Россия расмийлари, хусусан, ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия Разведка бош бошқармаси собиқ полковниги Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлия Скрипаль Англияда Волга дарёси бўйида жойлашган рус ҳарбий лабораторияси тайёрлаган кимёвий қурол билан заҳарлангани ҳақидаги хабарларни рад этди.
The Times газетаси Британия Хавфсизлик хизматлари Скрипалларга Шихани шаҳрида тайёрланган «Новичок» деб аталувчи заҳар билан ҳужум қилинганига ишониши ҳақида хабар тарқатган эди.
Шихани шаҳридаги лаборатория Органик кимё ва технологиялар бўйича Россия давлат илмий тадқиқотлар институтига тегишлидир.
Кимёвий қуроллар бўйича мутахассис Хамиш де Бреттон-Гордон газетага берган интервьюсида ўзи танишиб чиққан разведка маълумотлари заҳар Шиханида тайёрланганини кўрсатишини айтди.
Бреттон-Гордон, шунингдек, «Новичок» Украина ёки Ўзбекистон каби собиқ совет давлатларида тайёрланганини кўрсатувчи далил йўқлигини эътироф этди.
Скрипаль ва унинг 33 ёшдаги қизи 4 март куни Англиянинг Солсбери шаҳрида заҳарланган эди. Бунинг ортидан бир қатор Европа Иттифоқи давлати рус дипломатларини бадарға қилди. Россия ҳам бунга жавобан ўхшаш чора қўллади.