаги вазиятдан фойдаланган тадбиркорлар тил бириктирган ҳолда Миллий банк сотаётган валютани улгуржи сотиб олса ва бу валютани хорижга чиқаришни йўлга қўйса молия бозорида инқироз юзага келади. Бундай шароитда Қирғизистон сиёсий раҳбарияти валюта айирбошлаш шаҳобчаларини ёпиш ҳақида қарор чиқарса ва валютани банклар орқали назоратга олса мақсадга мувофиқ бўлар эди, -деди Қирғизистон Фонд биржаси президенти Назар Ниязов.

Фонд биржаси таклифига Қирғизистон Тадбиркорлар кенгаши кескин қаршилик билдирмоқда. Кенгаш раиси Чингиз Макешовнинг айтишича, валюта айирбошлаш шаҳобчаларининг ёпилиши Қирғизистонда Ўзбекистонда бўлгани каби қора бозорнинг шаклланишига сабаб бўлади.

-Тасаввур қила оласизми, агар ҳукумат валюта алмаштириш шаҳобчаларини ёпиб ташласа пули кўп одамлар қандай ҳаракатларни бошлашини? Аввало, валютанинг асосий қисми қора бозорга ўтиб кетади. Чунки валюта алмаштириш шаҳобчаларида, яъни хусусий шахсларда валюта жуда кўп. Иккинчидан, қора бозордаги валюта асосан хориж давлатларига олиб чиқиб кетилади, -деди Чингиз Макешов.

Қирғизистонлик экспертлар ҳукуматга валюта бозори масаласида Ўзбекистон тажрибасини қўлламасликни тавсия қилиб, бу тажриба Қирғизистонни жар ёқасига олиб келибқўйиши мумкинлигини айтмоқда.

Қирғизистон иқтисодиёт вазирлиги расмийлари валюта бозори масаласида экспертлар фикрини қўллаб қувватлашини билдирган:

-Бугунги кунда Миллий банк олиб бораётган сиёсат жуда тўғри йўлдан бормоқда. Шунинг учун ҳам сўмнинг хорижий валюталарга нисбатан қадри сақланиб турилибди.Валюта айирбошлаш шаҳобчаларининг ёпилиши эса Қирғизистонни ривожланишдан ортга суриб ташлайди. Валюта бозорини бозор механизмларига таянган ҳолда бошқариш биз учун мақбул йўлдир, -деди Иқтисодиёт вазирлиги расмийси Насирдин Шамшиев.

XS
SM
MD
LG