Ўзбекистонда биринчи марта пойтахт Тошкент бюджети параметрлари эълон қилинди. Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан тасдиқланган бюджетнинг кирим ва чиқим қисмлари тенг равишда 1 триллион 803 миллиард 663 миллион сўмдан кўпроқни ташкил қилади. Бюджетнинг чиқим қисми ҳаражатларининг 70 фоизи ижтимоий-маданий тадбирларга ажратилган.
Бошқарув идораларига 37 миллиард, камбағалга 3 миллиард
2016 йил бюджети параметрлари Тошкент шаҳар ҳокимиятининг расмий сайтида эълон қилинди.Мазкур бюджет 25 декабрь куни Тошкент шаҳар депутатлар кенгаши томонидан қабул қилинган ва 30 декабрда ҳоким томонидан тасдиқланган.
Ҳужжатда қайд этилишича, Тошкент шаҳар бюджетининг кирим қисми 1 триллион 803 миллиард 663 миллион 725 минг сўм миқдорида белгиланган. Чиқимлар ҳам айни мана шу рақамни ташкил этади.
Ҳужжатга асосан, Тошкент шаҳар бюджетига энг кўп маблағ ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғидан тушади. Бу солиқ миқдори 472 миллиард 68 миллион сўмдан кўпроқни ташкил қилади.
Чиқимларнинг асосий қисмини, яъни деярли 70 фоизини эса ижтимоий-маданий тадбирлар ҳаражати ташкил этади. Бу мақсад учун бюджетдан 1 триллион 408 миллиард 883 минг сўмдан кўпроқ маблағ ажратилган.
Қолган 395 миллиард сўм эса бошқарув идоралари, ўз-ўзини бошқариш идораларини сақлаш ҳаражатлари, марказлаштирилган инвецтиция ҳамда болали оилаларга ва кам таъминланган оилаларга нафақаларни ташкил этади. Масалан, бошқарув ва ўз-ўзини бошқарув идораларига 37 миллиард сўмдан кўпроқ, нафақаларга эса 3 миллиард 866 миллион сўм ажратилган. Бюджетнинг 118 миллиард сўмдан кўпроғи марказлаштирилган инвестиция ҳаражатларидир.
"Пойтахт бюджети Тошкент ҳокимияти ваколатлари нақадар тор эканини англатади"
Тошкент бюджетининг асосий кирим қисми ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришдан олинадиган солиқ эканига қарамай, бу соҳа учун бюджетдан маблағ ажратилмаган.
Ўзбекистон ҳукуматига қарашли молия идораларидан бирида ишловчи Озодлик манбаси Тошкент шаҳар бюджети параметрларини шарҳлар экан, мазкур параметрлар шаҳар ҳокимиятининг ваколатлари нақадар тор эканини англатишини айтди:
“Бюджет параметрларидан келиб чиқиб, Тошкент ҳокимиятининг ваколатлари асосан ижтимоий-маданий тадбирлар билан чекланиб қолаётганини англаш мумкин. Бундан келиб чиқадики, бошқа масалалар, яъни шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш каби муҳим масалалар ҳамон марказнинг ихтиёрида қолмоқда. Яъни, масалан, бир йўлни таъмирлаш учун ҳам марказнинг рухсатини олиш, марказий ҳукуматдан бу иш учун маблағ ажратишни илтимос қилиш керак бўлади”, деди Озодликнинг молия идораларидан биридаги манбаси.
Пул тақчиллиги бюджет параметрлари янада аниқлаштирилишини талаб қилади
Тошкент шаҳар ҳокмининг бюджетни тасдиқлаш тўғрисидаги 1156 - сонли қарорининг 3 - бандида шаҳар Молия бошқармасига бюджет маблағларини аниқлаштириш ҳуқуқи берилган. "Пойтахт депутатлар кенгаши томонидан қабул қилинган ва ҳокимият томонидан тасдиқланган бюджет параметрларини аниқлаштириш ҳуқуқи молия идорасига бюджетни ўзгартира олиш ҳуқуқини бера оладими?" деган саволимизга Озодлик манбаси қуйидагича жавоб берди:
“Аниқлаштириш бюджетни ўзгартириш дегани эмас. Бу биринчи навбатда зарур бўлган соҳаларга пул ажратилсин, иккинчи даражали нарсаларга кейинроқ пул берилса бўлаверади, деган маънони беради. Масалан, биринчи навбатда нафақалар, ойликлар, пенсиялар кечиктирилмай берилиши зарур. Молия бошқармаси эса пул тақчиллиги мавжуд бўлган пайтда бошқа соҳага ажратилган пулни беришни тўхтатиб туриб, бу маблағни ойлик, нафақа ва пенсияларга йўналтириши мумкин”, деди Озодлик манбаси.
2015 йилда мамлакатда пул тақчиллиги боис пенсия ва ойликлар ўз вақтида берилмай қолган вақтлар кўп кузатилган. Пенсионерлар ва ишчи-хизматчилар, ўз ҳақларини бир неча ойлардан бери ололмаётганлари ҳақида Озодлик радиосига кўплаб шикоятлар қилган эди. Расмийлар бу ҳолатларни нақд пул йўқлиги билан изоҳлаган.
Тошкент бюджети Республика бюджетининг тахминан 3 фоизига тенг
Ўзбекистонда 2015 йилгача бюджет аҳолига фақат фоиз ҳисобида ошкор этилар, бюджетнинг пулдаги нисбати эса сир тутилар эди. Ўзбекистон ҳукумати биринчи марта 2015 йилда бюджетнинг пул ҳисобидаги режасини эълон қилди. Тошкент шаҳар бюджети эса биринчи марта оммавий ахборот воситаларида эълон қилинмоқда..
Ўзбекистон парламенти даромад қисми 40,5 триллион сўм (ЯИМнинг 18,4 фоизи даражасида), чиқим қисми 42,7 триллион сўм (ЯИМнинг 19,4 фоизи даражасида) ҳисобида режаланган 2016 йил бюджетини 3 декабрь куни тасдиқлаган эди.
Шендан келиб чиқилса, Тошкент шаҳри бюджети Ўзбекистон бюджетининг тахминан 3 фоизига баробардир.