Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний сайлов кампанияси кўнгиллиси экстремизмда айбланиб, 27 ойга қамалди.
Чувашия Республикасидаги Новочебоксарск шаҳри суди Алексей Мироновни Интернетда экстремизмга чорлашда ҳамда нафрат уйғотишда айблади.
26 га чиққан Миронов суд қарори умуман кутилмаган ҳол бўлганини ва ҳозир қандай аҳволда эканлигини таърифлашга тили ожиз эканлигини айтди.
2018 йилда ўтадиган Россия президенти сайлови олдидан коррупцияга қарши курашиб келаётган фаол Навальнийнинг тарафдорлари расмийлар тазйиқига учраб келади.
Мироновга қўйилган айбловларга у 2016 йилда ёзган постлар асос бўлган. Уларнинг бирида Миронов президент Владимир Путин свастика ёнига қўйилган суратни эълон қилган.
Иккинчи постда Миронов, расмийларнинг таъкидлашича, этник гуруҳни ҳақоратлаган.
Унинг адвокати Юрий Иванов суд қарори устидан арз қилишларини билдирди.