Қирғизистонда 4 октябрда ўтадиган парламент сайловлари арафасида депутатлик ўринлари учун кураш олиб бораётган 14 партия тарғибот-ташвиқот ишлари учун ўн кун ичида деярли 6 миллион доллар пул сарфлади. Айни пайтда Қирғизистон ҳукумати “пули куйиб, қалампир ғажиб қолган” партиялар сайловдан сўнг митинг уюштирадиган бўлса, қаттиқ жазо чоралари қўлланишидан огоҳлантирмоқда.
Қирғизистон Марказий сайлов комиссиясининг маълум қилишича, парламент сайловларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган 14 партиянинг тарғибот-ташвиқот фонди 540 миллион сўм, яъни тақрибан 7 миллион 715 минг долларни ташкил этган. Сайловолди тарғибот ишлари 4 сентябрдан бошланган. Ўтган 10 кун ичида партиялар ўз маблағларининг қарийиб 6 миллион долларини ишлатиб бўлган.
Тарғибот –ташвиқот ишларига энг кўп пул сарфлаган партия президент Атамбаев мансуб бўлган Социал - демократлар партияси экани айтилмоқда. Бу партия ҳисобидаги 103 миллион сўмдан ҳозир 38 миллион сўми қолган ҳолос.
Мухолифат партиялар ичида тарғибот-ташвиоқт ишларига энг кўп ҳаражат қилгани “Республика-Ата Журт” партиясидир. Партия 10 кун ичида тарғиботга 82 миллион сўмдан кўпроқ пул сарфлаган.
Партияларнинг сайловолди тарғибот фонди депутатликка номзоди кўрсатилган шахслар ва мазкур партияларни қўллаб - қувватловчи шахслар ҳисобига шакллантирилади. Қирғиз матбуотидаги хабарларга қараганда, парламентдан ўрин олиш имконияти катта бўлган партиялардан номзодини кўрсатган шахслар депутатликка номзодлар рўйхатининг биринчи ўнлигидан жой олиш учун партия ғазнасига камида 100 минг доллардан бадал пули тўлаган.
Мана шундай катта ҳаражатлар билан сайловда қатнашган, аммо парламентга ўтолмай қолган сиёсий кучлар сайловдан сўнг кўплаб митингларни уюштириши Қирғизистонда анъанага айланган. Бироқ бу гал Қирғизистон Бош вазири сайловда барча партияларга тенг имкониятлар яратилишини ваъда қилиб, сайловдан сўнг митингларни уюштирганлар қаттиқ жазоланиши ҳақида огоҳлантирди:
-Ҳукумат бу сафарги сайловларда қонунга қаттиқ амал қилади ва барчага бир ҳил имкониятни яратиб беради. Бироқ тенг имкониятларга қарамай, сайловдан кейин митинг уюштирмоқчи бўлганлар қонун доирасида жазоланади. Ҳукумат раҳбари бу ҳақда барча раҳбарларни огоҳлантирди, - деб билдирди Қирғизистон Бош вазирининг матбуот котиби Бақит Асанов.
Мухолифатдаги “Республика-Ата Журт” партияси вакили Ўмурбек Суваналиев халқ орасида амалдорларга ҳукумрон Социал - демократлар партияси учун кўпроқ овоз олиб бериш ҳақида кўрсатма берилгани юзасидан миш-мишлар кўпайиб кетганидан ташвиш билдирди:
-Халқ орасида бир гап юрибди. Гўёки Социал – демократлар партиясига 56 фоиз овоз берилиши керак экан. Агар шундай бўлса, партиялар қаттиқ хафа бўлади. Овозлар соҳталаштирилгани аниқланадиган бўлса, бунинг оқибати жуда хунук бўлади. Чунки ҳозир ҳар бир партия сайловда овоз олиш учун қатттиқ курашмоқда, -деди Ўмурбек Суваналиев.
Социал – демократлар партиясидан депутатликка номзоди кўрсатилган Озодлик радиоси қирғиз хизматининг собиқ ходими, президент Атамбаевнинг матбуот котиби Жанар Ақаев ўзи мансуб бўлган партия вакиллари раҳбарлардан сайловларда бетараф туришни илтимос қилаётганини таъкидлаган ҳолда, масаланинг бошқа жиҳатига ҳам эътибор қаратди:
-Административ ресурсларни қўлламаслик масаласинигина кўтариб қолмай, пули кўп партияларнинг сайловчи овозини сотиб олиш ҳаракатларини ҳам кескин қоралашимиз керак, -деди Жанар Акаев.
Қирғиз матбуотининг билдиришича, жамоатчилик орасида муайян партиялар сайловда ўзи учун овоз берган сайловчининг ҳар бирига 5 минг сўмгача, яъни 72 долларгача пул ваъда қилаётгани ҳақида миш – мишлар пайдо бўлган.
Қирғизистонда парламент сайловлари 5 йилда бир марта ўтказилади. Навбатдаги сайлов 4 октябрга белгиланган. Сайловолди тарғибот – ташвиқот ишлари эса 4 сентябрдан бошланган.