Расмий Тошкент Бишкек ҳукуматига Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини аниқлаш жараёнини қайта жонлантириш ва бу масаладаги шартномани тезроқ имзолашдан манфаатдор эканини ўз элчиси орқали шама қилди. Чегараларни аниқлаш бўйича давлатлараро комиссия фаолияти сўнгги йилларда бир неча марта музлатиб қўйилган эди.
Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Абдрахман Маматалиев Қирғизистон – Ўзбекистон чегарасини аниқлаш юзасидан келишув лойиҳаси устида иш олиб борилаётганини билдирди. Маматалиевнинг билдиришича, 18 август куни Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси Комил Рашидов ташаббуси билан бўлиб ўтган учрашув чоғида айни мана шу масала муҳокама қилинган.
- Қирғиз-ўзбек чегараси бўйича келишув лойиҳаси устида ишлаяпмиз.Ўзбекистон элчиси билан учрашув чоғида биз бу келишимни муҳокама қилишга ҳар доим тайёр эканимизни ҳукуматга етказишни илтимос қилдим. Ўзбекистон элчиси ҳукумат топшириғи билан учрашувга келганга ўхшади. Мен унга чегара юзасидан Ўзбекистон комиссиясини Бишкекка чақирайлик, деб таклиф қилдим. Бироқ элчи Ўзбекистон томони бизни чақириш ниятида эканини айтди. Мен ундан бу ишни тезлатишни илтимос қилдим, - деди Абдрахман Маматалиев.
Шу йилнинг 29 июль куни Ўзбекистон билан чегара муаммосини муҳокама қилиш учун Тошкентга борган Қирғизистон делегацияси қабул қилинмаганди. Қирғиз томони ўзбек ҳамкасблари учрашувга келмагани сабаб, икки кундан сўнг Бишкекка қайтишга мажбур бўлган.Ўзбекистон эса учрашувдан бош тортишига меҳмон делегация таркибидан рози бўлмаганини сабаб қилиб кўрсатган. Мазкур воқеадан бир неча кун ўтиб, Ўзбекистон элчиси Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган ва унга расмий Бишкекнинг норозилиги билдирилган эди.
Бу икки қўшни давлат ўртасидаги чегарани делимитациялаш ва демаркациялаш ишлари бошланганига 10 йилдан ортиди. Бироқ бу иш ҳанузгача якунига етган эмас. Икки ўртада талаш бўлган ҳудудлар билан боғлиқ масалалар эса умуман тўхтаб қолган.
Қирғизистоннинг собиқ Бош вазир ўринбосари Тўқўн Мамитов Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг аниқланган қисмлари юзасидан келишувни имзолаш юзасидан икки томонлама музокаралар 2013 йилдан бошланганини айтди. Унга кўра, шу кунгача мазкур келишув лойиҳасининг бир қатор вариантлари ишлаб чиқилган, аммо келишувни имзолаш мунтазам ортга сурилиб келмоқда.
-Бугунги кунгача бу жараённи якунлай олмаётганимизга доимий равишда фикрлар ўзгариб кетаётгани сабаб бўлмоқда. Биринчи учрашувда муросага келган бўлсак, ундан кейинги учрашувлар муддати чўзилиб кетиб ёки чегарани аниқлаш комиссиясининг Қирғизистон томони раҳбари алмашиб, аввалги келишилган шартлар бузилиб кетмоқда. Очиғини айтсак, бу масалада бизнинг ҳам айбимиз бор. Масалан, хавфсизлик масалаларига жавоб берувчи Бош вазир ўринбосарининг тез-тез алмаштириб турилиши оқибатида Ўзбекистон томони бизга кўп ҳам ишонмай қолди, - деди Тўқўн Мамитов.
Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги чегаранинг узунлиги 1378 километр бўлиб, бу масофанинг 320 чақирими аниқланмаган. Чегараларни аниқлаш бўйича давлатлараро комиссия фаолияти сўнгги йилларда бир неча марта музлатиб қўйилган эди.
Айни пайтда сиёсатшунослар Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан муносабатлари бошқа соҳаларда ҳам чалажон ҳолатда эканини айтиб келадилар. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигидан олинган сўнгги маълумотларга кўра, 25 йил давомида Тошкент билан савдо, иқтисодиёт, маданият ва сиёсат соҳасида 86 шартнома имзоланган. Бугунги кунда мазкур шартномаларнинг 61таси мутлоқо ишламаяпти.
Мустақилликнинг биринчи йилларида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги товар айрибошлаш 500 миллион долларни ташкил этган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 140 миллион долларга аранг етмоқда.