Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:27

Беларусдаги аксилҳукумат намойишларни ёритган икки журналист қамоқ жазосига ҳукм қилинди


Катерина Андреева (Бахвалова) ва Дарья Чульцова
Катерина Андреева (Бахвалова) ва Дарья Чульцова

Беларусдаги воқеаларни Польшадан туриб ёритадиган “Белсат” сунъий йўлдош телеканалининг икки журналисти Катерина Андреева (Бахвалова) ва Дарья Чульцова икки йилга озодликдан маҳрум қилинди. Журналистларнинг 2020 йил ноябрида Минскда бўлиб ўтган аксилҳукумат намойишларни жонли эфирда ёритгани маҳкама томонидан жиноят ўлароқ малакаланган.

18 февраль куни Минск шаҳри Фрунзе тумани суди “Белсат” мухбирларини “жамоат тартибини бузишга қаратилган оммавий тадбирларни уюштириш”да айбдор деб топган.

Айблов сиёсий руҳда бўлганини айтган журналистлар маҳкама ҳукмини тан олмаган. Хусусан, Андреева Беларусдаги барча сиёсий маҳбуслар ҳамда ўзини дарҳол озод этилишини талаб қилган.

Андреева ва Чульцова 2020 йил 15 ноябрь куни Минскда Роман Бондаренко хотирасига бағишланган тадбирни ёритаётганда ҳибсга олинган эди. Бондаренко Александр Лукашенконинг истеъфоси талаби билан ўтказилаётган намойишларнинг бирида ҳукуматга алоқадор деб гумон қилинаётган ниқобли кимсалар томонидан уриб ўлдирилган.

Андреева ҳам, Чульцова ҳам намойишларда фақатгина журналист сифатида қатнашганини айтмоқда.

Беларусь инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари “Белсат” мухбирларини сиёсий маҳбус деб атаб, барча айбловлар бекор қилиниши ва улар озод этилишини талаб қилмоқда.

Беларусни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенко 2020 йил 9 август куни бўлиб ўтган президентлик сайловида ғолиб чиққанини маълум қилган. Бироқ мухолифат ҳам, кенг жамоатчилик ҳам сайлов натижалари сохталаштирилганини таъкидламоқда. Шу сабаб ўн минглаб киши норозилик билдириб кўчага чиққан. Уларнинг талабига кўра, Лукашенко истеъфо бериши ҳамда янги сайловлар ўтказилиши лозим.

Хавфсизлик кучлари намойишларни қаттиққўллик билан бостирган. Минглаб одамлар, жумладан, митингларни ёритган ўнлаб журналистлар қамоққа ташланган. Бир неча намойишчи ўлдирилган. Айрим ҳуқуқ ташкилотлари ҳибсга олинганларга қарши қийноқ қўлланаётгани ҳақида ишончли далиллар мавжудлигини билдирган. Мухолифат етакчилари хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлган.

Сайлов натижаси сохталаштирилганини қатъий рад этган Лукашенко мухолифат билан ўз истеъфоси ва янги сайлов борасида музокара ўтказишдан бўйин товламоқда.

Европа Иттифоқи, АҚШ, Канада ва бошқа мамлакатлар Лукашенкони Беларуснинг қонуний раҳбари деб тан олишдан бош тортган. Президент ва унинг яқинларига нисбатан санкциялар ҳам жорий қилинган.

XS
SM
MD
LG