Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:35

Ўзбекистон тинчликсеварлик рейтингида 9 поғона пастлади


Ўзбек расмийлари мамлакатдаги тинчлик-осойишталикни ўзларининг энг катта муваффақияти деб тақдим қилишига қарамай, Ўзбекистон бу йил тинчликсеварлик даражаси бўйича жаҳон мамлакатлари орасида 9 поғонага пастлади ва бу борада минтақадаги аксар қўшниларидан ҳам ортда қолди.

Сиднейдаги Иқтисодиёт ва тинчлик институти томонидан ҳар йили эълон қилиб бориладиган Global Peace Index (Жаҳон тинчликсеварлик кўрсаткичи) да Ўзбекистон бу йил дунёдаги 162 мамлакат орасида 113-ўринни эгаллади. Ўтган йили мамлакат бу рейтингда 104-ўринда эди.

Қизиғи шундаки, Ўзбекистон бу йил тинчликсеварлик рейтингида барқарор бўлмаган мамлакат қатори тақдим этиб келадигани Тожикистондан ҳам 5 поғона ортда қолган. Бу мамлакат Global Peace Index 2015 рейтингида 108-ўринни эгаллаган.

Австралия ва АҚШ илмий марказлари экспертлари томонидан ишлаб чиқилган Глобал тинчликсеварлик индекси 20 дан зиёд омилга асосланиб тузилади. Унда ички ва у ёки бу мамлакат аралашган халқаро можароларнинг мавжудлиги ва уларнинг кўлами, бир мамлакат ичидаги барқарорлик ва хавфсизлик даражаси, давлат милитаризацияси – ҳарбий бюджет миқдори, ҳар 100 минг аҳолига ҳарбий хизматчилар, маҳбуслар сони, сиёсий террор, террорчилик хуружлари ва бошқа омиллар эътиборга олинади.

Марказий Осиё давлатлари орасида бу йил 87-ўринни эгаллаган Қозоғистонни минтақадаги энг тинчликсевар дейиш мумкин. Туркманистонга эса мазкур рейтингда 106-ўрин ажратилган.

Global Peace Index рейтингига мувофиқ, Ўзбекистон бу борада фақат 121-ўринда бўлган Қирғизистондан олдинда, холос.

Иқтисодиёт ва тинчлик институти тузган рейтингда бу йил биринчи ўрин Исландияга берилган. Айни пайтда Дания, Австрия, Янги Зеландия, Швейцария, Канада, Япония, Австралия ва Чехия ҳам, рейтинг муаллифларига кўра, жаҳонда тинчликсеварлик даражаси энг юқори бўлган мамлакатлар бўлиб ҳисобланади.

Тинчликсеварлик даражаси энг паст бўлган мамлакатлар қаторига эса Сурия, Ироқ, Афғонистон, Жанубий Судан, Сомали, Судан, Марказий Африка Республикаси, Конго Демократик Республикаси ва Покистон кабилар киритилган.

XS
SM
MD
LG