Линклар

Шошилинч хабар
03 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:41

Россия Ўзбекистонга нефт етказиб бериш устида бош қотирмоқда


Ўзбекистон ва Россия рус нефтининг ўзбек бозорига етказиб берилиши йўлларини изламоқда. Буни куни-кеча Тошкентда якунланган икки тарафлама иқтисодий ҳамкорлик йиғилишида Россия Энергетика вазири муовини Кирилл Молодцов овоза қилди. Аммо кузатувчилар Россиянинг нефт маҳсулотларини Ўзбекистонга бозор нархларидан арзонроқ сотишига жиддий шубҳа билдирмоқда.

“Ўзбекистонга нефт етказиб бериш йўлларини изламоқдамиз!”

Россия ва Ўзбекистоннинг ваколатли идоралари рус нефтининг ўзбек бозорига етказиб бериш йўллари устида жорий йилнинг март охиригача қатор таклифларни ишлаб чиқади.

Бу ҳақда икки давлат ўртасида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилиши якунида Россия Энергетика вазири муовини Кирилл Молодцов эълон қилди.

- “Ўзбекнефтгаз” билан биргаликда Ўзбекистонга нефт етказиб бериш имкониятлари билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқишимиз лозим. Март ойида ҳал этилиши керак бўлган қатор топшириқлар берилди.Ўзаро товар айирбошлашни оширишга қаратилган ечимлар устида ишлаймиз, деди Россия вазири муовини.

Кирилл Молодцов Ўзбекистонга нефтни темир йўл траспорти орқали етказиб беришнинг иқтисодий жиҳатдан самарасизлигини тушунтиришга уриниб, “ҳозирда максимал тарзда самарали йўллар қидирилмоқда”, деди.

У СССР даврида Ўзбекистонга Россиядан йилига 7-9 миллион тонна нефт етказиб берувчи қувур бўлганлигини эслатиб, бироқ бу қувурнинг техник ҳолати ачинарли аҳволда эканини билдирди.

Россия Энергетика вазирлигида Озодлик сўровига жавоб берган матбуот хизмати раҳбари Ольга Голант Россия ва Ўзбекистон ўртасида юқори даражадаги ҳамкорлик масалалари муҳокамаси бўлаётганини тасдиқлаб берди.

- Билишимча, яқин орада президентингизнинг Россияга сафари бўлиб ўтади. Асосий масалалар ўша ерда муҳокама этилади ва президентлар учрашуви ўтмагунча қўшимча тафсилотлар очиқланмайди, деди Ольга Голант.

Расмий хабарларга кўра, 2016 йилнинг ноябрида Ўзбекистон ҳукумати Россиядан Омск - Павлодар - Шимкент – Зафаробод магистрал нефтузатгичи бўйича экспорт бож тўловларисиз нефт етказиб беришни сўраб мурожаат қилган. Бироқ, 2017 йил январида Россия Ўзбекистон ҳукуматининг бу талабига рад жавобини қайтарган.

Кирилл Молодцов Ўзбекистонга нефт етказишда Қозоғистон ёрдами зарур бўлиши мумкинлиги тўғрисида ҳам мулоҳаза юритди.

Нефт Ўзбекистонга зарур

Охирги йилларда Ўзбекистонда бензин, солярка ва бошқа нефт маҳсулотлари етишмовчилиги сурункали ҳолатга айлангани тўғрисида Озодлик хабар бериб келган.

Бензин тақчиллиги Ўзбекистон учун одатий ҳолга айланди
Бензин тақчиллиги Ўзбекистон учун одатий ҳолга айланди

Нефт-газ Ахборот агентлиги келтирган рақамларга биноан, охирги 15 йилда Ўзбекистонда суюқ углеводородлар қазиб озиш 2,2 баробарга камайиб кетган: 2002 йилда – 7,24 млн. тонна, 2012 йилда бу кўрсаткич йилига 3,17 млн. тоннани ташкил этган. Мутахассислар нефт маҳсулотларини қазиб олишнинг камайишини республикада мавжуд заҳираларнинг якунига етиб бораётгани билан изоҳламоқда.

Нашрга кўра, ҳозирда Бухоро, Фарғона ва Олтиариқ нефтни қайта ишлаш заводлари умумий ишлаб чиқариш қуввати 11,12 миллион тоннани ташкил этсада, улар атиги 60 фоизга ишламоқда.

“Россиядан арзон нефт етказиш жуда қийин масала”

Бироқ нефт ва газ соҳаси мутахассислариРоссиянинг нефть маҳсулотларини Ўзбекистонга бозор нархларидан арзонроқ сотишига жиддий шубҳа билдирмоқда.

Нефт ва газ соҳаси таҳлилчиси, МосквадагиRusEnergy консалтинг ширкати ҳамкори Михаил Крутихин рус нефтининг катта ҳажмда Ўзбекистон бозорига етказиб беришнинг икки асосий тўсиқлари борлигини гапиради.

- Биринчидан, бунга Россия аъзо бўлган БСТ - Бутунжаҳон Савдо Ташкилоти талабларидир. Россия бож тўловларисиз Ўзбекистонга нефт етказиб беришни бошласа, у бу қоидани бошқа давлатларга ҳам қўллаши шартдир. Акс ҳолда катта жарималарни кутинг! Боз устига, Ўзбекистон Россия билан Евросиё Иқтисодий Иттифоққа ҳам бирлашмаган. Иккинчи тўсиқ – нефт қувурининг техник ҳолати. Бу қувур Советлар даврида Туркманистонгача борган ва Марказий Осиёдаги республикаларга нефт етказиб бериб келган. Аммо ҳозир қувурнинг катта қисми ўғирлаб, ташиб кетилган. Мен нефтни арзонроқ нархда Ўзбекистонга етказишнинг яна бошқа йўлларини кўрмаяпман, деди иқтисодий таҳлилчи Михаил Крутихин.

Мутахассис фикрича, Қозоғистоннинг ҳам БСТ аъзоси сифатида Ўзбекистонга нефт маҳсулотларини бозор нархидан арзонроқ сотиш имконидан маҳрум этилган.

Таҳлилчи Михаил Крутихин билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:08 0:00
Бевосита линк

Михаил Крутихин бундан кейин Россия ҳукумати Ўзбекистон давлатини бошқаришни бошлаган Шавкат Мирзиёевга “муносабатларни ойдинлаштириб олишни” таклиф қилиши мумкинлигини ҳам тахмин қилди.

Ўзбекистон ЕОИҲга қўшиладими?

Бошқа кузатувчилар Россиянинг нефт билан боғлиқ ишлаб чиқилаётган шартномаларни Шавкат Мирзиёев ҳукуматини Евросиё Иқтисодий иттифоқига қўшишга қилган биринчи йирик қадами ўлароқ баҳоламоқда.

Ўзбекистонинг олдинги президенти Ислом Каримов Кремль томонидан бошқариб келинаётган ҳар қандай ташкилот ва тузилмага жиддий шубҳа билан қараб келганини эслатиш лозим.

- Мен очиқчасига айтаман – Ўзбекистон на Евросиё Иттифоқи ва на Божхона Иттифоқига қўшилади, дея 2015 йилнинг январида Ўзбекистон Қонунчилик палатаси йиғилишида нутқ сўзлаган эди Ислом Каримов.

Айни пайтда, Россиянинг “Лукойл” компанияси Ўзбекистонда биринчи автомобил заправкасини ишга туширгани хабар қилинган эди.

Озодлик маълумотларига кўра, “Лукойл” Ўзбекистонда 50га яқин ёнилғи қуйиш шаҳобчаларини ишга туширишни режалаштирган.

XS
SM
MD
LG