Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:25

Пикетга чиқмоқчи бўлганларнинг газдан қарздорлиги бекор қилинди


Челаклик Баҳодир Саримсоқов президент девони олдида пикет ўтказиш ниятини билдирганидан сўнг 2 миллион сўмлик қарздорликдан қутилди.
Челаклик Баҳодир Саримсоқов президент девони олдида пикет ўтказиш ниятини билдирганидан сўнг 2 миллион сўмлик қарздорликдан қутилди.

Самарқанд вилояти Челак шаҳрида яшовчи Баҳодир Саримсоқов Тошкентга президент девони олдида норозилик пикети ўтказиш учун келиб кетганидан сўнг, унинг ва маҳалладошларининг газдан бўлган ноқонуний қарздорлиги суд ҳукми билан бекор қилинди. Бу ҳақда Озодлик радиосига Баҳодир Саримсоқовнинг ўзи айтиб берди.

"Пикет ўтказмоқчи бўлганимиздан сўнг қарздорлигимиз бекор қилинди"

Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Челак шаҳрида яшовчи 56 ёшли Баҳодир Саримсоқов 25 ноябрь куни президент девони олдида пикет ўтказиш нияти билан Тошкентга келгани ҳақида Озодлик радиоси аввал хабар қилган эди.

Ўшанда уни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман милицияси ушлаб, ички ишлар бўлимига олиб кетган ва уч соат суҳбатлашилганидан сўнг қўйиб юборган эди.

Баҳодир Саримсоқовнинг айтишича, 25 ноябрь куни милицияда бўлган суҳбати чоғида, у Тошкентга адолат излаб келганини, маҳалласида газ узиб қўйилганига 7 йил бўлганига қарамай, “Челакгаз” корхонаси уни 2 миллион сўм қарз қилиб қўйганини, суд ижрочилари мол-мулкини мусодара қилмоқчи бўлишаётганини айтган. Шундан сўнг милиця ходимлари унинг аризасини тегишли идораларга етказишга ваъда қилиб, қўйиб юборган.

Баҳодир Саримсоқовнинг 30 ноябрь куни Озодлик радиосига билдиришича, ўша воқеадан икки кун ўтганидан сўнг ўзи ва бир гуруҳ маҳалладошларининг газдан бўлган қарздорлиги бекор қилинган.

- Сўнгги вазият мана бундай бўлди. Тошкентдан қайтиб келганимиздан сўнг қарздорликлар йўқ бўлди. Нимага деганда, маҳалламизга газ 2008 йилдан бери берилмаган, турба узилган. 2015 йилда эса бизни қарздор қилишиб, ишимизни судга ўтказиб юборишган.Ҳозир қарздорлигимиз ҳақидаги суд қарори ҳам бекор бўлди, қарзларимиз ҳам бекор бўлди, -деди Баҳодир Саримсоқов.

"Ўзбекистонда аҳолини газдан ноқонуний қарздор қилиб қўйиш амалиёти авж олган"

Аҳолининг газдан сунъий тарзда қарздор қилинаётгани юзасидан мустақил текширув олиб бораётган тошкентлик ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов Баҳодир Саримсоқов ўз қарздорлигини йўқ қила олишга муваффақ бўлган камдан кам истеъмолчилардан бири эканини айтди. Шуҳрат Рустамовга кўра, аҳолига ишлатилмаган газ учун қарз илиниши ҳолатларини Ўзбекистоннинг барча вилоятларида кузатиш мумкин.

- Навоий, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларида, Қамаши, Яккабоғ, Нишон туманларида бундай ҳолат авж олган. Ишлатилмаган газ учун қарздор қилиб қўйилган одамлар сони жуда кўп. Бироқ уларнинг кўпчилиги бундан шикоят қилиб, ҳуқуқ фаолларига мурожаат қилишдан қўрқади, -деди Шуҳрат Рустамов.

Фаолнинг айтишича, газдан ноқонуний равишда қарздор қилиб қўйилган фуқароларнинг ишларини судда кўриб чиқилиши ҳам йилларга чўзилиб кетади. Масалан, Шуҳрат Рустамов икки йилдан бери самарқандлик опа-сингил Муҳайё ва Мастура Муродоваларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиб келаётганини айтди. Унга кўра, газдан ноқонуний қарздор қилиб қўйилганидан ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига шикоят қилганидан сўнг бу опа-сингилларга нисбатан жиноят иши очилган.

"Ҳолвани ҳоким, калтакни етим ёйди"

Навоий вилоятидаги Кармана туман “Карманагаз” идорасида ишлаган Тўхтагул Турдиева бир неча йиллардан бери аҳолининг газдан ноқонуний қарз қилинишига қарши курашиб келаётган инсонлардан бири. Унинг айтишича, ўзбекистонликларнинг оммавий тарзда газдан қарз бўлиб қолишлари мамлакатда авж олган коррупция билан боғлиқдир.

- Қонун бўйича, ишчиларнинг ойлик маошларидан ишлатилган газ учун ҳақ олиб қолиниши керак. Газ истеъмол қилинганидан сўнг, унинг ҳақи бир ой мобайнида тўланиши лозим. Агар бир ой ичида тўлай олмаса, тўлов муддати ўтганига ўн кун бўлганидан кейин пеня ёзила бошлайди. Лекин бизда бюджет ташкилотларида ишлайдиган одамлар қарздор, деб топилиб, уларнинг ишхоналарига ҳисоб жўнатилади ва улар ҳали ишлатилмаган газ учун яна ҳақ тўлашади.

Кўпчилик: “Газ ҳақини олдиндан тўлаганман,менга "газдан қарзи йўқ”, деган қоғоз беринг", деб шикоят қилиб келади. Лекин уларга бундай маълумотнома бериш тақиқланган. Чунки бу одамларнинг иш ҳақидан ой сайин ишлатилмаган газ учун 200, 300, 500 минг сўмдан ушлаб қолинаверади. Газ қорхонасида газдан нореал қарздорлик пайдо бўлганидан сўнг, бу қарз аҳоли зиммасига юклатилади, яъни аҳоли сонига қараб, қарз бўлиштирилади.

Озодлик: Ўша нореал қарздорлик нимадан пайдо бўлади?

- Аҳоли бунча миқдорда газ истеъмол қилиши мумкин эмас. Бу нарсани фақат улгуржи газ истеъмолчиларидан сўраш керак. Асосий улгуржи истеъмолчилар ёғ, гипсокартон, оҳак ишлаб чиқарувчи цехлар. Кейинги ўринда ошхоналар ва новвойхоналар туради. Аҳолига бўлиштирилган газ учун қарздорликни айнан мана шу улгуржи истеъмолчилар тўлаб, жойига қўйиши керак.

Озодлик: Сиз айтган истеъмолчилар газни ўғирлаб ёқадими ёки пулини бермайдими? Нега улар тўлаши керак?

-Энди бу нарсани айтганим билан исботлаб бера олмайман. Лекин ўзим бу воқеанинг гувоҳи бўлганман, кўп марта. Улгуржи истеъмолчилар газ корхонаси билан келишган ҳолда ишлайди. Масалан, “Карманагаз”га текширувчилар келади. Бирон бир ошхонада текширувчиларга зиёфат қилиб берилади. Бунинг учун ошхона газ корхонасидан ҳақ олмайди. Газ идораси эса бунинг эвазига ошхонанининг ҳисоблагичини тўхтатиб қўяди ёки бошқа бир йўлларини топиб, газ учун ҳақ олмайди, - деди Тўхтагул Турдиева.

Мазкур лавҳани тайёрлаш жараёнида суҳбатдошларимиз айтган масалалар юзасидан иккинчи томоннинг фикрини ўрганиш мақсадида Челак, Самарқанд ва Кармана газ идораларига ҳам мурожаат қилдик. Лекин мазкур шаҳарлардаги газ мутассадилари Озодлик саволларига жавоб беришдан тийилдилар ва “Бундай нарсалардан хабаримиз йўқ”, деб гапни қисқа қилдилар.

XS
SM
MD
LG