Ўзбекистоннинг Сўх эксклавида ҳайдовчилар иш ташлагани ортидан икки кун мобайнида Сўх - Фарғона йўналишида йўловчи ташувчи автомашиналар қатнови тўхтаб қолди. Озодликнинг Сўхдаги манбаларига кўра, мазкур йўналишдаги қатнов 27 январдан аста-секинлик билан жонлана бошланган. Сўхдан Фарғонага бориш йўлкираси эса 20 минг сўмдан 100 минг сўмга кўтарилиб кетган.
Ўзбекистоннинг Қирғизистон ичкарисида жойлашган Сўх экславида ҳайдовчилар 25 ва 26 январь кунлари иш ташлагани ҳақидаги маълумотни Озодликнинг Сўх туманидаги давлат идораларидан бирида ишловчи манбаси тасдиқлади. Унинг айтишича, ҳайдовчиларнинг иш ташлашига Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари, чегарачилари ва божхоначиларининг ҳаддан ошган таъмагирлиги сабаб бўлган. Ҳайдовчилар туман ҳокимлигидан бу муаммони ҳал қилиб беришни сўраган.
- Ҳайдовчилардан 500-600 киши тўпланиб, Сўх туман ҳокимлигига чиқишди. Улар: ”Бизни бу таъмагирликлардан ким қутқаради, бирон чора кўрмайсизларми”” деб талаб қилишди, - деди манба.
Унинг айтишича, 26 январь куни Сўх туман ҳокими қўшни Қирғизистоннинг Қадамжой тумани ҳокими билан учрашган ва 27 январь куни бу муаммо ҳал этилган.
- Кеча Сўх туман ҳокими Раимов Қадамжойга бориб, Қадамжой туман ҳокими билан учрашган, Учрашувда ҳуқуқ-тартибот тузилмалари раҳбарлари ҳам иштирок этган. Айрим маълумотларга қараганда, бугун эрталабдан қирғиз ГАИлари йўлда кўринмаган, - деди ҳукумат идорасидаги манба.
Иш ташлаган ҳайдовчилардан бири 25-26 январь куни Сўхдан Фарғонага қатновчи машиналар сони кескин камайиб кетгани сабабли, йўлкира ҳақи ҳам 20 минг сўмдан юз минг сўмга кўтарилиб кетганини айтди:
- Кеча бир қўшнимиз операция бўлиши керак эди, бироқ Фарғонага боришнинг иложиси бўлмабди. Бир таксига олиб боришса “юз минг берасизлар”, дебди. “Йўлкира 20 минг эдику, нега юз минг сўраяпсан?”, дейишса, таксичи: “Йигирма минг ўзини қопламаяпти”, деб жавоб берибди, - деди иш ташлаган ҳайдовчилардан бири.
Ҳайдовчининг айтишича, 27 январдан бошлаб кам сонли йўловчи ташувчи машиналар Фарғонага қатнай бошлаган. “Фарғонага бориб келган ҳайдовчилар йўлда қирғиз ГАИлари йўқлигини айтишаяпти”, дейди ўзини таништирмаган ҳайдовчи. Унга кўра, сўнгги пайтларда қирғиз ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимларининг таъмагирликлари ҳаддан ошиб кетган экан:
- Беш юз минггача пул олишади. Икки-уч киши бўлиб туриб олишади ва “Ҳар биримизга 20 мингдан берасан”, дейди. “Пулим оз”, десангиз, “40 мингдан берасан”, дейди. “Ёрдам қилинглар озгина, туширинглар”, деб илтимос қилсангиз, “Унда эллик мингдан берасан”, дейди. Чегарачилар ҳам, божхоначилар ҳам пул олади. Масалан, юк машиналари давлатнинг ҳамма ҳужжатлари жойида бўлган юкини Фарғонадан Сўхга олиб ўтиши учун бир ярим миллион пул беради чегарачи ва божгирларга, -деди сўхлик ҳайдовчи.
Озодлик радиоси қирғиз хизматининг Боткен вилоятидаги мухбири, 27 январь куни ҳайдовчилар иш ташлаши ортидан Ўзбекистон томони барча йўлларни беркитиб қўйгани ҳақида хабар берди.
Қирғиз хизмати мухбирига кўра, чегаралар ёпиб қўйилгани оқибатида Сўх анклави атрофида жойлашган ўндан ортиқ қирғиз қишлоғи аҳолиси туман ва вилоят марказига бориш учун айланма йўллардан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Чегара ёпилгунига қадар бу қишлоқлар аҳолиси Сўх туманидаги йўллардан фойдаланиб келган.
Бироқ Озодликнинг Сўхдаги манбалари бу хабарни тасдиқламадилар. Уларнинг айтишларича, айни пайтда Фарғонага қатнов секинлик билан бўлса-да қайта жонланмоқда, чегаралар ва барча йўллар очиқ. Ўзбекистон томони чегараларни ёпган эмас.
2012 йил январь ойида Қирғизистон чегарачилари Сўх анклави ҳудудида симёғоч ўрнатишга ҳаракат қилган пайти маҳаллий аҳоли норозилик билдирган ва ўртада чиққан жанжал ортидан қирғиз расмийлари Сўх анклавига борувчи энг яқин Риштон шоҳ йўлини беркитиб қўйган эди.
Бу йўл тўрт йилдан буён бутунлай ёпиқлигича қолмоқда. Сўхликлар эса аввалги 20 километр ўрнига, Қирғизистон ичкарисидан 100 километр йўл босиб, Риштон ва Фарғонага боришга мажбур бўлаётир.