Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:37

Матлуба Комилова - Ўзбекистон унутган сиёсий маҳбус


Қамоқхона панжараси ортидаги кабутарлар
Қамоқхона панжараси ортидаги кабутарлар

Ўзбекистонлик Матлуба Комилова Қўшма Штатлар томонидан халқаро ҳамжамият эътибор қаратиши лозим бўлган сиёсий маҳбус сифатида тилга олинди. Қўшма Штатлар ташаббуси билан бошланган #FreeThe20 (20 одамни озод этинг) кампанияси доирасида 20 кун мобайнида ҳар куни бир нафар сиёсий маҳбуса ҳақида маълумот бериб борилади.

#FreeThe20: Матлуба Комилова - Ўзбекистон унутган сиёсий маҳбус
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:40 0:00
Бевосита линк

"Матлуба Комиловани сохталаштирилган иш бўйича қамашган"

Ўзбекистон пахтазорларида болалар мажбурий меҳнатга жалб қилинишига қарши курашган ва 2010 йилда ўн йилдан ортиқ муддатга қамалган Матлуба Комилованинг исми сўнгги беш йил давомида иккинчи бор тилга олинди. Ҳар иккала ҳолатда ҳам Матлуба Комиловани Қўшма Штатлар ёдимизга солди.

2011 йил 8 апрелида АҚШ Давлат департаменти эълон қилган ҳисоботда 2010 йилда қамалган ҳуқуқ фаоли Матлуба Комилова сиёсий маҳбус сифатида эътироф этилган.

Иккинчи марта ҳуқуқ фаолининг исми 1 сентябрь куни АҚШнинг БМТдаги элчиси Саманта Пауэр ташаббуси ортидан Қўшма Штатлар бошлаб берган #FreeThe20 (20 одамни озод этинг) кампанияси доирасида тилга олина бошланди.

Human Rights Watch халқаро ташкилоти бир неча йил олдин ангренлик собиқ коллеж директори ва ҳуқуқ фаоли Матлуба Комилова ўзининг сўз эркинлиги ҳуқуқи таъминланиши учун курашгани ортидан қамалганини эътироф этган.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева Матлуба Комилова билан ҳамкорликда ишлаган. Урлаева ҳамкасбининг фаолияти ва кейинги тақдири ҳақида қуйидагиларни айтиб берди:

-У болаларни пахтага мажбурий олиб чиқилиши юзасидан маълумотлар берар эди. Чунки у Ангрендаги коллеж директори бўлган. Бундан ташқари Матлуба Комилова ҳуқуқ фаоли сифатида бир қатор халқаро ташкилотларнинг лойиҳаларида иштирок этган эди. Унинг бу фаолияти ҳукуматга ёқмагани учун унга нисбатан жиноят ишини сохталаштиришган. Унинг машинасини Ангрен марказида милиционерлар тўхтатиб, машина ичидан гўёки наркотик моддаларни топишган. Оқибатда уни гиёҳванд модда учун суд қилишди. Ҳозир аниқ эсимда йўқ, адашмасам, Матлуба Комилова ё 11 йилга, ё 12 йилга амнистия ҳуқуқисиз озодликдан маҳрум этилган, -деди Елена Урлаева.

Ҳуқуқ фаолининг айтишича, бир неча йил аввал ёши олтмишга яқинлашган Матлуба Комилова Зангиотадаги аёллар колониясида жазо муддатини ўтаётгани ҳақида хабар олинган. Елена Урлаевага кўра, Матлуба Комилова ўзига нисбатан жиноят иши сохталаштирилганини исботлаш ва иши қайта кўриб чиқилишидан умидини узган.

"Ўзбекистонда унутилган сиёсий маҳбуслар кўп"

Елена Урлаевага кўра, Ўзбекистонда унутилган сиёсий маҳбуслар Матлуба Комилова билангина чекланмайди:

- Сиёсий маҳбус Михаил Қурбоновни ҳам эсламай қўйишди. У Европа қайта қуриш ва тараққиёт банкининг форумида Ўзбекистон иқтисодий сиёсатини кескин танқид қилган эди. У 16 йилдан бери қамоқда ўтирибди, - деди Елена Урлаева.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ҳам мамлакатдаги сиёсий маҳбуслар ва маҳбусалар ҳақида аниқ рақамлар мавжуд эмаслигини айтади:

- Ҳозир қамоқда 15га яқин сиёсий маҳбус бор. Аёллардан икки-уч сиёсий маҳбус бўлиши мумкин. Ҳозир биз билмаганлари бордир, балки, -деди Суръат Икромов.

#FreeThe20: Ҳукуматларга АҚШ муждаси

1 сентябрь куни АҚШнинг БМТдаги элчиси Саманта Пауэр ташаббуси ортидан Қўшма Штатлар #FreeThe20 (20 одамни озод этинг) кампаниясини бошлади. Мазкур кампания доирасида 20 кун мобайнида ҳар куни бир нафар аёл сиёсий маҳбус ҳақида маълумот бериб борилади.

Давлат департаменти Россияда судланаётган украиналик учувчи Надежда Савченко, Озарбайжон ҳукуматини танқид қилгани учун қамалган Лейла Юнус ва Хадижа Исмоилова каби 20 сиёсий маҳбуса тақдирига халқаро ҳамжамият эътиборини қаратмоқчи.

Халқаро ташкилотлар шулар жумласидан ўзбекистонлик Матлуба Комилова ҳам ёдга олинишини таклиф қилган.

“Бу аёлларнинг исмларини айтар эканмиз, биз уларнинг ҳукуматларига қуйидагича мужда жўнатаяпмиз деб ҳисоблаймиз: агар аёлларнинг имкониятларини кенгайтирмоқчи бўлсангиз уларни ўзгача нуқтаи назари учун қамаманг”, деди Саманта Пауэр.

Мазкур кампания Аёлларга жамият ва шахсий ҳаётнинг барча соҳаларида имконият бериш БМТ ташаббусининг 20 йиллиги муносабати билан ўтказилмоқда.

XS
SM
MD
LG