“Қозоғистондаги пул алмаштириш шаҳобчаларида доллар тугаб қолди”, “Алматида пул алмаштириш шаҳобчалари ёпилиб қолди”, “Танга қулагани учун қозоғистонликлар чет эл валютасини сотиб олишга шошилмоқда” – булар турли ахборот воситаларининг 20 август куни хабарлари сарлавҳаларидир.
Гап шундаки, Қозоғистон 20 августдан бошлаб “валюта коридоридан воз кечди” миллий валютасини эркин тебранувчи курсга ўтказди. Натижада танганинг долларга нисбатан қадри бирданига 30 фоизга арзонлаб кетди.
20 август куни эрталаб Қозоғистон фонд биржаси савдоларида доллар бир кун аввалги нархдан 66,88 танга қимматроқ — 255 тангадан сотила бошлади.
Қозоғистон Бош вазири Карим Масимов Остона энди танга қадрининг шаклланишига аралашмаслигини ва миллий валюта курси бозордаги вазиятга қараб ўзгаришини билдирди.
Танга билан боғлиқ вазиятни тушунтириб беришини сўраб, Астанадаги Евроосиё университети доценти Сапарбой Жубаевга мурожаат қилдик.