Тожикистон ва Қирғизистон расмийлари Исфара шаҳрида ўтган музокараларда чегарада фуқароларга қарата ўқ отмаслик ҳақида келишиб олди. Мазкур келишув 6 июль куни қирғиз-тожик чегарасида ўқ отилгани оқибатида 18 ёшли тожикистонлик йигит ҳалок бўлгани ортидан имзоланди.
Тожикистон ва Қирғизистон расмийларининг маълум қилишича, 6 июль куни қирғиз-тожик чегарасида икки давлат чегарачилари ўртасида отишма содир этилганидан сўнг 8 июлда Исфана шаҳрида музокаралар ўтказилган.
Сўзлашувлардан сўнг икки давлат чегара хизмати раҳбарлари бундан буён қуролли тўқнашувлар бўлишининг олдини олиш тўғрисидаги шартномани имзолаган.
- Икки томонлама учрашув якунида аскарлар бир-бирларига ва фуқароларга нисбатан қурол қўлламаслиги ҳақида шартнома имзоланди. Низо чиққан пайтда аскарлар ўзларини қандай тутишлари ҳақида дарс ўқитилишига келишиб олинди, - деди Қирғизистон Чегара хизмати расмийси Сажира Чўқўлўева.
Унга кўра, ўзаро ўқ отмаслик ҳақидаги шартнома 11 июлдан кучга киради.
Айни пайтда Тожикистоннинг Сўғд вилояти раҳбари Абдураҳмон Қодирий матбуот анжуманида икки давлат чегара раҳбарлари ўтказган учрашув муваффақиятли якунлангани ҳақида гапирди.
Тожикистондаги музокаралар ёпиқ эшиклар ортида ўтган ва томонлар учрашувда нима гаплар бўлганини очиқлашдан тийилмоқда. Сўғд вилояти раҳбари Абдураҳмон Қодирий эса учрашувнинг айрим тафсилотларини журналистларга айтиб берди.
Унга кўра, “Учрашувда қирғиз чегарачиси автоматидан ўқ узилгани бепарволик натижаси” деб топилган. Шунингдек, Абдураҳмон Қодирий томонлар 6 июлдаги воқеа Тожикистоннинг Чорқўҳ қишлоғи атрофидаги аниқланмаган ҳудудда содир бўлганини эътироф этган.
6 июль куни тушдан кейин Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги отишма содир этилган эди. Отишма пайтида Тожикистоннинг Чоркўҳ қишлоғида яшовчи 18 ёшли Боборизо Ризоев ҳалок бўлган ва Тожикистон чегара хизмати зобити яраланган.
Сўнгги йилларда Тожикистон-Қирғизистон чегарасида бу каби низолар тез-тез содир этилаяпти. Масалан, 2014 йилда бу ерда содир этилган жанжалларда ўқ отилиши оқибатида 3 тожикистонлик ҳалок бўлган, ҳар икки томондан камида ўн одам яраланган.
Тожикистон-Қирғизистон чегарасидаги низоларга чегара чизиғининг ноаниқлиги ортидан келиб чиқаётган сув, яйлов ва ер талаш каби муаммолар сабаб бўлаяпти.
Қирғизистон - Тожикистон чегарасининг умумий узунлиги 970 километрни ташкил қилади. Мазкур ҳудуднинг 560 километригина аниқланган. Чегаранинг қолган ҳудудларини аниқлаш юзасидан 12 йилдан бери давом этаётган давлатлараро музокаралар натижасиз якунланмоқда.