Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:31

Ўзбекистон тожик чўпонларни ҳибсдан озод қилди


Ўзбекистоннинг Жиззах вилояти Бахмал тумани билан Тожикистоннинг Сўғд вилояти Панжакент тумани кесишган жойда 2700 бошдан зиёд қўй ва эчкилари билан чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айбланиб қўлга олинган тўрт нафар тожикистонлик чўпон бир ҳафталик ҳибсдан сўнг уйларига қайтарилди.

Тожикистонлик тўрт чўпон – Раҳимжон Қўчқоров Ғолиб Шодиев, Ашраф Раззоқов ва Хурсандмурод Қаҳҳоров 23 август куни ўзбек-тожик чегарасининг Ўзбекистон қисмида чегарачилар томонидан қўлга олинган эди. Улар Тожикистоннинг Сўғд вилояти Панжикент туманига қаршли Майката ва Ғарибак қишлоғи турғунлари бўлган.

Майката қишлоғида яшовчи Дилмурод исмли шахснинг Озодлик радиоси тожик хизматига билдиришича, “тўрт чўпон 30 август куни озод қилинган ва улар ҳозир ўзларининг қаровида бўлган мол-қўйларни эгаларига тарқатмоқда”.

Майката ва Ғарибак қишлоқларини ўз ичига олган Амондара қишлоқ кенгаши раиси Рустам Қаҳҳоров бу маълумотни тасдиқлади ҳамда: “Чўпонлар озод этилди, чорва моллари ҳам қайтариб берилди. Бу масалада ҳеч қандай муаммо йўқ. Чўпонлар Ўзбекистон ва Тожикистон расмийлари олиб борган сўзлашувлардан сўнг озод этилган”, деб билдирди.

Тожикистон томонининг билдиришича, чегара яқинида 2700 бошдан зиёд қўй ва эчкини ўтлатиб юрган чўпонлар 23 август куни эрта тонда чорва чегарадан ўтиб кетаётганини кўриб қолиб, қўй ва эчкиларни ортга қайтариш учун ҳаракат қилган. Пировардида улар Ўзбекистон ҳудудида қўлга олинган.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида 1990 йиллар охири 2000 йиллар бошида виза тартиби жорий қилинган, чегара бўйлаб тикансим тортилган. Бироқ чегараолди ҳудудида яшовчи маҳаллий аҳоли вакилларига кўра, ўзбек-тожик чегарасида ҳеч қанақа белги қўйилмаган участкалар ҳам бор. Бу эса баъзан ҳар иккала давлат фуқароларининг билмаган ҳолда қўшни мамлакат ҳудудига ўтиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Икки йил муқаддам Ўзбекистон чегарачилари чегарани ноқонуний кесиб ўтганлик айблови билан панжакентлик 5 нафар чўпонни тутиб кетган. Панжакент туманининг Моғиён қишлоғидан бўлган Тўлибой Қурбонхўжаев, Рустам Ҳайдаров, Меҳриддин Шамсиддинов, Суҳроб Абдуллоев ва Довуд Ҳайдаров орадан бир ой ўтгач, қўйиб юборилган, бироқ ўшанда ўзбек чегарачилари томонидан ҳайдаб кетилган 2000 бошдан зиёд чорва ҳайвонлари қайтарилмагани айтилади.

Тожикистон расмийларининг билдиришича, 2000 йилдан бошлаб то шу кунгача чегарадан ўзбекистонга ўтиб кетган 6700 бош чорва ҳайвонлари тожикистонлик эгаларига қайтарилмаган.

Тожик расмийларига кўра, шу йиллар ичида ўнлаб тожикистонликлар чегарани ноқонуний бузиб ўтишда айбланиб қўлга олинган, уларнинг айримлари икки томонлама сўзлашувлар натижасида уйларига қайтарилган, бироқ чегарани бузишда айбланиб қўлга олинган тожикистонликларнинг асосий қисми Ўзбекистонда озодликдан маҳрум этилган.

XS
SM
MD
LG