Линклар

Шошилинч хабар
03 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:44

9 ўзбекистонлик Россия чегарасини ноқонуний кесиб ўтаётганда қўлга тушди


Суратда: Чегарани кесиб ўтаётганда ушланган 9 ўзбекистонликнинг 6 нафари.
Суратда: Чегарани кесиб ўтаётганда ушланган 9 ўзбекистонликнинг 6 нафари.

Ўзбекистонлик 9 меҳнат муҳожири Қозоғистон-Россия чегарасини ноқонуний кесиб ўтаётганида Россия чегарачилари томонидан қўлга олинди ва Россияга киритилмади. Маълум бўлишича, муҳожирлар совуқда қолиб, оёқларини совуқ урган.

2017 йилнинг 12 февралида Россиянинг Қўрғон ва Тюмен вилоятлари бўйича ФСБ бошқармасининг Чегара хизмати ходимлари Целинний туманида Қозоғистондан чегарани ноқонуний кесиб ўтаётган 9 нафар шахсни, жумладан икки аёлни ҳибсга олди.

Қозоғистоннинг Костанай вилояти томонидан ноқонуний кириб келганларнинг ҳужжатлари текширилганида уларнинг ҳаммаси Ўзбекистон гражданлари экани маълум бўлди.

Youtube тармоғида вилоят Чегара бошқармаси ходимларининг ҳодиса жойидан олинган оператив видеотасвири пайдо бўлди. Унда чегарани қалин қорда кесиб ўтиб келаётган муҳожирлар гуруҳи тасвирга олинган.

Чегара хизмати ўзбек муҳожирлари ҳаёт ва соғлик учун ўта хавфли йўлни танлаганликларини хабар қилмоқда. Қалин ёққан қор ва совуқ ҳароратда чегара постларини айланиб ўтган муҳожирлар совуқ қотиб қолгани, улардан тўрт нафари чегара хизматчилари томонидан маҳаллий шифохонага олиб келингани ва уларга оёқнинг совуқ уриши ташҳиси қўйилгани айтилди. Шифокорлар ўзбекистонлик муҳожирларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатди: бахтли тасодиф туфайли бирортасининг ҳам оёқлари ампутация қилинмади.

Чегара хизматида чегарабузар Ўзбекистон ватандошларининг аксари муқаддам Россияда ишлагани, бироқ миграция қонунчилигини бузгани ва маъмурий жавобгарликка тортилгани учун мамлакатдан бадарға қилинганини билдирди. Шу сабабли, Россияга қонуний йўллар билан кириш имконидан маҳрум этилган мигрантлар Россия-Қозоғистон чегарасини чегара постларини айланиб ўтиб кирмоқчи бўлган.

Қўрғон ва Тюмен вилоятлари бўйича ФСБ бошқармасини 9 нафар Ўзбекистон гражданига нисбатан давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтганлик (РФ Жиноят Кодексининг 322 моддаст 3 қисми) айбини қўйди.

Тергов материаллари ФСБнинг Қўрғон вилоят бошқармасига топширилди. Ўзбекистонлик маҳбуслар тергов якунига қадар тергов изоляторида қолади. ФСБ бу муҳожирлар учун Россия чегараси умрбод ёпилиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Озодлик Россияга кириш тақиқланганлиги сабабли унинг чегарасини ноқонуний кесиб ўтаётганида қўлга тушаётган ўзбекистонлик муҳожирлар ҳақида хабар бериб келади.

Шу йилнинг январида Россиянинг Челябинск вилоятида икки ўзбекистонлик аёл Қозоғистон томонидан чегарани дарё билан ноқонуний кесиб ўтганликда айбдор деб топилиб, 6 ойга озодликдан маҳрум этилгани ҳақда хабар қилинган эди.

Ўтган йилнинг октябрида Омск вилоятининг Називаев шаҳар суди Россия чегарасини ноқонуний кесиб ўтган ўзбекистонлик 50 яшар Зайнаб Раҳмоновани 6 ойга озодликдан маҳрум этган эди. Ўзбекистон ватандоши, олдин Россиядан депортация қилинганга қарамасдан, Россия ҳудудига яна кириш учун ”номаълум шахсларга” 1200 доллар тўлаганини айтган.

Жорий йилнинг февралида Қозоғистон ватандоши "ГАЗель" автомобили кузовида, фанерлар остида яширган 6 нафар ўзбекистонликни, Россия ҳудудига олиб ўтиш пайтида Оренбург вилояти чегарачилари томонидан ҳибсга олинганди.

Россиянинг Зауралье минтақасида Ўзбекистон ватандошлигига эга 30 ёшли эркак ва 40 ёшли аёл электропоезднинг юк вагонида Россия ҳудудига ноқонуний киришга уриниб кўргани учун жавобгарликка тортилган.

Кузатувчиларга кўра, аксар ҳолларда чорасизлик ва ишсизлик туфайли муҳожирлар, тақиқ қўйилганига қарамасдан, Россияга иш излаб келишга мажбур бўлишади.

Россия Ички ишлар бошқармаси тарқатган расмий маълумотларга кўра, охирги уч йилда 1 миллион 700 мингдан зиёд меҳнат муҳожирига Россияга кириш тақиқланган.

XS
SM
MD
LG