Қирғизистонда Апрель инқилобининг 5 йиллиги муносабати билан ёшлар ҳаракатлари ҳукуматдан ҳисобот талаб қилмоқда, президент Атамбаев эса ўзига тегишли бўлган ерни инқилоб қурбонлари хотирасига масжид қуриш учун ажратиб берди.
"Ҳукумат ҳисобот бериши шарт"
Қирғизистонда 2010 йилдаги 7 апрель воқеасидан сўнг ҳукуматни қарийиб бир йил бошқариб турган муваққат ҳукуматнинг 14 аъзоси Бишкек бош майдонига чиқиб, “Инқилоб нега содир этилдию, беш йил ичида нималарга эришилди?” деган саволга жавоб бериши керак. Қирғизистондаги фаол ёшлар ва “Эркин эл” сиёсий партияси мана шундай талаб билан чиқмоқда.
-Роза Ўтунбаева раҳбарлик қилган муваққат ҳукуматнинг 14 аъзоси масъулиятни зиммасига олиб, инқилоб пайтида ҳалок бўлганларни дафн қилиш маросимида кўп ваъдаларни берган эди. Бу ваъдаларнинг қайсиниси бажарилди, беш йил ичида мамлакатимиз қандай вазиятда яшамоқда ва унинг эртанги куни қандай бўлиши ҳақида ҳукумат аъзолари халққа ҳисобот бериши керак, -деди “Эркин эл” партияси раҳбари Мавлян Аскарбеков.
"Инқилоб умид учқунини пайдо қилди"
Қирғиз матбуоти тарқатган хабарларда айтилишича, 7 апрель куни Қирғизистоннинг турли шаҳар ва туманларида инқилоб қурбонларини хотирлашга йиғилган аҳолининг кўпчилиги, беш йил давомида мамлакатда кутилган иқтисодий-ижтимоий ўзгаришлар, ислоҳотлар бўлмаганидан шикоят қилган. Жумладан, Бишкекда ўтган митингда иштирок этган Апрель инқилоби иштирокчиларидан бири мана буларни айтди:
-Қирғизистондаги барча бойликларни, ялтираган нарсаларнинг барчасини бир оила босиб олганига қарши инқилобга чиққан эдим. Аммо шу кунгача биз орзу қилган нарсалар рўёбга чиқмади. Лекин ҳаёт яхши томонга ўзгаради, деган кичкинагина бир умид пайдо бўлди. Мана шу умид билан яшаяпмиз, ҳозирча, - деди инқилоб иштирокчиларидан бири.
Президент инқилоб мақсадига деярли етганини айтди
2010 йил 7 апрель воқеасидан сўнг ҳокимиятга келганлар орасида ҳозирги президент Алмазбек Атамбаев ҳам бор эди. Атамбаев 7 апрель куни сўзлаган нутқида Апрель инқилобидан кўзланган мақсадларга деярли эришилганини, аммо бу ютуқларни “халқ душманлари” кўра олмаётгани ҳақида гапирди:
-Аввалги ҳукуматни эслаб, уларга шу кунгача хизмат қилиб юрган одамлар бор. Улар ёшлар ўртасида харом пул тарқатиб, турли норозиликларни уюштириб, халқни бўлишга, айришга ҳаракат қилмоқда, -деди Атамбаев.
Айни пайтда матбуот президент Атамбаев Бишкекнинг 7 - микрорайонида ўзига тегишли бўлган ерни Апрель инқилоби қурбонлари хотирасига масжид қуриш учун ажратиб берганини ёзмоқда. Масжид “7 апрель шаҳидлари”, деб аталиши айтилмоқда.
2010 йилги апрель воқеалари пайтида махсус хизматлар томонидан отилган ўқлардан президент саройи олдида намойиш ўтказаётган камида эллик минг одамнинг 88 нафари ҳалок бўлган, юзлаб одамлар яраланган эди. Қирғизистон ҳукумати мазкур қотилликлар учун ҳокимиятдан ағдарилгач Минскка қочган собиқ президент Қурмонбек Бакиев ва унинг яқинларини айблаб келади.
7 апрель Ўш қирғинининг дастлабки нуқтаси
Айрим фаоллар Апрель инқилобидан сўнг июнь ойида Ўшда содир бўлган миллатлараро низонинг келиб чиқишида ўша пайтдаги муваққат ҳукумат аъзолари айбдор, деган нуқтаи назарни билдириб келмоқда.
2010 йилда содир этилган Ўш воқеаларида 500га яқин одам ҳалок бўлган эди. Ҳалок бўлганларнинг қарийиб 80 фоизи этник ўзбеклар бўлган. Аммо Муваққат ҳукумат ва ундан кейин ҳокимиятга келган сиёсий кучлар шу кунгача Ўш воқеаларининг содир этилишида Қирғизистондаги бир қатор ўзбек лидерларини айблаб келмоқда.
Аммо Ўш воқеаларини ўрганган Киммо Килюнен раҳбарлигидаги халқаро комиссия Ўш ва Жалолобод фожеасининг энг асосий сабаби “этномиллатчиликка асосланган сиёсий фанатизм” ,“халқаро гуманитар ҳуқуқ нуқтаи назаридан қаралганда, ўзбек маҳаллаларига уюштирилган ҳужумлар инсониятга қарши жиноят” , деган хулосани эълон қилган эди.