Ўзбекистонда контракт асосида ўқиш ҳақи 1 сентябрдан 15 фоизга оширилди. Бунинг ортидан контракт нархининг энг паст кўрсаткичи деярли 6 миллион сўмга, контракт пулининг энг юқори даражаси эса деярли 10 миллион сўмга етиб қолди.
Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 18 август куни тасдиқлаган қарорда айтилишича, муаллимларни тайёрлаш, гуманитар, табиий ва аниқ фанлар, инжинерлик, қишлоқ ва сув ҳўжалиги, ижтимоий таъминот, спорт фаолияти, экология соҳалари бўйича кундузги бакалаврлик йўналишлари бўйича таълим олиш ҳақи ҳозирги 5 миллион сўмдан 5 миллион 800 минг сўмга кўтарилди.
Шарқ филологияси, туркий тиллар филологияси, роман-герман филологияси, журналистика ва информатика, ахборот технологиялари, қурилиш. Хизмат кўрсатиш, транспорт соҳалари бўйича ўқиш ҳақи эса 5,5 миллион сўмдан 6 миллион 300 минг сўмга оширилди.
Шунингдек, санъатшунослик ва архитектура йўналишининг контракти 5 миллион 950 минг сўмдан 6 миллион 850 миллион сўмга, иқтисод ва бизнес, соғлиқни сақлаш бўйича ўқиш ҳақи 6 миллион 650 минг сўмдан 7 миллион 650 минг сўмга, халқаро алоқалар, халқаро иқтисод, халқаро иқтисодий муносабатлар, юридика соҳалари бўйича ўқиш ҳақи 7 миллион 450 минг сўмдан 8 миллион 550 минг сўмга юқорилади.
Сиртдан ўқувчи талабалар тўлайдиган ҳақнинг энг оз миқдори шу кунгача 1 миллион 690 минг сўм эди. 1 сентябрдан эса сиртдан ўқувчи талабалар учун шартнома пулининг энг оз миқдори 1 миллион 940 минг сўм, энг кўп миқдори эса 2 миллион 700 минг сўм бўлиб қолди.
Магистратурада ўқишнинг энг арзон контракти ҳозирги 5 миллион 480 минг сўм ўрнига 6 миллион 290 минг сўм, энг қиммати эса 8 миллион 190 минг ўрнига 9 миллион 400 минг сўм бўлиб қолди. Иккинчи мутахасисликка эга бўлиш учун ўқиётган талабалар ҳам шунча миқдорда контракт пули тўлайди.
Ўзбекистонда жорий йилда бакалаврлик учун ажратилган квота 57 907 ўринни, магистратура учун 5000 ўринни ташкил қилади. Шулардан бакалаврият учун 37 487 ўрин, магистратура учун 3452 ўрин контракт асосида ўқийдиган шахсларга ажратилган.
Айни пайтда Ўзбекистонда олий ўқув юртларига кириш ва ўқиш жараёни ўта коррупциялашгани айтиб келинади.
Озодлик радиосининг норасмий манбалари¸ бу йил шифокорлик¸ милицонерлик, прокурорлик¸ солиқчи ва молиячиликка ўргатувчи университетларга кириш “нархи”нинг 30 мингдан 70 минг АҚШ долларига чиққанини хабар қилмоқда.
Қаршидаги университетлардан бирининг талабаси эса Озодлик радиосига қуйидаги мазмунда мактуб жўнатган эди:
“Домлаларимиз институтни бозорга айлантириб юборишган, баҳо учун бемалол савдолашиб сессияни ёпса булади, манга ўхшаган пули йўқ талабалар 2- ведомостга қолиб кетаверади ва бир ойлик стипендиядан қуруқ қолади.
Мустақил иш, Рефератлани топширганимиздан кейин староста келиб, ўзига ўзи ёки нархни айтади. Ўзига ўзи дегани бу 3 баҳога 30 минг, 4 баҳога 40 минг, 5 баҳога 50 минг сўм бериш керак.
Билим бериш даражаси жуда паст, хаттоки оддий мактаб ўқувчиси бемалол талаба ечолмаган мисолларни ечиши мумкин. Битта сессияда ўртача 400-500 минг сўм кетади”, деб ёзган эди Озодликка қаршилик талаба.