Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:34

Атамбаев душман оширмаслик учун Москвага борди


Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ва Россия президенти Владимир путин учрашув чоғида.
Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ва Россия президенти Владимир путин учрашув чоғида.

Айрим қирғиз ва рус таҳлилчилари Қирғизистон президенти Атамбаевнинг Москвага бориб ҳеч қандай шартномаларни имзоламай ва Кремлнинг ваъдаларини олмай Путин билан учрашиб келганини “душман оширмаслик сиёсати” сифатида баҳоламоқда. Бунгача Қирғизистон Россия билан имзоланган шартномаларни бекор қилган ва бунинг ортидан Кремлга қарам матуботда Қирғизистон “душман давлатлар”га тенглаштирилаётган эди.

Ўтган ҳафтада президент Алмазбек Атамбаевнинг Москвага қилган сафари жорий ҳафтада қирғиз, рус ва халқаро матбуот томонидан кенг таҳлил қилина бошланди.

Мазкур сафар икки жиҳати билан аввалги сафарлардан ажралиб туради. Биринчидан, Атамбаев ва Путин музокаралардан сўнг ҳеч қандай шартномаларни имзоламади. Путин бу сафар Атамбаевга ҳеч қандай ваъдаларни бермади. Иккинчидан, Владимир Путин президент бўлганидан бери биринчи марта Қирғизистонни Киргизия, деб атади. Бунгача Путин қирғиз расмийлари билан учрашувлари чоғида ва расмий чиқишларида "Киргизстан", деб гапирар эди.

-Киргизия стратегик алоқаларимиз шаклланган ишончли ҳамкоримиздир.Ҳамкорлигимиз янада ривожланаяпти. Бунга Россиядаги қирғиз муҳожирларининг сони жуда кўп экани ҳам яққол мисолдир, - деб айтган Владимир Путин учрашув чоғида.

Таҳлилчилар Атамбаевнинг Москвага сафар қилишидан мақсад Путинни Қирғизистон Россиянинг ишончли ҳамкори эканига ишонтириш бўлганини айтмоқдалар. Чунки 2016 йил бошида Атамбаев Қирғизистон йирик лойиҳаларни амалга оширишда “Москвадан воз кечгани”ни айтганидан сўнг, қирғиз парламенти Россия билан имзоланган қатор давлатлараро шартномаларни бекор қилган эди. Шундан сўнг Москва матбуотида Қирғизистон қораланган мақолалар пайдо бўлган, айрим нашрларда эса Қирғизистон “Россияга душман бўлаётган давлат” сифатида тилга олинганди.

-Россия Қирғизистонга берган ваъдаларини бажара олмади. Қирғизистон шу муносабат билан Россия билан имзоланган шартномаларни бекор қилганидан сўнг, Москва бунга норозилик билдира бошлади. Мамлакатда ижтимоий-иқтисодий вазият оғир бўлиб турган бир пайтда Атамбаевга Кремлга ўхшаган душманнинг сира кераги йўқ. Шунинг учун қирғиз президенти Москвага бориб, Кремль билан алоқаларни юмшатишга уриниб кўрди, - деди сиёсатчи Равшан Жээнбеков.

Россиялик таҳлилчи Аркадий Дубнов эса халқаро матбуотга берган суҳбатида айтишича, бу сафар энг аввало Москва ва иккинчи навбатда Бишкек учун сиёсий зарурат эди. Чунки Кремль Қирғизистонга муносабати ўзгармаганини кўрсатиш ортидан ўз обрўсини тиклашга ҳаракат қилди ва учрашувда Путиннинг қирғиз меҳнат муҳожирларини эслаб ўтиши ҳам бежиз эмас.

“...ўзининг эмоционаллиги, очиқлиги ва айрим пайтларда сиёсий нокоррект билдирувлари билан машҳур бўлган президент Атамбаев эса Путинга қирғиз элитаси ва оддий одамлар оарсидаги салбий эмоцияларни етказди”, деб ҳисоблайди Аркадий Дубнов.

XS
SM
MD
LG