Ўзбек адабиётининг бободеҳқони Миртемир таваллудининг 105 йиллигини нишонлаш Ўзбекистонда унутилган бўлса-да, бу сана унинг киндик қони тўкилган Қозоғистонда ёдга олинмоқда. Шу кунларда Туркистон шаҳрида Миртемир таваллуди муносабати билан бир қатор тадбирлар бошланаётир. Ўзбекистон ҳукумати унутган Миртемир ҳақида қозоғистонлик ижодкор Абдумалик Сармонов билан суҳбатлашдик.
Миртемир тахаллуси билан ўзбек адабиётида ўчмас из қолдирган Миртемир Умарбекович Турсунов 1910 йилнинг 28 майида ҳозирги Қозоғистоннинг Туркистон шаҳри яқинидаги қишлоқлардан бирида туғилган. 1979 йилнинг 25 январида, яъни 69 ёшида вафот этган. Миртемир домла Ўзбекистон халқ шоири, Ҳамза номидаги Ўзбекистон давлат мукофоти лауреати бўлган эди. 2002 йилда Ўзбекистон президенти фармони билан "Буюк хизматлари учун" ордени билан тақдирланган.
Адабий фаолиятини 1926 йилда бошлаган Миртемир 1930 йилдаги Сталин қатағонлари пайтида репрессияга учраган ва кейинчалик қамоқдан чиқарилган эди.
Миртемирнинг ўзбек адабиётига қўшган ҳиссаси жуда улкан, десак янглишмаймиз. У ўнлаб шеърий тўпламларини нашр этиш билан бирга, жаҳон классикасининг кўплаб асарларини, жумладан, Шота Руставелининг “Арслон терисини ёпинган паҳлавон” поэмасини, “Манас” эпосини, Пушкин, Лермонтов, Абай, Робиндранат Тагор асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Миртемир шеърларидан намуналар
ОНАГИНАМ
Товонимга чақир тиканакдай ботувчи — ғашлик,
Бедаво сизловиқдай сизлатгувчи — ғашлик.
Жигаримни қиймалаб аҳён-аҳён,
Чучварага чеккувчи — ғашлик.
Мени ўйлаб нотавон ва нимжон,
ғашимга теккувчи — ғашлик.
Суякларимни сирқиратиб,
оч теватдай ғажигучи,
Кўзимга ёш тирқиратиб,
жиғилдонимда аччиқ бўзадай ачигувчи ғашлик…
Дунёга қайта келишимга кўзим етсайди,
Йигит ёшим тўлмай туриб,
Айрилиқ зайлида қоқ ёғочдай қуриб
Жон берган онамни кўришимга
кўзим етсайди,
Тиззасига бир нафас бош қўйишимга
кўзим етсайди,
Оналик меҳрига ўбдон тўйишимга
кўзим етсайди,
Оқ сутингни оқлай, дейишимга
кўзим етсайди,
Менда ғашлик нетарди?
Янтоқ ўтинидек,
Тамаки тутунидек,
Тонг пайтида таралган бадбахтлик тунидек —
Чексиз фазоларга тарқаб кетарди!
Онагинам!
Одам бўлдимми менам?
Йигит ёшимгача бир челак сув келтириб
бермаган бўлсам,
Ё ташналигингда бир коса шарбат тўлдириб
бермагам бўлсам,
Ё нон ёпишинг учун,
Ҳатто бир йўла, бир кун
Саҳродан ўтин орқалаб келмаган болангман…
Оғзингдан сўз чиқмай, елмаган болангман…
Сенинг арзимас бир юмушингни адо этолмаганим,
Сенинг бир ишорангга юз ўмбалоқ ошиб кетолмаганим!
Сени жиндак хушвақт қилгани,
Сени жиндак хушбахт қилгани —
Тагсиз жарлардан ўтолмаганим,
Сени сўнгги йўлга ўзим кузатолмаганим —
Тоғдай зил.
Абадиятдай чексиз армон бўлиб қолди дилимда,
онагинам!
Одам бўлдимми менам?
Ҳа, одам санашар мени элимда,
Сенга қилолмаган хизматим,
Сен деб чеколмаган заҳматим —
Жиндак зеҳним, жиндак шеърим, жиндак ғазалхонлигим
Оналик меҳрига тўймаган меҳрим,
жиндак яхшилик ва ёмонлигим
Мени одам санаган элимга бахшида,
жафодийда онагинам!
Элга хизматим — сенга хизматим эмасми ахир,
Эл мени фарзандим демасми ахир!
Рози бўл, одам саналай менам…
Дунёга қайтиб келурман,
Лекин бошқа ўғил бўлиб…
* * *
Қоронғулик тушар,
Бағрим увишар,
Танҳоликда қайта туғиламан мен.
Ёрилиб кетгудай
Тамом йитгудай,
Токи тонг отгунча бўғиламан мен.
Кўзимга ёруғлик,
Сўзимга ёруғлик,
Соғ жонга ёруғлик сўрайман тонгдан.
Армонли йўлчиман,
Армонли куйчиман,
Жаҳонга ёруғлик сўрайман тонгдан.
БЕТОБЛИГИМДА
Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Қоврилмай ғашлик алангасида,
Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Нафасимни ростлай кўланкасида.
Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Қушлар овозига қулоқ солайин.
Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Хаёл оғушида ором олайин.
Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Шу кунгача ўзни мен чеклаб бўлдим.
Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Мен учун йиғласин мен йиғлаб бўлдим.