Линклар

Шошилинч хабар
03 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:40

Петербургда полициячи Ўзбекистон Республикаси паспортини ҳақоратлади


Uzbekistan - Uzbek National Passport, 2009
Uzbekistan - Uzbek National Passport, 2009

Россиянинг "маданий пойтахти", деб сифатланадиган Санкт-Петербургда ўзбекистонлик муҳожирни тўхтатган полиция ходимлари унинг паспортига ҳақоратли сўзларни ёзиб берди. Ҳодиса юзасидан ўзбек муҳожири полиция ва Тергов қўмитасига шикоят билан мурожаат қилди.

Шу йилнинг 14 март куни самарқандлик Камол Ш.Санкт-Петербургнинг Пушкин тумани, Шушари қўрғонидаги Новгородский проспектида бир гуруҳ ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари билан кетаётган пайтда уларнинг олдига кулранг полиция автомашинаси келиб тўхтади.

Воқеа тўғрисида хабар қилган Шушара қўрғони кенгаши депутати Артемий Галицинга кўра, “Лада” машинасидан тушган икки полициячи ўзларини таништириб, улардан ҳужжатларни талаб қилди. Паспорт ва миграция ҳужжатлари жойида эканини текшириб кўрган орган ходимлари муҳожирларни мастликда гумонлаб, бир неча марта ўтириб-туришга, битта чизиқдан юришга мажбурлаган. Бунинг ортидан полициячилар ўзбекистонликлардан пул талаб қила бошлайди.

“Муҳожирлар полициячиларга пул беришдан бош тортади. Тартиб мухофазачилари эса, уларнинг паспортларни мана шундай аҳволда уларга қайтариб берди!”, деб ёзди ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида бу ишни жамоатчилик эътиборига ҳавола қилган Шушара қўрғони кенгаши депутати Артемий Галицин. У уят сўзлар ёзилган паспорт суратини ҳам эълон қилди.

Фейсбукда эълон қилинган чиқарилган иккита фотосуратда 33 яшар Камол Ш. га тегишли паспортнинг “Визалар” варағига шарикли ручка билан рус тилида ҳақоратлар ёзилганини кўриш мумкин.

Депутат Артемий Галицин Ўзбекистон ватандошига кўмаклашишга қарор қилди ва Камолни у билан бирга полицияга бориб, ариза ёзишга базўр кўндирганини билдирди.

"Бугун жабрланувчи билан бирга Пушкин туман полиция бўлимига бордик. Полиция раҳбарияти жуда тўғри муносабатда бўлди. Айбдорларни топишларига ишончим комил. Аммо, бу ерда бошқа масала муҳим – бу каби таҳқирлашнинг 99 фоизида жиноятчиларни аниқлаш мушкул, чунки мамлакатимизда формадаги одам устидан арз қилиш одатга кирмаган. Нафақат мигрантлар жим, маҳаллийлар ҳам индамайди. Ана шу ҳолатни ўзгартириш лозим! Шундагина бу каби жирканч ҳодисалар юзага келмайди. Жамият ёвузликни одам қилса, ёвузлик гуллайди. Ёвузликка чидамаслик керак!" деб ёзди депутат Галицин.

Ўзбек муҳожири ҳақоратли сўзлар ёзилган бу паспорти билан Россия чегарасидан ўта олишига жиддий шубҳа билдирмоқда.

16 март куни Пушкин туман полиция бўлимида Камол Ш. томонидан ёзилган шикоят аризаси юзасидан текширув бошлангани хабари чиқди. Дастлабки тафтиш натижалари асосида Тергов Қўмитаси тергов бошлаши маълум бўлди.

Ўзбекистон паспорти давлат ҳимоясидаги ҳужжатдир.
Ўзбекистон паспорти давлат ҳимоясидаги ҳужжатдир.

Озодлик Россиядаги полиция бедодлигидан меҳнат муҳожирлари жабр кўраётгани тўғрисида кўп марта хабар қилган.

XS
SM
MD
LG