Линклар

Шошилинч хабар
03 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:25

Страсбург суди ўзбек қочқинини бериб юборган Россияни жаримага тортди


Россия қамоқхонасидан озод этилган М.Ҳамидқориев адвокати ва рафиқаси билан
Россия қамоқхонасидан озод этилган М.Ҳамидқориев адвокати ва рафиқаси билан

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди ўзбек продюсери Мирсобир Ҳамидқориевни Ўзбекистонга бериб юборган Россия ҳукуматини 19 минг 500 евро жаримага тортди. Суд қарорига кўра, Россияда сиёсий бошпана сўраган тошкентлик Москвадан махсус хизматлар томонидан ўғирланиб, Россия ҳукумати ёрдамида Тошкентга олиб чиқилган.

Россия 19,5 минг евро жарима тўлайди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Страсбург олий суди ўзбекистонлик мухолифатчи-продюсер Мирсобир Ҳамидқориев 2014 йилнинг 9 июнида Россия махфий хизматлари ёрдамида Тошкентга олиб чиқилганини эътироф этиб, Россияни жаримага тортди.

Бу хабарни Озодликка “Мемориал” ташкилоти адвокати Илларион Васильев тасдиқлаб берди.

-Кеча, 26 январь куни Мирсобир Ҳамидқориев иши юзасидан ҳукм чиқарилди.Европа суди Европа Конвенциясининг 3 ва 34 моддалари бузилган деб топди ва 19 минг 500 евро жарима солди. Жаримани Россия Федерацияси тўлайди. Ҳозирча у қарор устидан шикоят қилишга яна 3 ой кетади. Ўйлайманки, уч ойдан кейин қарор барибир кучга киради, деди Илларион Васильев.

Ҳимоячи шу тариқа Мирсобир Ҳамидқориев иши юзасидан халқаро ташкилотлар назорат қилиб бораётганини билдирганини айтди.

У Мирсобир Москвадан ўғирлаб кетилганидан кейин берилган 8 йиллик қамоқ жазосини Наманганнинг Уйғурсойида ўтаётганини аниқлаганини айтади:

- Собир 2014 йилдан буён ўтирибди. Яна 5 йил ўтиради. Уни хотини бориб келибди қамоқхонага. Ўзбекистон телевидениесида бизнинг НТВга ўхшаган буюртма шаклида берилган “кучли” интервьюси намойиш этилибди. Унда Мирсобир ўзини “террорчи”, “ёмон одам” эканига иқрор бўлган, халқдан кечирим сўраган. Шу интервьюдан кейин унга қийноқ қўллашни тўхтатишибди. Уни ҳозир тош конида қаттиқ ишлатишаяпти экан, ваҳоланки унинг бели синган. Шароит ёмонлигидан тишлари тўкилиб кетибди, дея Мирсобир Ҳамидқориев аҳволи бўйича сўнгги маълумотларни берди адвокат Илларион Васильев.

“Мемориал” вакили Мирсобир Ҳамидқориев тақдири куплаб халқаро ташкилотлар назоратида қолаётганини тасдиқлаб, яқин орада Amnesty International унинг ҳимоясига махсус акция ўтказганини ҳам ёдга олди.

Инсон ҳақлари ҳимоячиси сўнгги пайтларда Россия ҳукумати томонидан ўзбекистонлик диний ва сиёсий қочқинларни бериб юбориш ҳолатлари кузатилаётганидан таассуф билдирди.

Мирсобир тарихи

Ўзбекистон махсус хизмат идораларига кўра¸ Мирсобир Ҳамидқориев ўз тарафдорлари билан 2009 йили “Ислом жиҳодчилари” ташкилотини яратган.

Мирсобир Ҳамидқориев Ўзбекистонда тақиқлаб қўйилган “Нафс” филмига продюсерлик қилган.

Ҳамидқориев Тошкентдаги 1,5 миллион долларлик мол-мулкидан айрилган. Унга тегишли "Мир электроники" дўкони олиб қўйилган.

Ўзбекистонда продюсер Мирсобир Ҳамидқориевга 2011 йил 3 январда сиртдан жиноий иш қўзғатилган.

Мирсобир Ҳамидқориев 2011 йил 1 апрелда қидирувга берилган, 7 июнда Россия ИИВ федерал қидирув хизмати рўйхатига киритилган.

Бу айбловлар ортидан у ўтган йил ёзида Москвадаги ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинган эди.

Ўзбек продюсери Россия тергов изоляторида
Ўзбек продюсери Россия тергов изоляторида

7 август куни эса Москванинг Головинская туманлараро прокуратураси Ҳамидқориевни Ўзбекистонга топширишга асос йўқлиги боис ҳибсдан озод қилганидан кейин ўзбек кинопродюсери ўз адвокатлари орқали Россиядан сиëсий бошпана сўраган эди.

37 яшар кинопродюсер ва тадбиркор Мирсобир Ҳамидқориев душанба, 9 июнь куни кечки соат 7 ларда Москванинг қоқ марказидаги "Чистые Пруды" мавзесида рафиқаси ва боласи кўз олдида номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилгани хабар берилганди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди 18 ноябрь куни унга 8 йиллик қамоқ жазоси тайинлаган эди.

"Мемориал" маълумотларга кўра , "Ислом жиҳодчилари" диний гуруҳига алоқадорлик айби билан 40 киши ушланган.

"Мемориал" фаоллари ўз қўлларидаги ҳужжатларга асосланиб, ушланганлардан 30 нафари 60 минг долларгача бўлган пора эвазига озодликка чиқарилгани ва қолган 9 киши, жумладан, Ҳамидқориевнинг акаси ҳам узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм қилинганини айтишади.

Ўғирлангунига қадар Россияда истиқомат қилиб келган Мирсобир Ҳамидқориев ўзининг тақиқланган диний-экстремистик оқимларга алоқадорлиги ҳақида ўзбек расмийлари қўйиб келган айбловларни тамоман рад қилган.

XS
SM
MD
LG