Сўнгги бир ой ичида Қирғизистонда чегарани ноқонуний кесиб ўтган 10 нафар ўзбекистонлик қўлга олинди. Йил бошидан бери эса икки давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтгани расман айтилган ўзбекистонликлар сони, матбуотга маълум қилинган фактларга таянилса, камида 15 кишини ташкил қилди. Улардан бир нафари қирғиз чегарачилари томонидан оғир яраланган.
Охирги пайтларда Қирғизистон Чегара хизмати ўзбек-қирғиз чегарасини ноқонуний кесиб ўтаётган шахслар сони кўпайиб бораётгани ҳақида тез-тез маълумот тарқатмоқда. Мана шундай сўнгги хабар 3 март куни эълон қилинди. Хабарда айтилишича, Ўзбекистоннинг беш нафар фуқароси мамлакат жанубидаги Боткен вилоятида қўлга олинган.
-Чегарабузарлар чегарачиларни кўрганида қочишга ҳаракат қилган. Улардан бири Ўзбекистоннинг Сўх анклави ҳудудига қочиб киришга муваффақ бўлган. Ҳозир қўлга олинганлар Қадамжой туман милициясига ўтказиб берилди, -деди Қирғизистон Чегара хизмати расмийси Гулмира Бўрибаева.
Ўтган ойда эса қирғиз чегарачилари етти нафар ўзбек фуқаросини чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда айблаб, ҳибсга олган эди.
Жорий йилнинг 18 январида Наманган вилояти билан чегарадош бўлган Қирғизистоннинг Олабуқа тумани “Кўксерек” чегара заставасида овчилик билан шуғулланаётган ўзбекистонлик уч одам чегарани ноқонуний бузиб ўтиши ортидан отишма содир этилганди.
Ўшанда қирғиз чегарачилари отган ўқдан бир ўзбекистонлик яраланган ва аҳволи оғир экани айтилган мазкур шахс Ўзбекистон чегарачиларига топширилган эди. Қолган икки овчи эса отишма пайтида Ўзбекистонга қочиб ўтишга муваффақ бўлган.
Қирғиз матбуотида эълон қилинган расмий хабарларга таянган ҳолда айтиш мумкинки, январь ойидан март ойининг биринчи ҳафтасигача бўлган даврда камида 15 ўзбекистонлик чегарани бузганликда айбланиб қўлга олинган. Лекин Гулмира Бўрибаева мазкур рақамни ҳақиқатдан анча узоқ деб ҳисоблайди.
-Ўн беш одам қўлга олингани тўғрисидаги маълумот тўғри эмас. Чунки Чегара хизмати фақат икки ва ундан кўп чегарабузар бир вақтнинг ўзида қўлга олинган пайтда расмий хабар тарқатади. Бир одам чегарани бузгани ҳақида кўпинча хабар берилмайди. Бундан ташқари чегара режимини бузган одамлар сони ҳам анчагина. Чегара режимини бузганлар ҳақида ҳам, агар бу жамоатчилик учун жуда қизиқ бўлмаса, хабар берилмайди. Шунинг учун сизда мавжуд бўлган рақам фақат матбуотгагина маълум бўлган фактлардир. Уч ойликнинг натижаларини биз март ойи охирида чиқарамиз ва ўшанда қанча ўзбекистонлик чегарани бузиб ўтгани расман аниқ бўлади, -деди Гулмира Бўрибаева.
Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарани 2010 йилнинг апрель ойида бу мамлакатда рўй берган инқилобдан сўнг бир тарафлама ёпган эди. Бунинг натижасида чегара ҳудудида истиқомат қилувчи аҳолининг борди-келдиси мураккаблашгани айтилади.
Таҳлилчиларга кўра, чегараларнинг ёпиқлиги ва икки мамлакат ўртасидаги 50дан ортиқ ҳудудда чегара чизиғининг шу кунгача белгиланмагани ортидан нохуш воқеалар тез-тез содир этилмоқда.
Қирғизистон Давлат чегара хизмати 2014 йилда чегарадан ноқонуний ўтишга уринган 70 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинганини маълум қилган.Ушланган ўзбекларнинг икки нафари ҳарбий хизматчи экан ва улар қисқа муддатли суриштирувдан сўнг қўйиб юборилган.
2014 йилда ўзбек-қирғиз чегарасида содир бўлган 5 инцидентдан 2 тасида ўзбек чегарачилари томонидан қурол қўлланилган ва натижада бир қирғизистонлик ҳалок бўлган.
Қирғизистон Ўзбек миллий маданий маркази президенти, Қирғизистон-Ўзбекистон дўстлик жамияти раҳбари Бахтиёржон Фаттохов икки давлат ўртасидаги чегараларнинг очилиши чегарабузарлар ва нохуш воқеалар сонининг камайишига сабаб бўлар эди, деб фикр билдирди:
-Халқ жуда қийналди. Фақатгина Бишкекдан самолёт орқали Тошкентга ўтиш мумкинлиги халққа жуда катта қийинчиликлар пайдо қилаяпти. Чунки самолётнинг нархи жуда қиммат. Тўй бор, ўлим-йитим бор, қариндош-уруғ бор, борди-келдини албатта, йўлга солиш керак. Шунинг учун Ташқи ишлар вазирликлари, халқ дипломатияси воситасида чегараларнинг очилиши учун ҳаракатлар бўлаяпти. Биринчи навбатда авваллари ишлаб турган ва ҳозир мавжуд бўлган чегара постларини қайта ишга тушириш керак. Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси орқали шу масалаларни кўтармоқчимиз, -деди Бахтиёржон Фаттохов.
Икки давлат ўртасидаги чегаранинг умумий узунлиги 1378 километрга тенг. Унинг 320 километри ҳозирча аниқланмаган.