Европа қайта қуриш ва тараққиёт банки, Халқаро валюта жамғармаси ва расмий Тошкент 2015-2016 йилларда Ўзбекистон иқтисодиётига оид бир-биридан фарқ қилувчи рақамларни эълон қилмоқда. Тошкентнинг иқтисодий ўсиш бўйича кўрсаткичлари халқаро молия институтлариникидан анча оптимистик экани билан фарқланади.
"Иқтисодий ўсиш инфляциядан ортда қолмоқда"
Европа қайта қуриш ва тараққиёт банки жорий йилда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўсиши ўтган йилга нисбатан 0,6 фоизга оз бўлишини ва 7,5 фоизни ташкил этишини билдирди. 2014 йилда Ўзбекистонда ЯИМ ўсиши 8,1 фоиз бўлган эди.
Банкнинг башорат қилишича, 2016 йилда Ўзбекистонда ЯИМ ўсиши янада озаяди ва 7,2 фоиз даражасида бўлади.
Халқаро валюта жамғармасининг Ўзбекистонга нисбатан башоратлари эса Европа қайта қуриш ва тараққиёт банкининг маълумотларидан камида бир фоизга фарқ қилади.
Халқаро валюта жамғармаси 20 майда эълон қилган ҳисоботида жорий йилда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот 6,2 фоизга тушади, инфляция эса 9,5 фоизга етади, деб тахмин қилган.
Халқаро молия институтларининг бу маълумотларини шарҳлар экан Марказий Осиё иқтисодини ўрганувчи украиналик мутахасис Вячеслав Зубенко қуйидагиларни айтди:
- Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши инфляция даражасидан ортда қолаяпти. Халқаро молия институтлари ҳисоботидан мана шу нарсани англаш мумкин. Бу эса Ўзбекистонда сўм долларга нисбатан янада қадрсизланишда давом этади, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи қимматлайди, Ўзбекистон ҳукумати эса бу номутаносибликни бартараф этиш учун яна қўшимча пулни муомалага чиқаришга мажбур бўлишини англатади, - дейди Вячеслав Зубенко.
"Тошкент самарали иқтисодий ислоҳот ўтказиши зарур"
Европа қайта қуриш ва тараққиёт банки 5 ноябрда эълон қилган янги ҳисоботда айтилишича, Ўзбекистондаги иқтисодий ўсиш кўрсаткичларининг камайтирилиши Россиядан меҳнат муҳожирлари жўнатаётган пул миқдорининг кескин озайгани ва Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари бўлган давлатларда иқтисодий ўсишнинг сусайиши билан боғлиқ.
“Сўм 2014 йилда сезиларли даражада қадрини йўқотди ва 2015 йилда инфляция даражаси ўтган йилги 8,4 фоизга нисбатан 8,8 фоизни ташкил қилади”, дейилади банкнинг 5 ноябрда эълон қилган янги ҳисоботида.
30 октябрда Олий Мажлисга тақдим этилган янги бюджет лойиҳасида Ўзбекистон ҳукумати 2016 йилда ЯИМ ўсишини 7,8 фоиз даражасида режалаштирилаётгани билдирилган эди.
Халқаро валюта жамғармаси эса расмий Тошкент самарали иқтисодий сиёсат ўтказа олсагина, Ўзбекистондаги вазият бир оз ўнгланишини айтмоқда. Хусусан, 2016 йилда Ялпи ички маҳсулот ўсиши 6,5 фоиз бўлишига эришиш мумкин.
Халқаро валюта жамғармасининг бу хулосасига ўз номини айтмаслигимизни илтимос қилган ўзбекистонлик кекса иқтисодчилардан бири ҳам қўшилади. Унга кўра, Ўзбекистон ҳукуматининг ўтган йилларда 11 фоиз, кейинги йилларда эса 8-10 фоизли иқтисодий ўсишни иддо қилиб келгани халқни алдашдан бошқа нарса эмасдир.
- Аграр республикада 8 фоиз ўсиш бўлиши мумкин эмас. Индустриал мамлакатларда уч фоиз ўсиш кузатилаётган пайтда, аграр республиканинг 8 фоизга ўсиши мутлақо мумкин эмас. Бу экономика назариясига қарама-қарши келади. Тарихда бўлмаган 11 фоизли ўсиш. Урушдан кейинги Сталин замонларидаги қайта тикланиш даврларида ҳам ялпи ички маҳсулот ўсиши аранг 10 фоизга етиб борган эди, - дейди иқтисодчи.
"Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун ГЭСлар қуриш керак"
Суҳбатдошимизнинг айтишича, Ўзбекистон ҳақиқий иқтисодий тараққиётга эришиши учун энг аввало халқаро сармоядорлар билан амалга ошираётган лойиҳаларининг камида 10тасини кичик ГЭСлар қуришга қаратиши зарур:
- Ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун амалга оширилаётган 35 та лойиҳадан камида 10таси ўрта ёки кичик ГЭСлар қурилишига қаратилиши керак. Чунки Ўзбекистонда энергия ресурслари етишмайди. Шунинг учун ҳам ишлаб чиқариш кучларини ривожлантира олмайди. Дўппи тикиш ёки касаначилик деган қарорларни чиқариш. Буларнинг ҳаммаси майда-чуйда нарсалар, - деди кекса иқтисодчи.
"Россиядаги инқироз Марказий Осиёга қаттиқ таъсир ўтказади"
Европа қайта қуриш ва тараққиёт банки экспертлари Ғарб санкциялар жорий этганидан кейин Россияда юзага келган иқтисодий инқироз Марказий Осиё мамлакатларнинг барчасига 2015-2016 йиллар мобайнида ўз таъсирини ўтказмай қолмаслигини айтмоқда.
“Нефть, газ ва металларга нархларнинг яна тушиб кетишидан аввало хом ашё экспорт қилувчилар зарар кўрди. Рубль қадрининг тушиб кетиши ва Россия иқтисодиётида рецессиянинг давом этаётгани Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё валюталарига босимни кучайтирди, бу ҳолат мазкур минтақаларнинг Россия билан кенг қамровли савдо-сармоявий ва молиявий алоқаларга эгалиги ортидан юз бермоқда”, дейилади ҳисоботда.
Европа қайта қуриш ва тараққиёт банки Марказий Осиёда фақат Туркманистонда ўтган йилги иқтисодий ўсиш даражаси сақланиб қолинишини ва бу кўрсаткич 8,5 фоиз эканини билдирган. Банкнинг иқтисодий башоратларига қараганда, Қозоғистонда ЯИМ ўсиши жорий йилда 1,2 фоизни, 2016 йилда 1,5 фоизни, Тожикистонда иқтисодий ўсиш жорий йилда 5, кейинги йилда 4,5 фоизни ташкил қилади.