Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:27

Қозоғистондаги ўнта шаҳарда муҳтожларга ҳар куни бепул нон тарқатилмоқда


Жорий йил бошида Олмаота тадбиркорлари бошлаб берган «Бепул нон» акцияси бугунги кунда Қозоғистоннинг ўнта шаҳрида амал қилмоқда. Ҳар куни аҳолининг кам таъминланган қатлами бу шаҳарлардаги дўконлардан иккитадан бепул нон олиши мумкин. Бепул нон олаётганлардан ҳужжат кўрсатиш ёки ҳақиқатан ҳам кам таъминланган шахс эканини исботлаш талаб қилинмайди.

“Бепул нон” акциясига қўшилганлар орасида Ўзбекистонга қўшни бўлган Чимкент шаҳри тадбиркорлари ҳам бор. Чимкентлик журналист Абдумалик Сармоновнинг айтишича, шаҳардаги иккита дўконнинг ҳар бирида кунига юз-икки юзтадан нон бепул тарқатилмоқда.

- Бепул нон тарқатаётган дўконлар гиппермаркет эмас, катта фирма ҳам эмас. Бу реклама акцияси ҳам эмас. Фақатгина савоб исташ. Дўконларга алоҳида стол қўйилган ва ана шу столга бепул тарқатиладиган нон қўйилган. Фақат битта чеклов бор: битта одам иккитадан кўп нон олмаслиги керак. Нон қўйилган стол олдида сотувчи ҳам йўқ, ким қанча нон олаётганини назорат қиладиган одам ҳам йўқ. Бепул нон олаётганлардан ҳужжат ҳам талаб қилинмайди. Аммо бепул нонга эҳтиёжи йўқ одамлар бу нонни олмаяпти, ғурурлари йўл қўймаяпти, бунга, -дейди Абдумалик Сармонов.

Олмаотадаги нон заводларидан бири ҳам мазкур акцияга қўшилган бўлиб, у ҳар куни белгиланган миқдорда шаҳарнинг бир қатор дўконларига бепул нон тарқатмоқда. Завод расмийси Еркен Жумагулов бепул нон тарқатишда инсон қадр-кимматини топтовчи усуллардан фойдаланилмаётганини айтди:

- Биз дўконларга сотилмай қолиб, пештахталарда бир неча кун туриб қолган нонларни "бепул тарқатинглар", деб бермаяпмиз. Бепул тарқатиладиган нон ҳар куни янги ёпилади. Дўконларга мана шу янги ёпилган нондан бепул тарқатиш учун 15тадан берамиз. Агар заводимизнинг молиявий имкониятлари кенгайса, бепул тарқатиладиган нонлар сонини кўпайтирмоқчимиз, - деди Еркен Жумагулов.

“Бепул нон” акцияси жорий йилда Олмаотадаги озиқ-овқат дўконларидан бошланган эди. Бугунги кунга келиб бу ташаббусга Қозоғистондаги ўндан ортиқ шаҳарлар қўшилган. Ҳар бир шаҳарда бир нечтадан бепул нон тарқатаётган дуўонлар мавжуд.

Чимкентлик журналист Абдумалик Сармонов бепул нон тарқатилаётган дўконлар олдида навбатлар ва талмонлар кузатилмаётганини билдирди:

-Қозоғистонда ижтимоий ҳимоя яхши ўйланиб, йўлга қўйилган. Масалан, оилада 4та фарзандингиз бўлса, албатта, давлат сизга қўшимча нафақа тўлайди. Ишсиз қолсангиз бир йилгача давлат қарамоғида бўласиз ва нафақа пули оласиз. Нафақа пулларининг миқдори унча катта эмас, лекин бир ой тирикчилик қилишга бемалол етади. Шунинг учун ҳам бепул нон тарқатаётган дўконлар олдида навбатлар ва ур-йиқитлар йўқ, -деди Абдумалик Сармонов.

Ўзбекистонда ҳам вақти –вақти билан бепул нон тарқатиш акцияси ўтказилиб турилади. Масалан, 2015 йилнинг октябрида “Кексаларни эъзозлаш йили” муносабати билан Самарқанддаги Оsiyo-uz супермаркети пенсионерларга бепул нон тарқатган.

Бепул нон олиш учун нафақахўр пенсия дафтарчасини сотувчига кўрсатиши лозим бўлган ва бир кишига бир кунда биттадан ортиқ нон текинга берилмаган.

Ўтган йилнинг баҳорида Тошкент шаҳридаги "Макро" савдо тармоғи ҳам "Бепул нон" акциясини ўтказиб, маълум муддат пенсионерларга текинга нон тарқатган эди.

XS
SM
MD
LG