“Звезда” телеканали биносида тозалаш ишларини олиб бораётган ўзбекистонлик 28 яшар ишчи томдан қулаб тушиб, нобуд бўлди. Яна бир меҳнат муҳожирининг “Москва-Сити”даги иморатдан селфи-суратга тушаётганда қулагани айтилмоқда.
Москва шаҳрининг шимолий округида жойлашган “Звезда” федерал телеканали биноси томини қор ва муздан тозалашга чақиртирилган бир гуруҳ саноат альпинистларидан (кўп қаватли бинолар ташини тозаловчилари - таҳр.) бири 18 январ, чоршанба куни томдан қулаб тушиши оқибатида халок бўлди. Унинг 28 яшар Ўзбекистон ватандоши эканлиги аниқланди.
Шаҳарнинг Мир проспекти жойлашган телеканал биносидаги бу фожеа кундуз соат 1 ларда содир бўлди.
- Томда қор кураётган альпинист панжарадан осилиб, қўли етмаган жойни тозалашга уриниб кўради. Бироқ, эҳтиёт камари унга халақит бераётганини кўриб, камарни ечиб ташлайди. Сирпанчиқ томда мувозанат сақлай олмаган йигит 10 қаватга тенг бино томидан пастга қулаб тушди, деди Москва шаҳар полициясининг Шимолий округ бўйича бошқармаси ходимаси Озодлик сўровига.
Исми ошкор этилмаётган ўзбекистонлик альпинистнинг йиқилиш лаҳзалари назорат камераларида ўз аксини топди. Унда томдан тушган шахс қулаб тушган жойида қотганини кўриш мумкин.
Ҳодиса жойига чақирилган “Тез ёрдам” машинаси ходимлари унинг қаттиқ зарбадан аллақачон жон берганини қайд этгани айтилди.
Полиция бахтсиз ҳодисага хавфсизлик қоидаларининг бузилиши сабаб бўлганини тахмин қилмоқда.
Ўзбекистонлик “Сити” томидан селфи-суратга тушаётиб қулади
Москва шаҳар Тергов қўмитаси “Москва-Сити” қўп қаватли бинолар мажмуаси томоша майдончасидан 18 яшар ўзбекистонлик муҳожирнинг тушиб кетиши ва халок бўлиши факти юзасидан текширув олиб бормоқда.
- Аниқландики, 2017 йилнинг 14 январ куни “Москва-Сити” бизнес-маркази машиналар тўхташ жойида катта баландликдан тушиб кетган ёш йигит жасади топилган. Жароҳатлардан бу шахс йиқилган жойидаёқ ўлгани маълум бўлди, дейилади таҳририятга Москва шаҳар Тергов қўмитаси томонидан берилган тушунтириш хатида.
Тергов қўмитаси шу тариқа йигит ўз жонига қасд қилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.
Бироқ, Москва оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлган маълумотларга биноан, асли ўзбекистонлик 18 яшар йигит томоша майдончасида ўзини суратга тушираётганида қулаб тушган. Ўзбек муҳожири шу бинода пайвандчи бўлиб ишлагани маълум бўлди.
Ҳодиса гувоҳлари исми ошкор қилинмаётган йигит ўша куни томошага келган ва селфи қилаётган пайтда унинг ёнида отаси ҳам бўлган.
Терговчилар ҳодиса юзасидан дастлабки тафтиш ишларини олиб бормоқда.
“Москва-Сити” кўп қаватли бинолар мажмуаси қурилишида марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар биринчи маротаба содир бўлаётгани йўқ.
Ўтган йилнинг апрелида “Москва-сити” бизнес марказининг 100- қаватидан пайвандлаш ишларини олиб борган 1994 йилда туғилган ўзбекистонлик йигит тушиб кетгани хабар қилинганди.
Бундан 2,5 йил олдин “Москва-Сити” офис марказларидаги бинолардан бирининг 10- қаватидан қурувчиларнинг осма кажаваси қулаб тушиши натижасида ўзбекистонлик бир муҳожир - 21 яшар Ғуломжон Нодиржон ўғли Эркаев ҳалок бўлган эди, олти ўзбекистонлик ишчи оғир аҳволда шифохонага олиб кетилганди.