Россиялик мухолифатчи, “Сўл жабҳа”нинг (“Левий фронт”) собиқ лидери Сергей Удальцов Москванинг Болотная майдонида 2012 йилнинг 6 майида содир бўлган воқеалар юзасидан “тавба қилмоқчи” эмас.
Бу ҳақда Удальцов жазони ўташ муассасасидан чиққанидан сўнг пайшанба куни Москвада ўтказган биринчи матбуот анжуманида баёнот берди. “Болотная иши” аталмиш иш юзасидан Удальцов 4 ярим йил жазо ўтаб, озодликка чиқди.
Мухолифатчи ҳукуматнинг уйдирма иши бўйича жазоланганини яна бир бор таъкидлади. “Болотная иши” бўйича 30 дан зиёд киши озодликдан маҳрум қилинган.
Сергей Удальцов матбуот анжумани давомида мухолифат бўйича собиқ сафдошларига, хусусан Алексей Навальнийга берадиган саволлари борлигини ҳам билдирди. Удальцовнинг фикрича, унинг баъзи сафдошлари Болотная майдонида бўлиб ўтган норозилик акцияси чоғида ҳукумат фойдасига провокаторлик қилган бўлиши эҳтимол.
2018 йилда бўлиб ўтадиган Россия президенти сайлови ҳақида гапираркан, Удальцов “Навальний менинг номзодим” эмас, деди. У сўл кучлар номидан ягона номзод кўрсатишга чақирди. Удальцовнинг фикрича, бундай номзод парламентдаги партиялар лидерлари эмас, балки мутлақо янги одам бўлиши лозим.
Қамоқдан чиққан мухолифатчи “Сўл жабҳа”ни қайта тикламоқчи эканлигини билдирди. Удальцовнинг фикрича, Россияда ҳокимиятга қарши турадиган “учинчи кучни” яратиш лозим. Мухолифатчи фикрича, “ғарбпараст” либерал мухолифатдан узоқроқ туриш керак.
Удальцов Донбассдаги россияпараст сепаратчиларни қаҳрамонлар деб атади.