Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:43

Ўзбекистондан Қозоғистонга кўчаётганлар сони озайди


Олмаота вилояти Талғар тумани Жалғамис овулидаги йўл четида иш берувчини кутиб ўтирган мардикор этник қозоқ аёллар.
Олмаота вилояти Талғар тумани Жалғамис овулидаги йўл четида иш берувчини кутиб ўтирган мардикор этник қозоқ аёллар.

Қозоғистонда икки йил аввал Миграция тўғрисидаги янги қонун қабул қилиниши ортидан бу мамлакатга бошқа давлатлардан, жумладан, Ўзбекистондан кўчиб келаётган қозоқлар сони кескин озайди. Қозоғистонга шу кунгача "Ўролмон" давлат дастури асосида кўчиб ўтган этник қозоқларнинг 78 фоизи Ўзбекистон фуқаролари бўлган.

Ўзбекистонлик этник қозоқ Буайда Бабакулованинг фарзандлари бир неча йил олдин Олмаотага кўчиб ўтган. Шундан сўнг у ўтган йили Ўзбекистондаги уйини сотиб, фарзандлари олдига кўчиб ўтган. Буайда Қозоғистонга кўчиб ўтганидан сўнг катта қийинчиликларга дуч келганини Озодлик радиоси қозоқ хизмати мухбирига айтиб берган.

-Ўтган йили биз эрим билан болаларимиз олдига кўчиб ўтдик. Бироқ бизни ўролмонлар қаторида қабул қилишмади. Дастлаб эрим банкда ҳисоб очиб, унга 2 миллион танга омонат қўйди. Шундан сўнггина уни доимий яшайдиган шахс қаторида рўйхатга олишди. Орадан олти ой ўтгач, мен ҳам ҳудди шундай йўл билан рўйхатдан ўтдим. Рўйхатдан ўтгунимча олти ой давомида пенсиямни ҳам ололмадим, - дейди Буайда Бабакулова.

Олмаотада ўролмонлар муаммоси билан шуғулланувчи “Отандас эл” ташкилоти раҳбари Кайрат Байтолла Бувайда Бабакулова сўнгги йилларда Қозоғистонда оғир қийнчиликларга дуч келаётган ягона одам эмаслигини айтади. Унга кўра, 2013 йилда Қозоғистон миграция қонунчилигига киритилган ўзгартишларда бошқа давлатлардан кўчиб келган қозоқларга 4 йилдан сўнг фуқаролик берилиши қайд этилгани ортидан ўролмонлар ўта оғир шароитларда яшашга мажбур бўлмоқда.

- Қонунга киритилган ўзгартишлар оқибатида мамлакатга кўчиб келаётган ўролмонлар сони кескин камайгани ҳеч кимга сир эмас. Қозоғистонга кўчиб келган этник қозоқлар энди тўрт йилдан сўнггина фуқароликка қабул қилинади. Бу қонунга қарамай Қозоғистонга кўчиб келаётганлар эса жуда оғир шароитларда, хатто қочқинларга нисбатан ҳам оғирроқ шароитда яшашга мажбур бўлмоқда, -деди Кайрат Байтолла.

2013 йилга қадар Қозоғистонга бошқа мамлакатлардан кўчиб келган этник қозоқлар, яъни ўролмонлар енгиллаштирилган тарзда фуқаролик олиш ҳуқуқига эга эди. 2013 йилда Миграция қонунига ўзгартишлар киритилиши ортидан Қозоғистонга кўчиб келган қозоқлар дастлаб доимий яшаш учун рўйхатдан ўтиши зарур. Бу жараён бир неча ойларга чўзилиб кетади. Шундан сўнг улар тўрт йил давомида фуқаролик олиш учун ҳаракат қилишлари керак бўлади.

Қозоғистон ҳукумат тузилмалари тарқатган расмий маълумотларга қараганда, 2015 йилнинг 9 ойи мобайнида мамлакатга бошқа давлатлардан 3012 этник қозоқ кўчиб келган. Бу рақам ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баробарга, 2013 йилга нисбатан эса 9 баробарга оздир.

Расмий маълумотларда қайд этилишича, Қозоғистонга шу кунгача кўчиб ўтган этник қозоқларнинг 78 фоизи Ўзбекистон, 6,7 фоизи Туркманистон, 6 фоизи Хитой, 3,1 фоизи Монголия, 5,6 фоизи эса бошқа давлатлар фуқаролари бўлган.

XS
SM
MD
LG