Тожикистонда 7 декабрда юз берган кучли зилзила оқибатида Сарез кўли атрофидаги аҳоли пунктларига зарар етганига қарамай, кўлдаги вазият барқарор экани таъкидланмоқда. Мутахассислар Сарез кўли тўғони очилиб кетса, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистон ҳудудидаги 5 миллионга яқин одам яшайдиган аҳоли пунктларини сув ювиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантириб келади.
Тожикистон ҳукумати 7 декабрдаги зилзила оқибатида Сарез кўлига зиён етгани ёки етмаганини аниқлаш мақсадида давлат комиссиясини ташкил қилди. 9 декабрда бу ҳақда маълум қилган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот котиби Нозим Орифов комиссия аъзолари ҳозир йўлда эканини айтди. Сарез кўли Тоғли Бадахшон мухтор вилояти маркази Хоруғ шаҳридан юз километр узоқликда жойлашган.
Ҳозирги Тожикистон ҳудудида 1911 йилда рўй берган саккиз баллик зилзила оқибатида 567 метр баландликдаги тўғон пайдо бўлиб, унинг ортида Сарез кўли ҳосил бўлган.
Мутахассислар денгиз сатҳидан 3263 метр баландликда жойлашган Сарез кўли тўғони очилиб кетса, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон ва Ўзбекистон ҳудудидаги 5 миллионга яқин аҳоли жабр кўриши мумкинлигидан огоҳлантириб келади.
Сарез кўлининг узунлиги 55,8 километрга, чуқурлиги 500 метрга яқин. Кўлдаги сув миқдори 16 куб километрни ташкил қилади.
Тожикистонлик журналист Анушервон Орипов расмий манбаларга таянган ҳолда, Сарез кўлидаги вазиятга душанба кунги зилзила таъсир қилмагани ҳақида айтиб берди:
-Сўнгги хабарларга қараганда, Сарез кўли атрофидаги вазият ўзгармаган. Кучли зилзила кўлнинг табиий тўғонига ҳам таъсир қилмаган, -деди Анушервон.
Сарез кўли бўйича мутахасис Андрей Ишук эса Сарез кўли яқинидаги ҳудудларда тоғдан тош кўчиши оқибатида чанг-тўзон кўтарилгани айтди. Мутахасис айни пайтда кўлнинг табиий тўғонига зарар етмагани кузатилаётганини билдирди.
Лекин бу дастлабки маълумотлардир. Давлат комиссияси Сарез кўлидаги вазитни ўрганиб қайтганидан сўнг янада аниқроқ манзара ҳосил бўлади.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот котиби Нозим Орифов Сарез кўли яқинидаги Бартанг дарёси ўзанидаги айрим ҳудудларда тоғдан тош кўчгани ва айрим жойларда сув йўлини беркитиб қўйганини айтди. Расмийга кўра, бунинг оқибатида Бартанг дарёси сатҳи 5 сантиметрга кўтарилган.
2000 йилда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳукуматлари Жаҳон банки бошқаруви остида Сарез кўли тўғонининг бузилиши олдини олиш ва ҳавотирларни озайтириш олти йиллик лойиҳасини бошлаган эди. Мазкур лойиҳа доирасида Сарез кўли атрофида огоҳлантирув тизими тармоғи ташкил қилинган.
Тожикистон шарқида 7 декабрь куни юз берган ?.2 балли зилзила оқибатида 2 одам ҳалок бўлди, 13 одам жароҳатланди ва 500дан ортиқ турар-жой бинолари вайрон бўлди. Жароҳат олганлардан уч нафарининг аҳволи ўта оғир экани айтилмоқда.
Тожикистон президенти давлат идораларига зилзиладан жабр кўрганларга тезкор ёрдам кўрсатиш, уларни уй-жой билан таъминлаш ҳақида кўрсатма берган.
Эпимаркази пойтхат Душанбедан 345 километр шарқда бўлган зилзила кучланиши 7,2 баллга тенг бўлган.
Тожикистондаги зилзила Ўзбекистонда ҳам сезилган. Ўзбекистондаги сейсмик марказлар зилзила кучи Тошкентда 3 балл, Наманганда 3,5 балл ва Фарғонада 4 балл бўлганини хабар қилди.