Бароқ қошларига оқ оралаган ёши элликлардаги киши Аросат қишлоғи чойхонаси ҳужраси эшигини тортиб, этиклардан илашган лой қотиб қолган остонани ҳатлади.
Эшик очилиши биланоқ димоққа урилган тамакию ароқ, пиёзу турп, кир сочиғу чанг, пайтава-пайпоқнинг қўй ёғи ҳидига омухта қўланса ҳидидан остонани хатлаган киши бурун жийирмади.
Бароққош бароқ қошларини чимириб, остона хатлаётган сонияда ҳужрадаги сўри тўрисида ўтирган одам шанғи овоз билан пойгакда этигини қўлантаёқ кияётган жиккаккина кишига гап уқтираётган эди:
- Эй, Обид, газакка колбасанинг ҳалолидан ол, тузукми? Устига ҳалол, деб ёзиб қўйган бўлади. Ўқиёлмасанг, сотувчига айт. Анавундан бир шиша олиб тур, керак бўлса, кейин яна зинғиллаб бориб келоврасан...
Шанғининг гапи тугаб-тугамай, Обид Бароққошга қўл узатган-кўришган бўлдию ўқ ургандай чиқди-кетди.
- Ҳа, келдингми, Аванс ҳожи...
Бароққош жавоб қилди: “Омонмисан, Қўрс?”
Аванс ҳожи сўрига чиқиб, Қўрснинг ёнига чўкди, қўл очиб, дуо қилди. Қўрс телефон ушлаб турган икки қўлидан бирини жағига тегизиб қўйди - дуога қўшилган бўлди.
- Қалайсан, Аваз?
Қўрснинг саволи оҳангидан у чиндан ҳам Авазнинг аҳволи қандай эканлигига қизиқаяпти, деб бўлмасди. Киши бу оҳангдаги саволни ойна олдида соқол олаётиб, ўз аксига ҳам бериши мумкин.
- Анув иш нима бўлаяпти?
Мана бу энди анчайин конкрет савол: қачонгача сени Аванс ҳожи деймиз, қачон Аваз ҳожига айланасан, навбатинг 5 йилдан бери келмайди, келаси йилги рўйхатга кирибсанми, деган бир арава саволни Қўрс битта жумлага жойлади:
- Анув иш нима бўлаяпти?
- Кеча бориб келдим идорага, ваъда беришдию, - деган бўлди Аваз.
- Тримай кишеню ширше! - деб қўйди Қўрс.
Ҳарбийни хохоллар юртида ўтаган Қўрснинг шунақа хохолчаю ўрисча гаплари кўп эди. Маъносини ўзи тушунтирмас, болалик ўртоқлари-улфатлари эса, сўрамас, нима демоқчилигини у айтган нотаниш гап-сўзнинг оҳангидан тушуниб олаверардилар.
Қўрс бу гал “Хомтама бўлма”, деди гўё - Тримай кишеню ширше!
Аванс ҳожи Қўрснинг хохолча луқмаси маъносини ўзича тушунишгa уриниб тураркан, уккикўз, пакана Обид бир қўлида шиша, иккинчи қўлида колбасаю иккита нон билан; ёнида озғин, найнов киши билан кириб келди.
- Кел, Чўт, - деди Қўрс, - чиқ бу ёққа, ўтир.
Чўт сўрига чиқиб, узун-қотма гавдасини икки жойидан букди-да, Қўрснинг бу ёнига жойланди.
Дуо қилган бўлдилар.
Обид опкелган нарсаларини дастурхонга тузай бошлади.
- Ножўя себе?! - деворди Қўрс қўлида ўйнаб ўтиргани телефонидан кўз узмай, қўшни вилоятда қуёш электростанцияси қуришибди.
- Яхши, - деб қўйди Обид катта-кичик учта учуқ пиёлага ароқ қуяркан.
Қўрс бирпас жим бўпқолди – телефоннинг "ичига тушиб кетди".
- Ножўя себе, а чо так дорого?! Ножўя нужна такая дорогая станция?
Аванс ҳожи биладики, Қўрс ўрисчага ўтдими, демак, гап жиддий.
- Каттайканми, нечипулга қуришибди? - боядан бери бир сўз айтмаган Чўт қўшилди гапга.
- 700 минг кўкига қурилган станцияни тўки 14 оилага етаркан, холос, - деди ўзбекчага қайтган Қўрс.
- Таак, битта оилада ўртача 5 киши. 1 оилага станциянинг 50 минг доллари тўғри кепти. 30 миллион киши - 6 миллион оила, - дер экан, Чўтнинг дами ичига тушиб кетди. Ўзича пичирлаб бир нарсалар деган бўлди. Ҳисоби чиқмади шекилли, “Чўрт”, дедию бошқаларга қарамай, битта пиёладаги ароқни даст кўтариб, ўрадай оғзига қуйвордию ароқ кириб кетган тешикдан “ҳуфф”, деб дам чиқариб, кетидан деди:
- 300 миллиард. Долларда. Бутун мамлакатга қуёш станциялари тўкини етказишга шунча пул керак бўларкан...
- Ножўя себе?! - яна ўрисчага ўтди Қўрс. Чўтнинг бирпасда шунча пулнинг ҳисобини чиқариб қўйганиданми ё пулнинг катталигиданми, ҳар қалай ҳайратини қаерга сиғдиришни билмай қолди: ти смотри, во дают а...
Чўт яна жимиб кетди – Аванс ҳожи унга разм солиб ўтираркан, мийиғида кулиб қўйди: митириғи мит этмайдия бу Чўтнинг, гўё бу дунёнинг ҳисоб-китобини чиқариб бериш учунгина келган оламга. Ўзи айтган рақамнинг катталигигаям ҳайрон бўлмади. Йўлидан бир сумка доллар чиқиб қолсаям, санаб, тахлаб, устига неча пуллигини ёзиб қўйиб, кетаверса керак.
- Ҳалол бўларканми унақа станцияни тўкида пишган овқат? - сўради Обид Аванс ҳожидан бўшаб қолган учта пиёлага ароқ қуйиб, колбасанинг “...лол” қисмини кесаркан. Колбасанинг “Ҳа..”гача бўлаги газакка ейилиб бўлган эди.
Қўрс Обидга ер остидан қараб, мийиғида кулиб қўйди.
- Буни билмадиму лекин қуёш нурида исиган сув ҳаромлигини биламан, - деди Аванс ҳожи ва жойидан бироз қўзғалиб, қаддини ростлаброқ ўтириб олди.
- Ножўя себе?! - бу гал Қўрс дилига келган бу исён-саволни тилига чиқармади. Диний масалада у Аванс ҳожи билан тортишишдан бироз ҳайиқарди.
Лекин Қўрсда бор андиша Обидда йўқ, шунинг учун у тишлар тўкилиб битган оғзида бир кесим колбасани кавшай-кавшай Аванс ҳожидан сўради:
- Сен қаердан биласан?
- Шайх Муҳаммад Муҳаммаднинг сайтида ўтган йили ўқиганман. Шайх ҳазратлари шу мазмундаги саволга "Қуёшда исиган сув билан таҳорат ва ғусл қилиш макруҳ", деб жавоб берганлар.
- Ҳужжат келтирганми шайхинг?
Обиднинг бу саволидан энди тошдай беун ўтирган Чўт ҳам бир қўзғалиб қўйди.
- Йўқ, - деди Аванс ҳожи. Жавобидан ўзининг кўнгли тўлмади, шекилли, қўшиб қўйди:
- Шайх ҳазратларининг ўзлари ҳужжатлар!
- Унда википедиядаги гап нима бўлади? - Чўтнинг қўзғалиши бесабаб эмас эканлиги шу саволидан билиниб қолди.
Қўрс учун янгилик бўлди Чўтдан википедия, деган сўзни эшитиш:
- Ну, ну, нима депти википедиянг?
- "Қуёш нури ҳар қандай кир сувни тозалайди, дезинфекция қилади", деган.
Аванс ҳожи бўш келса, ютқизиб қўйиши мумкинлигини ҳис қилди. Ютқизиқ нафақат унинг, балки шайх ҳазратларининг ҳам ютқизиғи бўлади-я! Ана, Обид ҳам лабларини чўччайтира бошлади: ҳозир бир нарса деворадигандай бўлиб ўтирибди.
- Эй, сен Чўт тоза билан ҳалолни адаштирма, бу иккаласи бошқа-бошқа нарсалар, агар билсанг...
Шундай қилиб, Аросатда туғилган, болаликдан "битта кўрпада тепишиб" ўсган, битта синфда ўқиб, бир-бировини уйлантирган, ўғиллари Россиядан жўнатадиган пулнинг бир қисмини чой пулига майдалаб, баҳорни ёзга, кузни қишга улаб вақт ўтказаётган, бир-бировига суяниб қолган тўрт улфатга бугунги оқшом баҳсига етарли мавзу, Обиднинг эса гузардаги дўконга яна бир марта чиқиб келишига баҳона топилди...
Аванс ҳожи чойхонадан қайтиб келаётиб, бутун Аросатда яна чироқ йўқлигини билган бўлса-да, уйга кириб, беихтиёр ёқиб кўрди. Ёнмади. Шамни доимги жойидан қийналмай топди. Ёқди. Қўлида шам билан даҳлиздан катта уйга мўралади: хотини гумбаздай қорнини қаппайтириб, хурракни вадаванг қўйиб, ухлаб ётибди.
Ғийқиллатмасликка қанчалик тиришмасин, эшикни ёпаётувди, овоз чиқди. Кейин ичкарида бир нарса “тўп” этди – хотини ёнбошига ағдарилган бўлса керак. Уч-тўрт кесим колбасаю бир-икки бурда нондан бошқа ҳеч нарса емагани учун очиққан Ҳожи овқат емоқчи бўлди. Қараса, ўти ўчиб қолаёзган печка четида усти ликоб билан ёпилган чинни коса турибди. Косани қўлига олиб қаради, мастава суви тортилиб, суюқ шавлага айланиб қопти. Бир-икки кавладию егиси келмади.
Ечинди. Таҳоратини янгилаб келди. Хуфтанни бошлади.
Намозни бошладию хаёлида боя чойхонада ўртоқлари билан пишитиб, “белларига тугиб” олганлари гап – шаҳарга тушиб, биттадан қуёш батарейкаси олиш тўғрисидаги гап лип этиб бошқа томони билан айлана бошлади.
Аллоҳу акбар...
“Батарейкада ҳосил бўлган тўкни электросетнинг симига улайсан, деб талаб қилишмайдими?”
Аллоҳу акбар...
“Уни ўрнатсам, солиқчи келиб бошимни қотирмасмикан?”
Аллоҳу акбар...
“Қўрс балониям билади, нега боя шуларни гаплашмадиг-а?”
Бирдан қуёш батарейкасининг Чўт чизиб кўрсатган сурати Ҳожининг эсига тушдию хаёлига дафъатан келган фикрдан товонларигача музлаб кетди.
“Қуёш батарейкаси анув тарелка антеннага ўхшаб кетарканми? Сен шунинг ёрдамида чет элдаги экстремистлар билан алоқа қилиб турасан, деб қамаб қўйишса, нима қиламан?”
Бирдан пайдо бўлган ваҳима Ҳожини соқов қипқўйди. Ўнлаб йиллардан бери ҳар кун беш маҳал ўз-ўзидан шириллаб айтилаверадиган намоз оятлари айтилмай қўйди - гўё тили тутилиб қолди.
"Астағфурилло", деди Ҳожи.
Нечанчи ракаатни ўқиётганини эслашга уринди. Эслолмади.
Намозни тўхтатди.
Ўрнидан туриб чойнакни қидирди-топди. Жўмрагини оғзига солувди, аччиқ шамадан бошқа нарса чиқмади. Пақирга чўмич ботириб, муздай сув ичди. Бир чўмичини ичиб қўйди.
Совуқ сув кўкрагини ёндираётган оловни ўчиргандай, ғовлаб кетган бошини тиндиргандай бўлди.
Печка ёнидаги доимий жойига чўкди. Дўпписини олиб, бошини қашиди.
“Ке, нима қиламан шу батарейкани, шусиз ҳам мана кунимиз ўтаяпти-ку?! Бошимга ғалва ошириб нима қиламан?”
Хаёлига келган энг сўнгги фикр масалани узил-кесил ҳал қилди-қўйди:
“Шу битта батарейкани деб, Ҳажга бориш навбатим яна ўтиб кетмасин”.
Ва бирдан енгил бўпқолди Ҳожи.
Енгил турди ўрнидан.
Жойнамозга турди.
Такбир айтди.
Намозни бошлади.
Енгил ўқий бошлади.
Хушуъ билан ўқий бошлади.
Мазза қилиб ўқиди.
Салавотларни айтди.
Узун дуо қилди.
Намозни битирди.
Танаси роҳат олди.
Руҳи ором олди.
Қушдай енгиллади.
Танаси эриб кетгандай бўлди.
Бу шу қадар фавқулодда янги ҳис эдики, ҳатто қўрқиб кетди. Беихтиёр ўнг қўли сўлини ушлаб қўйди.
Ўзини шаффоф сезди.
Хаёлига келган ғалати фикрдан кулгиси қистади.
“Ҳозир шамни кўтариб, тошойна олдига борсам, ўзимни кўрармиканман?”
“Кўринаман-кўраман, албатта”, деди.
Аксини-жасадини ойнада кўриб қолиб, топиб олгани янги ҳисдан мосуво қолишдан қўрқди-қизғанди.
Шу тахлит анча ўтирди-ўтираверди.
Ғалати. Ғалати-я?!
Нега бу енгиллик, бу шаффофлик ўтиб кетмаяпти?
Ҳожининг кўнглига яна ваҳм ўрмалай бошлади.
Ўрнидан шаҳд турдию жойнамознинг ўнг томонида турган шамни олиб, тошойна олдига борди.
Ҳожи кўзгуда акси-жасадини кўрмади.