Совет аскари формасидаги бу йигит ўзбекнинг қурама уруғидан. Унинг исми Ғулом, фамилияси Норқўзиев. У Ангрен шаҳри биқинидаги қишлоқда туғилиб ўсган.
Оҳангарон тоғларида улғайган Ғулом оилада кичик ўғил бўлиб, ўқишга жуда қизиққан. Мактабни тугатгач, Оҳангаронда бухгалтерлар курсини тамомлаган ва маҳаллий колхозлардан бирида ҳисобчи бўлиб ишлаган.
1939 йилда 19 ёшида Ғулом урушга олиб кетилди. Совет-финн урушига...
Шимолдаги уруш гирдобидан тирик чиққан бу ўзбек йигити Германия фашистлари билан жангга ташланади.
Ғулом Норқўзиевнинг Ангрендаги опа-акалари ундан атиги бир нечта хат олган.
1942 йилнинг августида Германия ва СССР ўртасида давом этаётган оғир жангларда, жумладан Сталинград, Шимолий Кавказ, Ленинград, Воронеж ва Ржев остоналаридаги муҳорабаларда ҳар иккала тарафдан юз минглаб қурбонлар келтирилди.
Охирги хатни унинг қариндошлари 1942 йилнинг ўрталарида олган. Дом-дараксиз кетганида Ғулом Норқўзиев 22 ёшда бўлган. У бу урушда бедарак йўқолган минглаб ўзбек ўғлонларидан биридир.
Ғуломнинг яқинлари унинг қайси фронтда жанг қилгани, қандай урушгани, у неча маротаба яраланганини ҳам билишмайди. У кимни севгани ва нима ниятлар билан яшаганини ҳам ҳеч ким билмайди. Энди билмаса ҳам керак...
Уни қидираётган Дониёр - Ғулом Норқўзиевнинг жиян-набираларидан бири. Дониёр ёши кекса момоси укасининг ҳеч бўлмаса қаерда жон бергани ва кўмилганини билишни жуда истаганини гапириб берди.
“Ҳеч бўлмаса кўмилган жойини зиёрат қилсам эди. Ғулом укамни энди уйлантирмоқчи эдик, ҳатто келин ҳам топиб қўйгандик: урушга кетиб қолди”, деб момонинг йиғлаганини эслади Дониёр.
Умрининг охирги кунигача момо ўз фарзанд-набираларидан укаси ҳақида ҳеч бўлмаса бирор хабар топишни сўраб келган.
Ғулом Норқузиев яқинлари у ҳақда маълумотларни давлат ҳарбий архивлари ва ҳатто “Жди меня” телекўрсатувига юборган.
1941-1945 йиллар давомида бедарак кетган ўзбекистонлик жангчилар рўйхатида у 246414 рақами остида русча имлода “Наркузиев Гулям” сифатида белгиланган.
У ерда унинг туғилган йили 1916 йил этиб кўрсатилган. Яқинлари паспорт бўлмаган ўша пайтларда одамларнинг ёши каттароқ қилиб кўрсатилиши урф бўлганини эслади.
Ғулом Ноқўзиев қидирув варақасида “солдат, пропал без вести 00.09.1942” дейилган.
....
Иккинчи Жаҳон Уруши фронтларига 1,5 миллионга яқин ўзбекистонлик жўнатилган. Бу ўша пайтдаги Ўзбекистон аҳолисининг 22 фоизини ташкил этган.
Фашизмга қарши урушдан 395 725 ўзбекистонлик ўз юртига қайтиб келмаган, жумладан 132 670 нафари бедарак йўқолган.