Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:26

Ҳайит куни Учкўприк масжидларига учтадан пост қўйилди


Ўзбекистон мусулмонлари идораси маълумотига кўра, биргина пойтахтдаги “Ҳазрати имом” марказий масжидида 50 минг одам ҳайит намозини ўқиган. Айни пайтда мамлакат бўйлаб ҳуқуқ-тартибот органлари кучайтирилган тартибда ишлади. Учкўприкда болаларни намозга қўймаслик учун масжидлар олдига учтадан пост ўрнатилди. Марғилонда эса 12 ёшдан катта болаларга ҳайит намози ўқишга рухсат берилди.

“Ҳазрати имом” масжидида 50 минг одам ҳайит намозини ўқиди

Ҳайит намози Тошкент шаҳридаги масжидларда чоршанба куни эрталабки соат 05:15 да ўқилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси расмий сайтидаги маълумотга кўра, биргина пойтахтдаги “Ҳазрати имом” марказий масжидида 50 минг одам ҳайит намозини ўқиган.

Ҳайит муносабати билан пойтахтда метро ва автобуслар соат 3:30дан ишлай бошлади.

Ҳайит куни Учкўприк масжидларига учтадан пост қўйилди

Айни пайтда мамлакат бўйлаб ҳуқуқ-тартибот органлари кучайтирилган хизмат тартибига ўтказилган.

Байрам арафасида Ўзбекистонда мактаб ёшидаги болаларнинг ҳайит намозига бориши тақиқлангани маълум бўлди.

Озодлик радиоси 5 июль куни Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармаси мактаблар раҳбарларига ўқувчиларнинг ҳайит намозига бориши олдини олишни топширгани ҳақида хабар берган эди.

Бугун ушбу топшириқ бутун мамлакат мактаб ва коллежларига тааллуқли экани маълум бўлди.

Жумладан, Фарғона вилояти Учкўприк туманида ҳам болаларни масжидга қўймасликка алоҳида тайёргарлик кўрилди.

Учкўприкдаги Озодлик манбасига кўра, тумандаги “Маҳмуд Ғозий” масжидига болаларни киритмаслик учун учта пост ўрнатишган:

-“Маҳмуд Ғозий” масжиди ёнида қабристон ҳам бор, иккаласи бирга. Масжидга кириш учун тўртта эшик бор. Олдингии йиллари шу тўртта эшикдан кириш мумкин эди. Бу йил учтасини ёпиб, фақат биттасини очиб қўйишган. Шу эшикка боргунча учта жойга пост қўйишган. Ҳар бир постда камида олти одам турибди. Постларда стол қўйиб қўйишган,- деди манба микрофонсиз суҳбатда.

Манбанинг айтишича, ҳар бир постда камида олтитадан одам бўлиб, улар болаларнинг масжидга киришига йўл қўйишмаган:

- Ўтган йилларга нисбатан бу йил текширувлар жуда қаттиқ бўлди. Илгари маҳалла посбонлари, милиция ходимларигина турарди. Бугун мактаб директорлари, коллеж директорлари, уларнинг ўринбосарлари, ҳарбий таълим ва жисмоний тарбия ўқитувчилари, бизга нотаниш бўлган бошқа одамлар ҳам постда туришибди. Ёш болалар мутлақо йўқ. Шу постда турганлар кечаси билан масжидда навбатчилик ҳам қилишган,- деди Учкўприкдаги исмини очиқламаётганимиз манба.

Марғилонда ҳайит намозига 12 ёшдан катта болаларга рухсат берилди

Марғилондаги Озодлик манбаларига кўра, ҳайит намози пайти тартибни сақлаш учун шаҳардаги барча масжидларга 15 нафардан милиция ходими жалб қилинган.

“Даҳшат. Тўғриси шунча ҳайит намозини ўқиб, бунчалигини кўрмаганман. Хавфсизлик кечадан қаттиқ таъминланди. Ҳар бир масжидга 15 нафардан милиция ходими қўйилган”, деди Марғилондаги манба.

Манба берган хабарга кўра, Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан фарқли Марғилонда 12 ёшдан катта болаларга масжидга киришга рухсат берилган ва болалар ҳам ҳайит намозини адо этишган.

***

Рамазон ҳайити намозлари Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон каби аксар давлатларда 5 июль куни ўқилди.

XS
SM
MD
LG