Ўтган йилнинг августида Владимир шаҳридаги савдо марказидан 9 миллион рубль ўғирлаб кетганликда айбланаётган икки ўзбекистонликдан бири Москвада қўлга олинди. Полиция хабарига кўра, федерал қидирувда бўлган 23 яшар ўзбек муҳожири Россияга қайтиб кирганида ҳибсга олинган.
Владимир полиция бошқармаси ўтган йилнинг августидан буён халқаро қидирувда бўлган 23 яшар Ўзбекистон ватандошини ҳибсга олди.
Россия Ички ишлар вазирлигининг Владимир вилояти бўйича бошқармасида Озодликка исми ошкор қилинмаётган бу шахс шериги билан бирга маҳаллий тадбиркорнинг сейфидан 9 миллион рубл (~152 000 АҚШ доллари-таҳр.) ўмариб кетганида айбланаётганини билдиришди.
- Ўтган йилнинг августида Владимир шаҳар полициясига ариза билан мурожаат қилган маҳаллий тадбиркор 9 миллион рубл пули ўмарилганини хабар қилди. Пуллар Владимир шаҳрининг Куйбишев кўчасидаги савдо марказидаги унинг офисидаги сейфдан олиб кетилган экан. Жиноятчилар сейфда катта миқдорда пул борлигини олдиндан билиб олиб, тунда деворни бузиб кирган ва сейфни очиб, пулларни олиб кетган, деди Владимир вилояти матбуот хизмати навбатчи офицери.
Ҳодиса жойига келган тезкор-қидирув гуруҳи ходимлари назорат камераларидаги ёзувлардан тадбиркорга ёлланиб ишлаб келган 26 ва 23 яшар Ўзбекистон ватандошлари жиноятга алоқадорликда гумонланди.
Жиноятда айбланган ўзбек йигитларини излаб топишга Ички ишларнинг катта кучлари ташланди, миграция идоралари билан ҳамкорликда катта қидирув ишлари амалга оширилди. Аммо жиноят содир этилиши ортидан ўзбекистонлик ишчилар дарҳол Россияни тарк этишга улгурган экан. Улар халқаро қидирувга берилди.
Полиция хабарига кўра, 2017 йилнинг 10 январида айбланувчи шахслардан бири Москва аэропортларидан бири орқали Россияга кириб келгани тўғрисида оператив маълумот олинди.
11 январ куни 9 миллион рублни ўғирлашда гумонланаётган 23 яшар Ўзбекистон ватандоши Москва шаҳри ҳудудида қўлга олинди. Ҳозирда Владимирга олиб келинган муҳожир йигит суд қарори билан тергов якунига қадар ҳибсга олинди, у терговчилар томонидан сўроқ қилинаётгани айтилмоқда.
26 яшар иккинчи ўзбекистонлик қидируви давом этмоқда.
Ҳодиса юзасидан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 158 моддаси 4 қисми (“Жиноий гуруҳ таркибида ўта катта миқдорда ўғирлик содир этиш”) асосида жиноий иш очилган.
Бу моддага кўра, жиноятчилар суд қарори билан 10 йиллик қамоқ муддатига маҳкум этилиши мумкин.