Тошкент вилоятининг Бўка туманида бюджетдан молияланадиган муассаса ва ташкилотлар ходимлари оммавий тарзда мажбуран пахта теримига жалб қилинган бир пайтда, тумандаги тиббиёт муассасаларида ишловчи уч ҳамшира - Дилбар, Ирода ва Маҳлиё пахта териш мажбуриятидан озод этилди.
"Ҳамширалар пахтадан озод этилди, бироқ боғча болалари хафсизлиги таҳдид остида"
Озодлик радиоси 24 июль куни мажбурий тарзда пахта даласига чиқарилган уч ҳамшира пахтазорда хушидан кетиб қолгани ҳақида хабар берган эди. Шундан сўнг улар ва ҳамшира қизлардан бири Дилбарнинг онаси Ҳилола Жўрабоева ўз конституциявий ҳуқуқлари таъминланиши, яъни мажбурий тарзда меҳнатга жалб қилинмасликлари учун кураш бошлаган эди.
Ҳилола Жўрабоева кўплаб ташкилотларга, оммавий ахборот воситаларига ёзган шикоятлари ва Озодлик радиосига берган суҳбати ортидан вилоят ҳокимияти расмийлари унинг уйига келгани ҳамда уч ҳамшира қизни пахтадан озод этиб кетгани ҳақида айтиб берди.
Бўка халқ таълими бошқармасида ишлайдиган Ҳилола Жўрабоева бугунги кунда мажбуран пахта даласига ҳайдалган ҳамкасблари учун жон куйдирмоқда. Унинг айтишича, Бўкадаги болалар боғчалари ходимларининг асосий қисми пахта теримига олиб кетилгани оқибатида, боғчадаги болалар саломатлиги ва хавфсизлигига таҳдид пайдо бўлган.
- Бўкада 54 мактаб, 12 боғча бор. Шуларнинг ҳаммаси пахтага ҳайдалган. Боғчаларда 30-35 болага биттадан тарбиячи қолдирилган. Битта тарбиячи 30-35 боланинг тартибига қарайдими, машғулот ўтадими ё овқатини берадими? Бола куйиб қолиш эҳтимоли бор, бола йиқилиб қолиш эҳтимоли бор. Битта группада 30-35 бола бор. Мактабларда бир амаллаб пахтага кетган ўқитувчи ўрнини бошқа ўқитувчи босиши мумкиндир, бироқ боғчаларда бир тарбиячи шунча болага қараши жуда қийинку. Касал бўлсангиз ҳам пахтага чиқишга мажбурсиз. Касал эканингиз ҳақида касалхоналарга справка беришни ҳам тақиқлаб қўйган. Хуллас, ҳамма пахта териши керак, - деди Ҳилола Жўрабоева.
"Қизимни пахтага ҳам чиқармайман, пул ҳам бермайман"
Тошкентлик Баҳодир Маликов эса вилоят педагогика коллежининг 3-курсида ўқийдиган қизини мажбурий меҳнатдан озод қилиш учун курашаётган ота-оналардан бири. Унинг Озодлик радиосига айтишича, қизи Шохсанам касал эканига қарамай, коллеж маъмурияти уни пахтага чиқишга мажбурламоқда. Баходир Маликов қизи пахтага чиқмайдиган бўлса, коллеж раҳбарияти 700 минг сўм миқдорида пул тўлашни талаб қилаётганини айтди.
-Қизим касал. Коллежда “Ким пахтага чиқмаса 700 мингдан пул олиб келсин, биз Қашқадарёдан одам олиб келиб, ўрнига ишлатамиз”, дейишибди. Мен пул ҳам бермайман, қизимни пахтага ҳам чиқармайман. Ўзбекистонда бундай қонун йўқ. Қонун бўлганида бошқа гап эди, -деди Баҳодир Маликов.
"Маҳалладан ҳар йили пахтага чиқишимни илтимос қилишади"
Наманганлик мустақил журналист Аббос Асад маҳалла фуқаролар йиғини томонидан ҳар йили пахта теримига ҳисса қўшишга чақирилиши, бироқ Ўзбекистон қонунларида белгиланган ҳуқуқларидан келиб чиқиб, мажбурий меҳнатда иштирок этишдан бош тортиб келганини айтди:
- Маҳалла қўмитасидан хат келди. “4та хонадондан битта термичини таъминлаб берсангиз”, деб ёзилган экан. Буни “хоҳласанг 4 хонадондан навбати билан бирдан одам ҳар куни пахтага чиқсин, хоҳласанг ўрнингга мардикор чиқар ёки пулини тўла”, деган маънода тушиниш мумкин. Хатни олиб келганларга “Мен пахта теримига чиқмайман, пахта ҳосилини йиғиб олишга меҳнатим билан ҳам, пулим билан ҳам ҳисса қўшмайман”, деб жавоб бердим. Бу ҳолат ҳар йили такрорланади, -деди Аббос Асад.
Мустақил журналист пахтага чиқишдан бош тортгани учун шу кунгача маҳлла фуқаролар йиғини томонидан имтиёзлардан маҳрум этилмагани ёки тазйиққа олинмаганини алоҳида таъкидлади.
"Мажбурий меҳнатга қарши варақалар тарқатапмиз"
Тошкентдаги “Ҳуқуқ ҳимоячилари альянси” фаоллари эса мажбурий меҳнатга қарши варақалар тарқатиш орқали курашмоқда. Альянс раҳбари Елена Урлаеванинг айтишича, варақа Ўзбек-немис форуми томонидан тайёрланган бўлиб, унда Ўзбекистон қонунларида мажбурий меҳнат тақиқлангани тўғрисидаги иқтибослар, мажбурий меҳнатга жалб қилинаётган фуқаро қайси ташкилотларга ёки кимларга мурожаат қилиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотлар берилган.
- Ҳозир Малоҳат Эшонқулова Самарқандга кетган, Шуҳрат Рустамов Қашқадарёда ишлаяпти. Мен ўзим Тошкент вилоятида қолдим. Ҳамма жойда кунига юзта-икки юзтадан мана шу варақаларни тарқатаяпмиз. Шу кунгача варақаларимизни ўқиган бир қатор одамлар ўзларини мажбурий меҳнатдан ҳимоя қилишни ёки бу иллатга қарши қандай курашиш мумкинлигини тушунтириб беришни илтимос қилиб мурожаат қилди. Аста секинлик билан жамоатчилик орасида ўз ҳуқуқи таъминланиши учун ҳаракат қилаётганлар пайдо бўлмоқда,- деди Елена Урлаева.
Ўзбекистонда пахта теримига мажбурий сафарбарлик 10 сентябрдан бошланган эди.