Россия Чегара хизматининг Қрим бошқармаси ходимлари Керч бўғозида ясама қайиқда кетаётган сайёҳни қўлга олди. Текширув пайтида тошкентлик экани аниқланган 53 яшар бу шахс Қримга шу тариқа саёҳат қилишга қарор қилганини гапирган.
Қирғоқдан 1 миля нарида 13 июлда ушланган ва чегарачилар катерига чиқариб олинган 53 яшар бу шахс асли Тошкентлик экани, ҳозирда Россия граждани, Саратов вилояти Калининск шаҳрида яшаётгани аниқлангани айтилди.
- Бу киши 2012 йилда мамлакат бўйлаб саёҳат қилишга қарор қилгани, бунинг учун эса, ҳатто полицияга қайд жойидан ўчиришни сўраб мурожаат қилганини билдирди. 53 яшар Тошкентлик, ҳозирда эса Россия ватандошлигига эга бу шахс Саратов вилоятидан Ставропол ва Кубан минтақалари орқали Қримга саёҳат қилишни режалаштирган экан, дейилади Чегара хизмати тарқатган расмий хабарда.
Исми ошкор этилмаётган ўзбекистонлик “Кавказ” портига келиб, Керч бўғозидан ўтиш учун тахта ва пластик бутилкалардан қайиқ ясайди.
Денгиз ҳарбийлари томонидан тўхтатиб қолинган сайёҳ сўроқ пайтида ўз режасига пухта тайёргарлик кўрганини билдирди - унинг кемасида ҳатто елканлар ясалганини кўриш мумкин:
- Мен Қрим ярим оролига ўтмоқчи эдим. Рюкзакимда иссиқ қийим, бироз егулик бор эди, деди ўз юки ва ясама қайиғига ишора қилган ўзбекистонлик.
(ФСБ Чегара хизмати ходимлари видеоси)
Тошкентликнинг саёҳатга бўлган хоҳиш-истакларини тушунишни истамаган ФСБ бошқармаси “Денгизнинг ҳудудий қисми ва Россия Федерациясининг ички денгиз қисмида чегара режимини бузганлиги” учун уни маъмурий жавобгарликка тортди.
Чегарачилар томонидан огоҳлантирилган саёҳатчи ҳозирда озодликда.