Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:23

Муҳожирлар учун "тез ёрдам" пулли бўлиши мумкин


Ўзининг миллатчилик ғоялари билан бошқалардан ажралиб турувчи ЛДПР партиясининг Россия парламентидаги депутати Владимир Сисоев меҳнат муҳожирлари ва умуман хорижликларга бепул тез тиббий ёрдам кўрсатишдан воз кечиш таклифи билан чиқди. Ҳукуматга юборган махсус мурожаатномасида тюменлик бу халқ намояндаси "тиббий ёрдам биринчи навбатда россияликларга, иккинчи ўринда қолганларга" берилиши кераклигини уқтирди. У тўлов дарҳол тиббий муолажадан кейин мигрант томонидан амалга оширилиши керак, демоқда.

Россия Либерал-демократик партияси (ЛДПР) нинг Давлат Думасидаги намояндаси тюменлик Владимир Сисоев Россия ҳукумати вице-премьери Ольга Голодецга махсус мурожаатнома юбориб, унда хориж фуқароларидан кўрсатилган тез тиббий хизмат учун пул олиш таклифини кўтариб чиқди. Рус парламентида соғлиқни сақлаш масалаларини бошқариб келаётган бу ёш депутат ҳукуматнинг 2013 йил 6 мартида қабул қилинган "Россия Федерацияси ҳудудида хориж фуқароларига тиббий ёрдам кўрсатиш қоидалари тўғрисида" ги қарор ва бошқа тегишли ҳужжатларга ўзгартиш киритиш зарурлигини уқтирди.

Вести.ФМ радиосига берган интервьюсида Владимир Сисоев, жумладан, ўз позициясини қуйидагича изоҳлади:

- Кўп ҳолларда муҳожир тез ёрдамни чақиради, тиббий бригада эса унга биринчи ёрдам эмас, балки бошқа хизматларни ҳам кўрсатади, бу хизматлар учун эса Россия бюджети ҳисобига оддий россияликлар тўлайди. Бундай бўлиши мумкин эмас. Агарда ёрдамга муҳтож одам хорижлик бўлса, унда бу масалалар давлатлараро шартномалар асосида бартараф этилиши, яъни улар қаердадир ишлаётган бўлиши шарт. Биз миллиардлаб рублларни кўчага совуриш ва Россия фуқароси бўлмаганларга сарфлаш учун унчалик бадавлат эмасмиз. Уларнинг тиббий суғурта полислари қаттиқ текширилиши керак. Кўп ҳолларда бошқа мамлакатлардан айниқса ҳомиладор аёллар Россия туғруқхоналарида туғишга келади - биз бунга чек қўйишимиз керак. Ҳа, айрим ҳолларда фавқулодда ҳолатлар бўлиши мумкин, лекин мигрантларга бепул хизмат кўрсатишни бас қилиш керак, деди депутат Владимир Сисоев.

У юзага келган оғир иқтисодий инқироз туфайли минтақавий ва марказий тиббиёт муассасаларига бюджатдан ажратилаётган маблағлар кескин камайтирилган бир пайтда, Россияда ишлаётган хорижликларга юзлаб миллион рубл сарфланаётганидан афсусланиб гапирди.

- Россия минтақаларида миллионлаб ортга қайтмайдиган рубллар мигрантларга сарфланаяпти, нафақат тез тиббий ёрдамга. Ахир хорижга чиққан ҳар бир фуқаромиз барча мамлакатда пул эвазига тиббий ёрдам олади. Тўғри, биз инсонпарварлик ва Гиппократ қасамёдини ҳисобга олиб, ўта оғир вазиятларда қоидалардан чекинишимиз мумкин, дея хулоса қилди депутат Сисоев.

У келтираётган рақамларга кўра 2013 йилда Россияда аҳолининг ўлим даражасида ўсиш кузатилган. "2 015 йилнинг биринчи 9 ойи давомида мамлакатда ўлганлар сони ўтган йилга нисбатан 1 фоизга ошди", деди у.

Владимир Сисоев хорижлик ишчиларга бепул тез ёрдам тиббий хизматидан воз кечиб, хизмат кўрсатилганидан кейин дарҳол тўлов амалга оширилиши кераклигини таклиф этмоқда.

Россияда бугунги кунда ОМС - мажбурий тиббий суғурталаш тизимига барча Россия фуқаролари, қочқинлар, 18 ёшгача бўлган болалар, мамлакатда доимий ёки вақтинча яшаётган ва шартнома асосида ишлаётган хорижликлар киритилган.

Депутатнинг бу таклифи жамоатчилик орасида катта муҳокамани келтириб чиқарди. "Россия врачлари жамияти" аъзоси доктор Владимир Нероев мавжуд тизимни бузишнинг ҳожати йўқлигини "Известия" газетасига гапирди:

- Биз усиз ҳам хориж фуқароларига инсонпарварлик юзасида ва иқтисодий жиҳатдан минимал тарзда кўмак бериб келмоқдамиз, деди Владимир Нероев.

Мавжуд қоидаларга кўра, ҳар 10 минг кишига битта тез ёрдам бригадаси тайинланган. Россия қонунчилигида ўз вақтида тез тиббий ёрдам кўрсатмаган шифокорлар жиноий жавобгарликка тортилиши белгилаб қўйилган.

Москва шаҳар ҳокимияти +2015 йилда мигрантларга тез тиббий ёрдам кўрсатишга 1,7 миллиард рубль ажратганини эълон қилган.

Тез тиббий ёрдам ҳозирда, Россияда мавжуд қоидаларга кўра, фуқаролиги, жинси, тиббий суғурталангани-суғурталанмагани ва мақомидан қатъий назар оғир касалликлар ва жароҳатларга учраган ҳар қайси шахсга кўрсатилади.

Эслатиш жойизки 2013 йилда яна бир Дума депутати - Алексей Журавлёв собиқ Иттифоқ фуқароларига ёрдам кўрсатишни икки турга ажратиб, ҳар қайси тиббий, жумладан, туғруқхона хизматлари хориж фуқароларига пулли бўлиши, фавқулодда тез тиббий ёрдам эса бепуллигича қолиши кераклигини гапириб чиққан.

Бу ташаббусдан сўнг Россия парламенти депутатлари кўпчилик овоз билан ҳар бир мигрант тиббий суғурталаниши кераклиги тўғрисида қонун қабул қилган эди.

XS
SM
MD
LG