Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:23

Western Unionнинг хизмат ҳақини камайтиргани хабар қилинди


Пул жўнатишга ихтисослашган йирик халқаро тизимлардан бири - Western Union 17 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонга пул жўнатиш учун белгилаб қўйилган тарифларни “кардинал пасайтираётгани” тўғрисида "Коммерсантъ" газетаси хабар қилди.

Бироқ мухбиримиз Россияда чиқадиган газета хабаридаги маълумотларни Western Unionнинг жорий тарифларига қиёслаб “кардиналлик” топмади.

“Коммерсантъ”га кўра, Western Union 17 сентябрдан бошлаб МДҲга аъзо баъзи давлатлар ва Туркияга пул ўтказиш учун тарифларни пасайтираётгани тўғрисида ўз ҳамкорларига ўтган ҳафтада билдирги жўнатган. Газета ўз ихтиёрида хат нусхаси мавжудлигини писанда қилди.

“Коммерсантъ” газетаси Western Unionдан янги тарифлар юзасидан изоҳ ололмаган. Мазкур тизим билан ҳамкорлик қилувчи банклар эса, Western Unionдан янги тарифларга оид хат келганини тасдиқлаган.

“Коммерсантъ” қилган иш билан Озодлик мухбири ҳам шуғулланди ва Western Unionнинг ҳамкорларидан бири – “Газпромбанк”нинг Санкт-Петербургдаги филиалларидан бири билан боғланди. Банк расмийсининг айтишича, “Western Union тарифларида ҳозирча ҳеч қандай ўзгариш йўқ, компаниядан бу хусусда хат ҳам келмаган”.

Western Unionнинг Ўзбекистондаги ҳамкорларидан бири – Капиталбанк филиалларидан бири вакили ҳам масалага ойдинлик кирита олмади.

- Россиядан Ўзбекистонга жўнатма тарифи ўзгарганидан хабаримиз йўқ, деди банк вакили.

Ундан Ўзбекистондан Россияга пул жўнатмалари учун олинадиган комиссия ҳажмини сўрадик. Айтишича, 3000 АҚШ доллари жўнатгани учун Western Union 1 фоиз – 30 доллар олади.

“Коммерсантъ”нинг ёзишича, Western Union 17 сентябрдан бошлаб қўллайдиган янги тарифлар жорий йилнинг охиригача амалда бўлади. Тарифлар икки баробарга арзонлаб, 1%гача туширилади.

Жорий тарифларга биноан, деб ёзди “Коммерсантъ”, Western Union миқдори 5000 рублдан 50000 рублгача бўлган пулни МДҲ мамлакатларига жўнатадиган бўлса, жўнатманинг 2%и миқдорида комиссия олган.

Бу маълумотни банк.уз сайтида келтирилган жадвалдаги мана бу маълумотлар билан қиёслаб кўрсангиз бўлади.

Сайт Western Unionнинг 2014 йил 20 майидан буён амал қилаётган тарифларини эълон қилган.

Мазкур жадвалга биноан Western Union Россиядан МДҲга аъзо давлатларга пул ўтказадиган бўлса:

$200 учун $3;

$200 - $2000 учун 1,7%;

$2000 - $3000 учун 1,3%;

$3000 ва бу миқдордан кўпроқ пул учун 1% олиб келмоқда.

Айтилишича, шу пайтгача жўнатма тарифларини Россиянинг маҳаллий системалари пасайтириб келган. Масалан “Золотая корона” Қирғизистон ва Тожикистонга 1% миқдорида белгилаган, лекин Ўзбекистонга 1,5% эди. “Юнистрим”ники ўртача 1,5%дан 1,7%гача, Contctники 1 – 1,5%эди. Энди Western Union тарифларини шу даражага туширмоқда.

“Коммерсантъ” газетаси ўз мақоласига жорий йилнинг биринчи ярмида Россиядан МДҲ мамлакатларига жўнатилган пул миқдори тўғрисидаги Россия Банки маълумотларини илова қилган.

Унга кўра, энг катта миқдордаги пул - 686 миллион доллар Ўзбекистонга жўнатилган.

Қиёслаш учун: Қирғизистонга 340 млн, Тожикистонга 334 млн, Қозоғистонга 91 млн, Туркманистонга 5 млн доллар пул жўнатилган.

Бироқ бу маълумотларни келтирар экан, “Коммерсантъ” ноаниқликка йўл қўйганга ўхшайди.

Чунки Озодлик 7 сентябрь куни Россия Марказий банки маълумотларига таяниб, жорий йилнинг биринчи ярмида Россиядан Ўзбекистонга пул жўнатмалари ҳажми икки баробардан ортиқроққа камайгани ва 2015 йилнинг дастлабки 6 ойида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг Россиядан уйларига юборган пул ўтказмалари ҳажми 1,149 миллиард долларни ташкил этгани тўғрисида хабар қилган эди.

Россия Марказий банкига кўра, жорий йилнинг иккинчи чорагида Ўзбекистонга Россиядан пул жўнатиш тизимлари орқали жами 686 миллион доллар юборилган.

XS
SM
MD
LG