Икки нафар россиялик полиция ходимига қаршилик кўрсатиб, уларни пичоқлаб кетганликда гумонланаётган 25 яшар ўзбек муҳожири қидирувга берилди. Самара полицияси қочоқнинг ота-онаси номидан видеомурожаат ҳозирлади.
"У ўрмонда яшириниб юрган бўлиши мумкин"
Самара вилоятида икки нафар полиция ходимини чавақлаб қочган ўзбек муҳожири қидируви давом этмоқда.
Россия Ички ишлар вазирлигининг Самара вилояти бўйича бошқармасининг Озодликка берган расмий хабарига кўра, терговга вилоят Тергов қўмитасининг Махсус 3-бўлинмаси изқуварлари жалб қилинди.
- Йўқ, у шу кунгача топилгани йўқ. Кўринишидан ёши 25-30-ларда, ўрта бўйли, сочлари қора, қорачадан келган, соқоли бор. Кўк жинси шим ва катак-катак кўйлакда бўлган. Тахминларимиз бўйича, у Самара шаҳрининг Киров ва Красноглинский туманларидаги дала ҳовлиларда ёки ён-атрофдаги ўрмонда яшириниши мумкин, деди ўзини Анна Александровна деб таништирган полиция бошқармаси навбатчи офицери.
Қидирувда бўлган шахс 1992 йилда Жиззах вилоятида туғилган Атҳамхон Аҳмедов экани, у Самара вилоятида тайинли жойда қайдда турмагани маълум бўлди.
Самара полициясидан олинган маълумотга биноан, 1 август куни икки нафар полиция ходими шаҳарнинг Демократическая кўчасида жойлашган савдо дўконларидан бирида марказий осиёлик муҳожирни ҳибсга олмоқчи бўлади: полиция бу йигит у ерда тўполон қилганини иддао қилди.
Полициячиларга кўра, қаршилик кўрсатган шахс пичоқ билан иккала орган ходимини кўкрагига пичоқ солади ва ҳодиса жойидан ғойиб бўлади.
(Дўконда ҳодиса ортидан олинган видеотасвир)
Яраланган, аммо тирик қолган полиция ходимлари касалхонага олиб кетилди. Шифокорлар пичоқ иккала полициячиларнинг ўпкасини тешгани, улардан бири ҳозирда жуда оғир аҳволда эканини маълум қилди.
"Полиция ота-онасини мурожаат қилишга мажбурлади"
Озодликка WhatsApp тармоғи орқали Самарадан қуйидаги мазмунда хат келиб тушди:
“Самарада Ўзбекистон ватандоши икки нафар полиция ходимини яралаб, қочди. 5 кундан буён топиша олмаяпти. Полиция ота-онасини мурожаат қилишга мажбурлади”, дейилади исмини очиқламаган манба хабарида.
Ҳақиқатан, бирмунча вақтдан кейин “ВКонтакте” тармоғида Атҳамхоннинг ота-онаси қилган видеомурожаати пайдо бўлди.
Унда икки ёши ўтган аёл ва эркак рус ва ўзбек тилида ўғлига мурожаат қилаётганини кўриш мумкин:
- Атҳамжон, ўғлим, полицияга бориб учраш. Нима хато қилган бўлсанг – тўғрила. Битта хато орқасидан бошқаларини чиқариб ўтирма, ўғлим. Ҳамма нарса Ички ишлар билан осон битади. Болажоним, сени нима умидлар билан катта қилганман! Кутяпмиз сени – тезроқ келгин, дейди она. Онанинг гапларини Атҳамнинг отаси ҳам такрорлайди.
Полиция аввалига Атҳамхон Аҳмедовни жанжал-тўполон қилгани учун ҳибс этмоқчи бўлгани, бир неча кун ўтиб эса у “Россия Федерацияси ҳудудида тақиқланган террорчилик ташкилотларига алоқадорликда”, “Сурияга кетиш учун одамларни ёллагани”ни эълон қилди.
Самарадаги манба Ички ишларнинг Экстремизмга қарши кураш бўлими ўзбекистонлик мигрантни диний айбловлар асосида ҳибс этгани келганини маълум қилди. Шунингдек, полиция ходимлари уни дўконнинг кичкина хонасига олиб кириб, сўроқ қилган.
Ҳибс этилишига қаршилик кўрсатган Атҳамнинг ҳужумига учраган полициячилар Самаранинг Экстремизмга қарши кураш бўлими ходимлари майор Раймонов ва капитан Абрамовлар экани ҳам маълум бўлди.
Тергов қўмитаси Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 317- моддаси асосида (ички ишлар органи ходими ҳаётига тажовуз қилиш) жиноий иш очилгани ва қидирувдаги Атҳамхон Аҳмедовга бирор диний-экстремистик айбловлар қўйилмаганини Озодликка билдиришди.
Охирги пайтларда Россия ҳудудида “террорчилик” ва “диний экстремизмда” айбланиб ҳибс этилаётган ўзбек-тожик-қирғиз муҳожирлари сони кескин кўпайиб кетгани, айрим ҳолларда бундай айбловлар ФСБ ва бошқа идора ходимлари томонидан сохталаштирилаётгани борасида хабар бериб келинмоқда.