Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:21

Хабаровсклик депутат Гулнора Каримовани озод қилиш сўрови билан ўзбек элчисига мурожаат қилди


Е.Смолькин ва Г.Каримова
Е.Смолькин ва Г.Каримова

Хабаровск шаҳар кенгашига уч ҳафта бурун сайланган депутат Евгений Смолькин марҳум ўзбек президенти Ислом Каримовнинг тўнғичи Гулнора Каримова тақдирига ойдинлик киритиш ва уни озод этишни сўраб Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасига ëзма мурожаат қилди.

Унинг бундай ҳаракатига¸ айтилишича¸ Гулнора Каримова тақдири билан қизиқаётган Хабаровскдаги бир гуруҳ асли ўзбекистонлик сайловчилар талаби асос бўлган.

"Гулнора Каримовадан қўлингизни тортинг!"

Россия Узоқ Шарқида жойлашган Хабаровск шаҳар кенгаши вакили Евгений Смолькин Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова халқаро медиа майдонидан ғойиб бўлганидан хавотир билдирди.

“Правое дело” партияси номидан шаҳар думаси депутати этиб сайланган Смолькин Facebookдаги саҳифасида Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Баҳодир Ашрафхоновга Гулнора тўғрисида маълумот беришни сўраб ëзма мурожаат қилганини билдирди.

“Оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғида 2013 йилда Гулнора Каримованинг суд санкция бермай туриб ҳибсга олингани, унинг заҳарлангани ва ҳатто ўлими, қабртошсиз дафн этилгани¸ Ўзбекистон ҳокимиятига даъвогар сифатида йўқ қилингани борасида кўплаб видеосюжет, мақола ва хабарлар пайдо бўлган... Гулнора Каримованинг тақдири демократик дунё ҳуқуқ ҳимоячилари ва жамоатчилигини хавотирга солмоқда. Биз Гулнора Каримовани Ўзбекистоннинг европача тараққиёти тарафдори, ажойиб қўшиқчи¸ қолаверса гўзал аёл сифатида биламиз. Биз “Гулнора Каримовага озодлик!”, деймиз. Гулнора Каримовадан қўлингизни тортинг! Сиздан Гулнора Каримованинг қаерда экани ва мақоми ҳақида расмий жавоб кутаман", дейилади Смолькиннинг Ўзбекистон элчисига юборган хатида.

Смолькин бу мурожаатига Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримовнинг Лондондан ВВС телеканалига берган интервьюсида онасига қилинаётган босимлар борасидаги гап-сўзларини илова қилган.

"Бу - Хабаровскдаги ўзбекистонликлар ташаббуси"

Евгений Смолькин Хабаровск шаҳар думаси депутатлигига атиги уч ҳафта олдин сайланган.

Озодлик мазкур масала юзасидан депутат Смолькинга мурожаат қилиб, ўз сўровига унинг ёрдамчиси Татьяна Котловадан расмий жавоб олди.

Хабаровск шаҳар депутати Е.Смолькин Гулнора Каримова ҳимоясига отланди
Хабаровск шаҳар депутати Е.Смолькин Гулнора Каримова ҳимоясига отланди

Татьяна Котлова бу мурожаат “Хабаровскда яшаётган собиқ ўзбекистонликлар ташаббуси билан” амалга оширилганини билдирди:

- Асли ўзбекистонлик бўлган россияликлар¸ шунингдек Хабаровскда туғилиб ўсган жамоатчилик вакилларини Гулнора Каримованинг тақдири хавотирга солмоқда. Гап шундаки, Хабаровскда Ўзбекистондан келиб ўрнашганлар жуда кўп, Хабаровск ва Тошкент ўртасида ҳатто авиақатнов мавжуд. Бизда Евгений Смолькинга жўнатилган кўплаб мурожаат йиғилиб қолди. Ушбу талаблар асосида ишлашга мажбур бўлдик ва Гулнора билан боғлик вазиятга ойдинлик киритишни истаяпмиз, деди Татьяна Котлова.

Татьяна Котлова Гулнора Каримова ҳимоясига бўлган депутат Смолькиннинг мурожаатлари бошқа идора ва ташкилотларга ҳам юборилишини билдирди:

- Замонавий Ўзбекистон – бу авторитар, ёпиқ мамлакат. Авторитаризм билан эса фақат оммавий воситалар ёрдамида курашиш мумкин. Биз яқин келажакда шу билан шуғулланамиз, бу бошланиши¸ холос. Гулнора ҳимоясига мурожаатлар бошқа жойларга ҳам юборилади, деди депутат Евгений Смолькин матбуот котибаси.

Гулнора Каримова ҳақида маълумот кам

Бундан уч йил муқаддам Ўзбекистон Бош прокуратураси президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовани коррупция, уюшган жиноятчилик ва товламачиликка алоқадор, деб расман баёнот бериши ортидан Гулнора Каримова уй қамоғига олинган эди.

Гулнора Каримова кўп миллионли коррупцион жанжалда гумонланувчи саналса-да, шу пайтгача бу борада очиқ маҳкама ўтказилгани маълум эмас.

Гулнора Каримованинг сентябрь ойида президент Ислом Каримов дафн маросимида қатнашмагани ҳам унинг қаердалиги ҳақида жавобсиз саволлар туғдирганди.

Швейцария Бош прокуратураси Гулнора Каримова алоқадор кўрилган пул ювишга оид жиноят даъволарини 2013 йилдан буён тергов қилмоқда.

Wall Street Journal нашри 2016 йилнинг 9 ва 10 декабрь кунлари Каримова хоним Ўзбекистон пойтахтида швейцариялик икки прокурор саволига жавоб берганини хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG