Янгийўллик Марина Попова 18 ёшли ўғли Борис Ни қотиллик гувоҳи бўлгани учун бир неча кундан бери ноқонуний равишда ҳибсда сақланаётгани ва бунинг сабаблари ҳақида Янгийўл Ички ишлар бошқармаси томонидан ҳеч қандай тушунтириш берилмаётганини иддао қилмоқда.
Янгийўллик Марина Попованинг Озодлик радиосига айтишича, унинг қотиллик гувоҳи сифатида туман Ички ишлар бошқармасига чақиртирилган ўғли 28 июндан бери ҳеч қандай қонуний асосларсиз ҳисбда сақланмоқда.
- Бир йигитни ўлдириб кетишган экан. Бу ердан бир неча болани ушлаб кетишди. Бизга ҳеч нимани тушунтиришмаяпти. Айблов ҳам билдиришмаяпти. Уларни СИЗОда сақлашмоқда. Ҳибсда қанча бола сақланаётгани ҳақида аниқ маълумотим йўқ, мен ҳамма учун жавоб бермоқчи эмасман. Мен фақат ўғлим ҳақида гапирмоқчиман. Қолган болаларнинг ота-оналари эса негадир қўрқиб, бу ҳақда гапиришмаяпти, -деб иддао қилди Марина Попова.
Унинг айтишича, ўғли Борис Нига нисбатан ҳибсда милиция ходимлари томонидан ноқонуний ҳаракатлар бўлаётгани кузатилган эмас.
- Уни сўроқ қилишмаяпти, унга нисбатан қийноқ қўллашмаяпти, умуман унга нисбатан ҳеч қандай ҳаракатлар бўлмаяпти. Буни мен аниқ биламан, -деди Марина Попова.
Унга кўра, ўғли Янгийўл милициясига гувоҳ сифатида чақиртирилган ва негадир сўроқ қилинганидан сўнг вақтинча сақлаш изоляторига олиб кириб қўйилган. Марина Попова ўғлини ҳибсда сақлаш ҳақида ҳеч қандай қонуний ҳужжатлар, суд, прокурор ёки терговчининг ажрими йўқлигини иддао қилди.
Ни оиласининг дўсти Денис Белужев эса милиция ходимлари Борисни қотилни таниган асосий гувоҳ сифатида ҳибсда сақлаётганини айтмоқда:
- Бу ерда бир йигитни 28 жойидан пичоқ уриб ўлдиришган.Бу воқеа кўчада бўлган. Ўша ерда бўлган барча болаларни сўроққа олиб кетишган. Сўроқдан кейин ҳаммани қўйиб юборишди, Бироқ Борис ўша ерда қолдирилган. Бизга унинг нега ҳибсда сақланаётгани тушунарсиз бўлиб турибди. Милиция ходимлари бизга қотилликни Бориснинг дўсти содир этган, деб айтишаяпти, - деди Денис Белужев.
Бориснинг онаси Марина Попова ҳам ўғли қотилни таниган гувоҳ сифатида ушлаб турилганини, милиция ходимлари унга қотил қочиб кетгани ва айни пайтда қидирилаётганини айтишганини билдирди.
Марина Попова ўғлининг бу тарзда ноқонуний ҳибсда сақланаётганига норозилик сифатида 6 июль куни Тошкент вилоят Ички ишлар бошқармаси олдида пикетга чиқишини айтди. Унга кўра, мазкур пикетда ундан ташқари ҳуқуқ фаоллари ва ўғлининг дўстлари ҳам иштирок этиш ниятини билдирган. Пикет ўтказилиши ҳақидаги билдирув хати 3 июль куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси навбатчиси, милиция майори Жўраевга топширилган.
Тошкент вилоят Ички ишлар бошқармаси расмийлари гувоҳ сифатида чақирилган Борис Ни ноқонуний равишда Янгийўл туман Ички ишлар бошқармасида ҳибсда сақланаётгани ва пикет ўтказилиши тўғрисидаги иддаоларни тасдиқлагани ҳам, рад этгани ҳам йўқ.
Янгийўл туман милицияси расмийси эса икки кун олдин Борис Ни бошқармадан олиб кетилганини айтиб, айни пайтда у қаерда сақланаётганини ва ким томонидан қаерга олиб кетилганини айтишга ҳақли эмаслигини билдирди.
Ўз исмини айтмаслик шарти билан микрофонсиз суҳбатга рози бўлган ходим Борис Ни қотилликни кўрган асосий гувоҳ бўлгани учун хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам милиция томонидан қўрқиланаётган бўлиши мумкинлигини айтди.
“Чунки гувоҳ қотилни кўрган, қотил ҳам гувоҳни кўрган, бир-бирини таниган. Шунинг учун қидирувда бўлган қотил "гувоҳ ҳаётига таҳдид қилмасин", деган мақсадда гувоҳ қўриқланаётган бўлиши мумкин. Лекин бу иш борасида мен тўлиқ маълумотга эга эмасман”, - деди суҳбатдош.