Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:42

Хориждаги ўзбекистонлик фаоллар виртуал президентлик сайловини ўтказмоқчи


Виртуал сайлов комиссияси сайтидан скриншот.
Виртуал сайлов комиссияси сайтидан скриншот.

Ўзбекистон ташқарисида яшовчи ва расмий Тошкент сиёсати мухолиф қарашда бўлган бир қатор фаоллар март ойи охирига белгиланган президентлик сайловида ўзбек мухолифатидан номзодлар иштирок этиши учун имконият йўқлигини ҳисобга олиб, виртуал сайлов ўтказиш ташаббуси билан чиқдилар.

Глобал тармоқда уюштирилаётган бу сайлов бўйича ташкилий ишлар Виртуал сайлов комиссияси томонидан амалга оширилади. Бу ҳақда Озодликка хорижда тузилган Виртуал сайлов комиссияси матбуот котиби, мустақил журналист Улуғбек Бакиров маълум қилди.

Суҳбатдошимизга кўра, ўзбекистонлик фаоллар Виртуал сайлов комиссияси тузиш қарорига уч кунлик маслаҳатлашувлардан кейин келганлар.

Давра суҳбати иштирокчилари комиссия раислигига “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоевани кўрсатганлар. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ва ҳуқуқ ҳимоячиси Абдужалил Бойматов раис ўринбосарлари, мухолифат фаоли Муҳаммадсолиҳ Абутов эса комиссия мувофиқлаштирувчиси этиб сайланганлар. Виртуал сайлов комиссияси тузиш ғояси тарафдорларининг Россия, Қозоғистон ва ўзбек муҳожирлари ишлайдиган бошқа мамлакатларда ҳам кўп эканини урғулаган Улуғбек Бакиров хавфсизлик нуқтаи назаридан уларнинг исмларини очиқлаёлмаслигини қистириб ўтди.

Виртуал сайлов комиссияси матбуот котибига кўра, Интернет тармоғида уюштирилаётган президент сайлови сиёсий режим туфайли Ўзбекистондаги сайловда иштирок эта олмаётган сиёсатчилар учун яхши имкониятдир. Айни пайтда Улуғбек Бакиров виртуал президент сайловида шу кунда Ўзбекистонда яшаётган кишилар ҳам номзод сифатида қатнашиши мумкинлигини ҳам айтди.

- Насиб қилса, 26 январь куни баёнотимиз чиққанидан кейин номзодлар билан қандай ишлаш (айтилади), партиялар ва ташкилотлардан номзодларни рўйхатга олиш бошланади. Кейин уларнинг (номзодларнинг – таҳр.) таржимаи ҳоли, фотосуратлари қўйилади. Номзодларга оид критерийлар бугун, Худо хоҳласа, якшанба оқшомида (комиссия аъзолари томонидан) ҳал қилиниши кутилаяпти, - деган Улуғбек Бакиров 25 январдан бошлаб комиссия махсус сайти ишга тушгани, бу сайт орқали ўзбекистонликлар шу йилнинг 1 мартидан 29 мартигача ўзлари истаган номзодга овоз беришлари мумкинлигини қўшимча қилди.

“Бу каби комиссия ташкил этилишидан кўзланган мақсад нима?” деган саволимизга Виртуал сайлов комиссияси раиси, ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева қуйидагича жавоб берди:

- Виртуал сайлов ўтказишдан мақсадимиз Ўзбекистонда шаффоф, демократик сайловлар йўқлигини кўрсатиб қўйиш учун қилинаётган ҳаракатдир. (Ўзбекистондаги президент сайловига) муносабат билдирмасдан, томошабинлар бўлиб туришдан кўра, мана шундай бир усуллар билан ўз муносабатларимизни билдириб, сайловга жаҳон ҳамжамиятини эътиборини кўпроқ жалб қилишга ҳаракат қилиб кўрдик, - дейди Мўътабар Тожибоева.

Виртуал сайлов комиссияси раиси бу тадбирда хориждаги мухолифатчи партиялар ва ташкилотлар фаол иштирок этишига умид қилаётганини яширмади.

Айни пайтда Виртуал сайлов комиссияси вакиллари Интернет орқали сайлов ўтказиш механизмлари ҳали мукаммал ишлаб чиқилмагани эътироф этаркан, овоз бериш жараёнида расмий Тошкент томонидан кутилган ва кутилмаган провокациялар бўлиши мумкинлигини ҳам истисно қилмаяптилар.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 29 мартида Ўзбекистонда президент сайлови ўтказилиши кутилмоқда. Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси мамлакатда фаолият юритаётган ва расмий Тошкент позициясини қўллайдиган тўрт партиядан амалдаги президент Ислом Каримов дохил тўрт номзодни рўйхатга олган. Айни пайтда расмий Тошкентга мухолиф қарашдаги партиялар вакиллари аввалги сайловларда кузатилгани каби бу сафарги сайловда ҳам давлат раҳбари лавозимига номзод бўлиш имкониятидан маҳрум қолганлар.

XS
SM
MD
LG