Москвада Ўзбекистон томонининг сўрови асосида қўлга олинган "Новая газета" мухбири Али Феруз қандайдир террористик ёки экстремистик ташкилотга алоқадорликда гумон қилинаётгани йўқ. Бу ҳақда Москва шаҳар Жамоатчилик кузатуви комиссияси аъзоси Дмитрий Пискунов ва журналистнинг адвокати Марина Куракиналар Фергана.ру сайтига хабар қилди.
Москванинг "Пресня" ички ишлар бўлими ходимлари томонидан 16 март куни қўлга олинган Али Феруз судгача қамоқдан озод этилди. Олдинроқ, асли исми Худойберди Нурматов бўлган ўзбекистонлик 30 яшар бу йигит Россияга “ноқонуний кириб келганлик” ва “радикал исломий ташкилотга даъват қилганликда” айбланаётгани айтилган эди.
Адвокат Куракинага кўра, "Ферузни Ўзбекистонга ёки яна қаёққадир бериб юбориш тўғрисида талаб йўқ".
Ҳибсдан чиққанидан кейин ва Дмитрий Пискунов ва Марина Куракиналарнинг баёнотлари пайдо бўлишидан олдин Озодликка берган интервьюсида Али Феруз “Пресня” ҳибсхонасида ФСБ ходимлари билан суҳбатта бўлганини тасдиқлади.
Али Феруз тахаллуси остида “Новая газета” нашрида ишлаётган ўзбекистонлик Худойберди Нурматов ҳибсга олинган куни ярим тунда яқин озод этилди.
Озодликка берган интервьюсида Али Феруз полиция ва ФСБ уни сўроққа тутгани ва миграция қайдида турмагани сабабли маъмурий жазо қўллаб, шаҳарни тарк этмаслик тўғрисида тилхат асосида қўйиб юборганини билдирди.
16 март куни эрталаб Москвада Ўзбекистон ватандоши, “Новая газета” нашри мухбири Али Феруз полициячилар томонидан ҳибс этилган эди.
2012 йилда у Ўзбекистон паспортини йўқотиб, ҳозиргача қочқинлик мақомини ололмасдан юрганини айтган.
“Новая газета” дарҳол ўз сайтида ўзбекистонлик қочқин ҳимоясига мақола чоп этди. Газета бош муҳаррири Дмитрий Муратов Али Феруз масаласида Президент девони ва бошқа мутассадди идораларга мурожаат қилганини билдирди.