Тошкент халқаро аэропортида 4 январ куни Францияга учиб кетаётган пайтда қўлга олинган Тўрабек Сано номи билан танилган ўзбекистонлик Раҳмат Турон 5 январ куни қўйиб юборилган. Унга 2006 йилда чегарани ноқонуний кесиб ўтгани учун ушлаб қолинганини айтишган. Раҳмат Туроннинг Озодликка айтишича, 5 январ куни Қашқадарёнинг Муборак тумани Ички ишлар бўлимида унга нисбатан очилган жиноят иши ёпилган ва қўйиб юборилган.
Раҳмат Турон 5 январ куни Озодлик билан суҳбатда Тошкент аэропотида қўлга олингач Қашқадарё вилояти Муборак шаҳри Ички ишлар бўлимига олиб келинганини айтди.
- Менга нисбатан 2006 йилда чегарани ноқонуний кесиб ўтиш бўйича иш очилган экан. Ўша йили Қирғизистон орқали Францияга кетган эдим. Ҳозир бу иш ёпилди, мени эса қўйиб .боришди, - деди Раҳмат Турон.
Ижтимоий тармоқларда Тўрабек Сано номи билан таниқли бўлган Раҳмат Турон бундан чамаси 10 кун олдин Ўзбекистонга яқинларини кўришга келган.
Раҳмат Туроннинг аэропортдан яқинларига йўллаган аудиосида уни ДХХ "чегарани ноқонуний кесиш" гумони билан қўлга олгани ва Ички ишлар вазирлиги ходимларига топширганини айтган.
- Тушунмовчилик бўлган, ҳозир ҳаммаси яхши. Ҳозир менга Францияга учиш чиптамни тиклашга ҳам ёрдам беришмоқчи. Ҳаммаси мен кутгандан ҳам аъло, - деди Раҳмат Турон.
Асли қашқадарёлик 31 ёшли Раҳмат Турон 2015 йил Ўзбекистон фуқаролигидан чиқарилган. У Франция фуқаролигини олган.
Ўзбекистоннинг Париждаги консуллиги унга 23 декабрдан бошлаб, 2019 йилнинг 23 январигача амал қиладиган бир ойлик виза берган.