Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:38

Қирғизистон янги парламентидаги 120 депутатдан уч нафари ўзбек


Қирғизистон парламенти мажлислар зали.
Қирғизистон парламенти мажлислар зали.

Бугун қасамёдга келтирилган Қирғизистон янги парламентининг 120 депутати орасида ўзбеклар уч кишини ташкил қилмоқда. Уларнинг барчаси президент Алмазбек Атамбаев мансуб бўлган ҳукмрон Социал демократлар партиясидан депутатликка сайланган шахслардир. Парламентга келган қолган беш партия вакиллари орасида эса миллий озчилик вакиллари деярли йўқ.

Қирғизистон янги парламентининг бугунги биринчи йиғинига Конституцияга мувофиқ депутатлар орасида ёши энг катта бўлган Анвар Ортиқов раислик қилди. Анвар Ортиқов янги сайланган депутатлардан қасамёд қабул қилиб олди, Марказий сайлов комиссияси раиси Туйғунали Абдраимов эса қасамёд қабул қилган депутатларга мандатларни топширди.

-Мен Қирғизистон Жогорку Кенеши депутати ваколатларини бажаришга киришар эканман, Қирғиз Республикасига содиқлигимни билдириб, Қирғиз Республикаси Конституцияси ва қонунларига амал қилишга, ўз вазифамни халқ манфати йўлида бажаришга, Қирғиз Республикаси мустақиллиги, ҳудудий яҳлитлигини кўз қорачиғидек асрашга қасамёд қиламан, - деб онт ичди янги депутатлар.

Янги парламентда аввалги чақириқдаги парламентларга нисбатан депутатлар орасида миллий озчилик вакиллари оз эканини кузатиш мумкин. Масалан, бундан аввалги парламентда ўзбек, тожик, дунган, корейс, рус, уйғур, қорачой, немис миллатлари вакилларига ҳам жой берилган эди. Жорий парламентда эса, Марказий сайлов комиссияси эълон қилган 120 депутат рўйхатига қаралса, уч нафар ўзбек, бир нафар тожик, бир нафар уйғур ва тўрт нафар рус бор. Парламентда миллий озчилик вакилларни тамсил этувчи бу 9 киши парламент депутатларининг 10 фоизини ҳам ташкил этмайди.

Миллий озчилик вакилларидан депутатликка сайланганларнинг кўпчилиги, жумладан, уч ўзбек депутати – Анвар Ортиқов, Илҳом Маннонов ва Нодирбек Каримов президент Алмазбек Атамбаев мансуб бўлган Социал демократлар партиясидан сайланган.

Анвар Ортиқов бундан аввалги бешинчи чақириқ парламентига “Ор-Номус” партиясидан депутатликка сайланган эди. 2005 йил март инқилобидан сўнг Анвар Ортиқов Ўш вилоятининг губернатори бўлиб ишлаган.

Илҳом Маннонов ва Нодирбек Каримов эса биринчи марта парламент депутатлигига сайланди. Илҳом Маннонов депутатликка сайлангунига қадар Ўш вилояти Аравон туман Ички ишлар бўлими бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишлаган.

Нодирбек Каримов эса парламентга келгунгига қадар Ўш вилоятидаги йирик шаҳарлардан бири бўлган Ўзган шаҳрининг мэри лавозимида ишлаган.

Қирғизистон олтинчи чақириқ парламентига сайлов 4 октябрда ўтказилган. Халқаро ва маҳаллий кузатувчилар Қирғизистон парламентига ўтказилган сайловни Марказий Осиё учун уникал ҳодиса сифатида баҳолаб,овоз бериш жараёни демократик тамойилларга асосан ҳолис ва адолатли ўтганини таъкидлаган эди.

Сайловда 14 партия иштирок этган. Улардан олтитаси сайловчиларнинг етарли овозини олиб, парламентдан ўрин олди. Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси овоз бериш натижаларига кўра, 120 депутатлик ўрнидан 38тасини Социал демократалар, 28тасини "Республика - Ата Журт", 18тасини "Қирғизистон", 13 тасини "Ўнугу - Прогресс", 12тасини "Бир бўл", 11тасини "Ата Мекен" партияларига бўлиштирган.

XS
SM
MD
LG