Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:36

АҚШ Ўзбекистонни "Исломий давлат"га қарши коалицияга чақирди


"Исломий давлат" сафида 650 ўзбекистонлик жанг қилаётгани таҳмин этилмоқда.
"Исломий давлат" сафида 650 ўзбекистонлик жанг қилаётгани таҳмин этилмоқда.

АҚШ Ўзбекистонни “Исломий давлат”га қарши курашиш учун тузилган халқаро коалицияга қўшилишга таклиф қилди. Бу ҳақда АҚШ давлат котибининг Марказий Осиё давлатлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Даниэль Розенблюм 27 август куни Тошкентда Tашқи ишлар вазири Абдулазиз Кoмилов билан учрашганидан сўнг журналистларга маълум қилди.

Розенблюм: "Ўзбекистоннинг ҳиссаси кераклидир"

АҚШ давлат котибининг Марказий Осиё давлатлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Даниэль Розенблюм 27 август куни Тошкентга қилган сафари чоғида Ўзбекистон раҳбарияти билан бу борада сўзлашувлар олиб борганини билдирди.

Розенблюмнинг айтишича, “Исломий давлат”га қарши кураш усулларидан бири жангариларни молиялаштириш йўлларини беркитиш ва разведка маълумотларини тўплашдир.

“Ўзбекистоннинг бу борадаги ҳиссаси кераклидир”, деди Розенблюм.

Бу борада тарқатилган хабарларда Ўзбекистон томонинг бу таклифга муносабати билдирилмаган. Ўзбекистон расмийлари ҳам ҳозирча бу борада бирон бир изоҳ берган эмас.

Ўзбекистон аксилтеррор кампаниясини бошлаган

Reuters агентли тарқатган мазкур хабар пайдо бўлишидан икки ҳафта олдинроқ Интернет нашрларда Ўзбекистон матбуот орқали “Исломий давлат”га қарши контртеррор кампаниясини бошлагани ҳақида мақолалар чоп этилди.

Central Asia online нашрининг Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматидаги манбага таянган ҳолда ёзишича, контртеррор кампанияси экстремистик мафкурани фош этиш, анъанавий исломни ва унинг қадриятларини қўллаб-қувватлаш, турли диний эътиқодлар ўртасидаги уйғунликни ривожлантириш каби уч йўналишни ўз ичига олган.

Мақолада айтилишича, мазкур кампания Ўзбекистон “Исломий давлат” таъсирини билвосита ҳис қилаётган бир пайтда эълон қилинган. Central Asia online нашрига суҳбат берган Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати расмийси “Исломий давлат” сафларида 650 ўзбекистонлик жанг қилаётгани ҳақида маълумотлар борлигини айтган.

АҚШ расмийси мажбурий меҳнат масаласини ҳам кўтарди

Даниэль Розенблюм Тошкентда журналистларга берган суҳбати чоғида Ўзбекистонда мажбурий меҳнат масаласини ҳам кўтарган.

АҚШ расмийси Ўзбекистоннинг пахта далаларида болалар меҳнатини бартараф этиш йўлидаги ҳаракатларини олқишлади, айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати пахтазорларда катталарни мажбурий меҳнатга жалб қилинишини тўхтатиш йўналишида кўп ишларни амалга ошириши зарурлигини ҳам алоҳида таъкидлади.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон далаларида аҳоли мажбурий меҳнатга жалб қилинишини бир неча йиллардан бери танқид қилиб келади.

Розенблюмнинг Тошкент сафаридан аввалроқ...

Даниэль Розенблюмнинг Тошкент сафари Швейцария расмийлари АҚШ терговчилари сўровига биноан Гулнора Каримовага алоқадор деб кўрилган маблағларни музлатишшга рози бўлгани тўғрисида хабарлар тарқатилганидан бир неча кун ўтгач бўлиб ўтди.

АҚШ Адлия вазирлиги терговчилари шу ой бошроғида Европанинг беш мамлакатига мурожаат қилиб, Гулнора Каримова Ўзбекистонда фаолият юритувчи учта йирик телеком ширкатидан пора олгани иддаолари билан боғлиқ жиноят иши доирасида 1 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги активларни музлатишни сўраган эди.

Швейцария Адлия вазирлиги қанча маблағ музлатилганини аниқлаштирмади, лекин унинг миқдори 640 миллиондан камроқ эканини билдирди.

XS
SM
MD
LG