Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:30

Москва ва Бишкек муносабати ёмонлашганини экспертлар эътироф этди


Россия президенти Владимир Путин ва Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 2015 йил охиригача энг яқин ҳамкорлар эди.
Россия президенти Владимир Путин ва Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 2015 йил охиригача энг яқин ҳамкорлар эди.

Россия экcпертлари Қирғизистонни Москва билан муносабати бузилган давлатлар рўйхатига киритди. Экспертлар фикрича, Москва ва Бишкек муносабатларининг ёмонлашувига Кремлнинг Қирғизистондаги лойиҳаларни амалга оширишдан воз кечгани асосий сабаб бўлган. Бунинг ортидан қирғиз ҳукумати Россия билан эришилган шартномаларни бекор қилишга мажбур бўлган эди.

Россиядаги REGNUM агентлигининг хабар беришича, Москвадаги таниқли экспертлар Россия билан муносабати бузилган давлатларни юз балли система билан аниқлаган. Экпертлар Бишкек-Москва муносабатлари бузилганини 50 балл билан баҳолаган. Ўтган ҳафтада айни мана шундай рейтингда Қирғизистон 40 баллга эга бўлган эди. Шундан келиб чиқилса, экспертлар бир ҳафта ичида Москва-Бишкек муносабатлари янада ёмонлашганини эътироф этмоқдалар.

Россия экспертлари фикрича, Москва ва Бишкек муносабатларининг ёмонлашувига Кремлнинг Қирғизистондаги лойиҳаларни амалга оширишдан воз кечгани асосий сабаб бўлган. Москва лойиҳаларни амалга оширишдан бош тортгани ортидан қирғиз ҳукумати Россия билан эришилган шартномаларни бекор қилишга мажбур бўлган эди.

-Умуман олганда, Қирғизистон ва Россия муносабатлари совуқлашиб бораётгани рост гап. ГЭС қурилишлари бўйича Россия билан 4 йил олдин имзоланган шартномаларнинг Бишкек томонидан денонсация қилиниши умумий манзарани яққол тасвирлаб турибди, Бироқ рейтинг қандай методология асосида тузилгани тушунарсиз бўлиб қолмоқда, - деди Қирғизистонлик таҳлилчи Медет Тўлўгўнов.

Қамбарота -1 ва Норин ГЭС каскадлари қурилишининг лойиҳавий қиймати таҳминан икки миллиард доллардан кўпроқни ташкил қилади. Россия ҳамкорлигида барпо этилиши режалаштирилган Қамбарота -1 ГЭСини қуриш ҳақидаги шартнома Москва билан 2009 йилда, Юқори Норин ГЭС каскадлари шартномаси 2012 йилда имзоланган. Юқори Норин ГЭСнинг биринчи гидроагрегати 2016 йилда ишга туширилиши режалаштирилган эди.

Москва бу қурилишларга 2 миллиард доллар сармоя ётқизишини билдирган бўлса-да, Россия Ғарб санкциялари ортидан юзага келган иқтисодий инқироз туфайли ҳалигача бу мажбуриятини бажара олмаган. Бунинг оқибатида Россия ширкатлари томонидан қурилиши бошланган Юқори Норин ГЭС каскадларидаги ишлар музлатиб қўйилган.

Энергетика соҳаси бўйича эксперт Эрнест Карибеков 2012 йилдаёқ Россия ГЭСларни қуриш бўйича ўз мажбуриятларини бажара олмаслигини айтиб, Москва билан бу борадаги ҳамкорликка қарши чиқиб келган экспертлардан бири. Унинг фикрича, Россиянинг ўз мажбуриятларидан бўйин товлаши Қирғизистон билан сиёсий муносабатларнинг бузилишига сабаб бўлади:

-Ўша пайтлардаёқ бу лойиҳалар амалга ошмайди, деб айтган эдим. Мана, шартномалар ҳам бекор қилинди. Бу эса Россия ва Қирғизистон ўртасидаги сиёсий муносабатларнинг бузилишига сабаб бўлади. Чунки Россия бундан кейин Бишкек таклиф қиладиган лойиҳаларда иштирок этмай қўяди, - дейди эксперт.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 24 декабрь куни йил якунлари бўйича ўткизган матбуот анжуманида Россия Қамбарота-1 ва Юқори Норин ГЭС каскадларини барпо этиш бўйича шартномавий мажбуриятларини бажаришдан бош тортаётганини маълум қилган эди.

Ўшанда Атамбаев журналистларга: “Мен Россия президенти Путин билан ҳам, гаплашдим. Шунинг учун Путингга очиқ айтдим: “Хафа бўлманг, бироқ биз бошқа ҳамкор излашимиз керак”, деб”, деган гапларни айтган эди.

Қирғизистонлик таҳлилчилар фикрича, Бишкек ҳукумати бугунги кунда Россия душманига айланган Туркия билан ҳамкорликни ривожлантираётгани ва Анқарани энг яқин ҳамкор сифатида танлаб олгани ҳам Москванинг ғашига тегмай қолмайди.

REGNUM агентлигида эълон қилинган рейтингда Россия билан муносабатлари энг бузилган давлатлар қаторида Украина, Саудия Арабистони, Туркия, Озарбайжон, Болтиқбўйи ва Европа давлатлари тилга олинган.

Россия билан муносабатлари мустаҳкамланаётган давлатлар қаторига эса Миср,Эрон, Сурия, Исроил, Покистон, Грузия, Арманистон ва Қозоғистон киритилган.

XS
SM
MD
LG