Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:41

Қирғизистон: Сайловнинг эртаси сайловчи билан ҳисоб-китоб бошланди


4 октябрда Қирғизистонда ўтган парламент сайловида айрим сайлов участкаларида навбатлар кузатилди.
4 октябрда Қирғизистонда ўтган парламент сайловида айрим сайлов участкаларида навбатлар кузатилди.

Қирғизистонда 4 октябрь куни парламент сайловлари якунланганидан сўнг жой-жойларда оз овоз олиб қолган партиялар сайловчилар билан ҳисоб-китобни бошлагани ҳақида қирғиз матуботи турли хабарларни чоп этмоқда. Масалан, Норин ва Қорасувда сайловгача маҳаллаларга ўрнатиб берилган трансформаторлар, сайловдан сўнг демонтаж қилинди.

Ўш вилоятининг Қорасув туманидаги Мўнўк қишлоғига сайловда иштирок этаётган партиялардан бири трансформатор ўрнатиб берган, яна бир партия йўлларни таъмирлаган, учинчи бир партия ариқларни янгилаган эди. 4 октябрда сайлов якунига етиб, овозлар саналганидан сўнг қишлоққа ўрнатилган трансформатор демонтаж қилинди. Маҳаллий аҳолининг айтишича, бунга мазкур қишлоқдан трансформатор ўрнатган партияга оз овоз берилгани сабаб бўлган.

​- КСДП партиясидан номзодлар “Бизни сайланглар”, деб трансформатор ўрнатишган эди. Сайлов ўтганидан сўнг, яъни 8 октябрь куни “КСДПга бу кўчадагилар оз овоз бериб қўйибди”, деб трансформаторни кўчириб олиб кетишди, - деди Мўнўк қишлоғида яшовчи Акилбек.

КСДП партиясидан депутатликка номзод бўлган Дийканбай Даминов "трансформаторнинг бу қишлоқдан олиб ташланишини сайлов натижалари билан боғламаслик керак", деб фикр билдирди:

- Бу ерда иғво бўлаяпти. Бошқа қишлоқларда ҳам одамлар яшайди. Мен халқни ўйлаб, бу ердаги трансформаторни бошқа қишлоққа кўчириб бердим. Бу қишлоққа эски трансформаторнинг ўзи етарли, балки бу воқеадан менинг оппонентларим пашшадан фил ясашаётгандир, - деди депутатликка номзод.

Қирғиз матбуотининг ёзишича, Норин вилоятида ҳам худди шундай воқеа кузатилган. Сайлов арафасида қишлоқлардан бирига ўрнатилган трансформатор, сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилинганидан сўнг кўчирилиб, бошқа жойга олиб кетилган.

Бундай воқеаларни шарҳлар экан, ўшлик инсон ҳуқуқлари фаоли Иззатулла Рахматуллаев Озодликка мана буларни билдирган:

- Мен бугунги кунни “Бир ойлик расмий одам алдаш мавсуми ниҳоясига етди, эртага навбатдаги “аттанг”, деган беш йиллик бошланади”, деган бўлардим. Сабаби, мана шу бир ойлик сайлов тарғиботи жараёнида ҳар бир партия қўлидан келган, келмаган ваъдаларни бериб, одамлар кўнглида умидлар уйғотиб қўйди. Гапни очиғи, берилган бу ваъадалар бажарилишига ақлим етмайди. Эртага сайлов бўлиб ўтса, индинга бизда коммунизим бўлади ё ҳуррият бўлади, деб айтолмайман, - дейди ҳуқуқ фаоли.

Қирғизистонда 4 октябрда ўтган парламент сайловларида дастлабки маълумотларга қараганда Социал демократлар партияси ғолиб чиқди. Сайловда иштирок этган 14 партиядан 6таси парламентдан ўрин эгаллаш учун етарли даражада овоз қолган.

Марказий сайлов комиссияси 120 ўринли қирғиз парламентидаги 38 мандат социал демократлар, 28 мандат “Республика –Ота Юрт”,18 мандат “Қирғизистон”, 13 мандат “Тараққиёт –Прогресс”, 12 мандат “Бир бўл”, 11 мандат “Ота Макон” партияларига насиб этишини эълон қилди.

Сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган сайловчиларнинг 56 фоизга яқини иштирок этган.

ЕХҲТ кузатувчилари Қирғизистондаги сайловни минтақадаги уникал ҳодиса ўлароқ баҳолади.

“Сайловларни рақобат ва эркин асосда ўтказилиши Марказий Осиёда уникал ҳодиса бўлди, чунки соат 20.00 га қадар ҳеч ким сайлов натижалари ва бўлажак парламент таркибини билмасди”, деди ЕХҲТкузатувчилари қисқа муддатли миссиясининг раҳбари Санчес Амор.

Мазкур сайловларни кузатган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши кузатувчилари миссиялари ҳам бу сайловларга ижобий баҳо бердилар.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, 4 октябрда бўлиб ўтган парламент сайловларини жами 60 мамлакатдан бўлган 613 нафар кузатувчи кузатиб борган.

XS
SM
MD
LG