Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:31

Париждаги террор ортидан Қирғизистонда хавфсизлик кучайтирилди


Париждаги террор ҳужумида 132 одам ҳалок бўлган ва 350дан ортиқ одам яраланган.
Париждаги террор ҳужумида 132 одам ҳалок бўлган ва 350дан ортиқ одам яраланган.

Франция пойтахти Парижда 13 ноябрь куни 130дан ортиқ одам ҳалок бўлган террорчилик ҳужумлари ортидан Қирғизистонда ҳам хавфсизлик чоралари, жумладан, экстремистик деб ҳисобланадиган диний радикал оқимлар устидан назорат кучайтирилди. Қирғизистонда жорий йилда террорчиликда гумонланган бир қатор шахслар махсус амалиётлар пайтида жисмонан йўқ қилинган эди.

Қирғизистон Бош вазири Темир Сариев Миллий хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлигига мамлакатда хавфсизлик чораларини кучайтириш ҳақида кўрсатма берди. Ҳукумат раҳбарининг матбуот котиби Бакит Асановга кўра, Қирғизистоннинг барча ҳудудларидаги жамоат жойлари кучайтирилган тарзда назоратга олинади.

- Йирик савдо марказлари, ижтимоий объектларда хавфсизлик чораларини кучайтиришга кўрсатама берилди. Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига жамоатчилик орасида террорчилик ҳаракатлари ҳақида тушунтириш ишларини олиб бориш топширилди. Бош вазир халққа ҳам мурожаат қилиб, жамиятни огоҳликка чақирди, - деди Бакит Асанов.

Ички ишлар вазирлигининг Ўш шаҳри ва вилояти бўйича бошқармаси эса экстремистик деб ҳисобланадиган диний гуруҳларга нисбатан назорат ҳам кучайтирилганини маълум қилди. Сурияга Қирғизистондан “жиҳод”га кетганларнинг кўпчилиги Ўш ва Жалолобод вилоятидан эканини ҳисобга олган ҳолда мана шундай қарор қабул қилинган. Сўнгги хабарларга қараганда, Қирғизистондан Сурияга урушга кетгани аниқланган қирғизистонликлар сони 400 кишидан ошган.

- Бугунги кунда Ўшда хавфсизлик масаласида муаммо йўқ. Бироқ Париждаги воқеадан сўнг ўз фаолиятимизни кучайтирдик. Вокзаллар, бозорлар ва бошқа жамоатчилик жойларида назорат кучайди. Диний оқимлар бўйича ишларни ҳам қайта жонлантирдик, - деди Ички ишлар вазирлигининг Ўш шаҳри ва вилояти бўйича бошқармаси раҳбари Суюн Ўмурзақов.

Қирғизистонда ўтган ойда “Жайшул Маҳдий” ташкилотига алоқадорликда айбланиб қамалган 9 киши Бишкекдаги қамоқхонадан қочиб кетган эди. Улар қамоқдан қочиш жараёнида қамоқхона нозирларидан 4 кишини ўлдирган. Махсус амалиёт пайтида қамоқдан қочганларнинг кўпчилиги жисмонан йўқ қилинган. Амалиёт пайтида тинч аҳоли вакилларидан икки киши ҳалок бўлган ва махсус хизматнинг бир ходими яраланган эди.

Шу йилнинг 16 июлида Бишкекнинг қоқ марказида ва шаҳар яқинида ўтказилган махсус амалиётларда террорчи деб аталаётган 6 шахс жисмонан йўқ қилинган, отишма пайтида эса уч-тўртта хусусий уй вайрон бўлган эди.

Шулардан келиб чиққан ҳолда хавфсизлик соҳаси мутахасислари Қирғизистонда ҳам террорчилик ҳаракатлар содир этилиш хавфи мавжудлигини айтмоқдалар.

- Террор ҳужумлари бўлмайди, деб айта олмаймиз. Чунки Қирғизистондан кучли Францияга ҳужум қилинди. Россиянинг учоғи “Исломий давлат” томонидан портлатилгани тахмин қилинаяпти. Франциядаги воқеалар “Исломий давлат” гуруҳининг жанггарилари барча ҳудудларда мавжуд эканини кўрсатди. Сурияга кетган фуқароларимиз кўплиги ҳам бу хавфни кучайтиради. Уларнинг айримлари Қирғизистонда фаолият юритаётган бўлиши ҳам мумкин, - деди хавфсизлик соҳаси эксперти Талант Раззаков.

XS
SM
MD
LG