"Новая газета"нинг суд Россиядан чиқариб юборишга ҳукм қилган мухбири Али Феруз ўз жонига қасд қилди.
Бу ҳақда “Новая газета” журналистнинг адвокати Даниил Хаймовичга таяниб хабар қилди.
Адвокатга кўра, Феруз ўз жонига суд биноси ичида қарор нусхаси берилишини кутиб турган пайтда қасд қилган. Журналистни суицидни охирига етказишдан суд ижрочилари тўхтатиб қолган ва Сахароводаги мигрантларни сақлаш жойига олиб борган.
Журналист Али Феруз ўз ҳаракатини “Ўзбекистонга қайтиб боргандан кўра, ўлганим яхши”, деб изоҳлаган.
Ферузнинг ўз жонига қасд қилиши тафсилотлари айтилмади.
Сешанба куни Москванинг Басманний туман судип “Новая газета”нинг Али Феруз тахаллусга эга ва келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган журналисти Худойберди Нурматовни Россиядан депортация қилиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Суд қарорига асосан Феруз 5 минг рубль миқдорида жарима ҳам тўлайди ҳамда депортация қилингунига қадар ҳибсда сақланади.
Суд бундай қарорни хориж ватандошининг Россияда бўлиш тартибини бузганитўғрисидаги полиция протоколи асосида чиқарди. Полицияга кўра, Али Феруз 2011 йилдан бери Москвада ноқонуний равишда яшаб келмоқда.
Ўзбекистон ватандоши экани айтилаётган Худойберди Нурматов март ойида миграция қонунчилигини бузганликда айбланиб Москвада қўлга олинган эди. У тез орада ҳибсдан озод қилинган. Журналист Ўзбекистонга қайтадиган бўлса у ерда уни террорчи ташкилотга аъзоликда айблашлари мумкинлигини иддао қилмоқда.
Россия ҳукумати Али Ферузга вақтинчалик бошпана беришдан бош тортган.